Майдони: 5 131 кв. км.

Аҳолиси: 1 346 000 дан ортиқ.

Пойтахти: Порт оф Спейн шаҳри.

Бошқарув шакли: республика.

Давлат бошлиғи: президент.

Маъмурий тузилиши: 9 та графлик, 5 вилоят ва битта ўзини ўзи бошқарувчи ҳудудга бўлинади.

Йирик шаҳарлари: Сува, Нанди, Лаутока.

Пул бирлиги: Чагуанас, Сан Фернандо, Сан Хуан, Порт оф Спейн.

 

Жуғрофий ўрни, табиати. Ушбу орол-мамлакат Кариб денгизи жанубий қисмида, Венесуэла қирғоқларидан унча узоқ бўлмаган ҳудудда жойлашган. Иккита катта орол – Тринидад ва Тобаго, шунингдек, бошқа майда ороллардан иборат. Гарчи бу ўлка Кичик Антил ороллари туркумига кирса-да, иқлими Жанубий Америкага хос.

Тринидад асосан пасттекисликлардан иборат. Учта кичик тоғ тизмаси бор. Иккитасининг баландлиги 325 метрдан ошмайди. Шимол бўйлаб ястанган учинчи тоғ тизмасининг энг баланд нуқтаси 940 метрли Арипо чўққисидир. Мамлакатда икки йирик дарё бор. Ортойре дарёсининг узунлиги 50 км, у Атлантика уммонига қуйилади. Корони дарёсининг узунлиги эса 40 км, у Париа бўғозига қуйилади.

Тобаго оролининг 43 фоизи ўрмон билан қопланган. Бир қанча майда дарёчалар ва ирмоқлар бор.

Иқлими – тропик. Тринидадда ўртача йиллик ҳарорат 26 даража иссиқ. Июндан декабргача давом этадиган ёғингарчилик мавсумида ҳаводаги намлик ўртача 85 – 87 фоизни ташкил этади. Йиллик ёғин миқдори – 200 сантиметр.

Тарихий саналари. Оролни 1498 йил 31 июлда Христофор Колумб очган. Тринидад ва Тобаго оролларида қадимдан ҳиндулар яшаб келган. XVI асрда испанлар бу ерни мустамлакага айлантирди, маҳаллий аҳолининг деярли ҳаммасини қириб ташлашди. 1797 йили инглизлар Тринидадни босиб олди ва у 1802 йилдан, 1814 йили Тобаго ҳам Буюк Британия мустамлакасига айланди. Шакарқамиш далаларида ишлатиш учун Африкадан қоратанли қуллар келтирилди. 1834 йили қулчилик бекор қилингач, қоратанлилар плантацияларни ташлаб кетишди. Уларнинг ўрнини тўлдириш учун Ҳиндистон, Хитой, Португалия ва бошқа мамлакатлардан шартнома асосида ишчилар келтирила бошланди. 1866 йили Тринидадда нефть конлари очилиб, саноат ривожлана бошлади, ишчилар ташкилотлари тузилди. 1899 йили Тобаго маъмурий жиҳатдан Тринидадга бирлаштирилди. Иккинчи жаҳон уруши даври ва ундан кейин оролларда миллий озодлик ҳаракати кучайди. 1950 йили Тринидад ва Тобагога ички ишларда ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқи берилди. 1958 – 1962 йилларда мамлакат Буюк Британия тузган “Вест Индия Федерацияси” таркибида бўлди. 1962 йил 31 августдан Ҳамдўстлик таркибидаги мустақил давлатга айланди. Тринидад ва Тобаго 1976 йил 1 августда республика деб эълон қилинди.

Мамлакат 1962 йилдан БМТ аъзоси. Миллий байрами – 31 август, Мустақиллик куни.

Иқтисоди. Мамлакат иқтисодиётининг асосини нефть ва табиий газ қазиб олиш, қайта ишлаш ташкил этади. Сиқилган табиий газ ишлаб чиқариш бўйича дунёда олтинчи ўринда туради. Экспортда асфальт ва кимёвий ўғитларнинг ҳам улуши катта. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан шакар, кокос ёнғоғи ва цитрус мевалар сотади. Асосан хомашёни қайта ишловчи машиналар ва озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олади. Оғир саноат ривожланган.

Сайёҳлик соҳаси ҳам катта даромад келтиради. Ҳар йили мамлакатга 400 000 дан ортиқ сайёҳ келади. Бу кўрсаткич борган сари ортяпти.

Асосан АҚШ, Ямайка, Барбадос, Венесуэла ва Бразилия билан савдо-сотиқ қилади.

Аҳолиси. Этник таркиб хилма-хил. Аҳолининг тахминан 40 фоизга яқини африкаликлар ва ҳиндлар, 20 фоизи креоллардан иборат. Шунингдек, келиб чиқиши европалик, хитой ёки араб бўлган тринидадликлар ҳам анчагина. Маҳаллий аҳоли саналадиган португаллар, кариблар ва кокоа панйоллар озчиликни ташкил этади.

Ягона расмий тил – инглиз тили. Ҳиндлар орасида ҳинд-орий тилининг бҳожпури лаҳжаси кенг тарқалган. Сўзлашув тилида инглиз тилига асосланган креол тили қўлланилади.

Дини. Аҳолининг 41 фоиздан ортиғи насронийлар. Ҳиндуийлар 22 фоизни ташкил этади. Мусулмонлар сони бўйича учинчи ўринда – 6 фоиз (65 000 дан ортиқ) аҳоли мусулмонлардан иборат.

Мамлакатга Ислом дини дастлаб Жанубий Африкадан олиб келинган қуллар туфайли ёйила бошлаган. Қуллик бекор қилингач, Жанубий Осиёнинг турли мамлакатларидан шартнома асосида ишлашга келган меҳнаткашлар ҳисобига мусулмонлар жамоаси шаклланган.

Ҳозир мусулмонлар орасида Жанубий Осиёдан келганлар кўпчиликни ташкил этади. Лекин уларнинг кўпчилиги маҳаллий аҳоли билан аралашиб-чатишиб кетган.

Мамлакатда бир қанча масжидлар, олий ва ўрта-махсус ислом ўқув юртлари фаолият юритади. Ҳукумат Рамазон ҳайитини расмий байрам сифатида эътироф этган.

 

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.