Қувайт давлати Араб ярим оролининг шимоли-шарқида жойлашган. Умумий майдони 17,8 минг квадрат километрни ташкил қилади. Аҳолиси 3 миллион 566 минг нафар. Ундан 40 фоизи қувайтликлар, қолган 60 фоизи Эрон, Покистон, Ҳиндис­тон ва араб давлатларидан келганлардир. Аҳолининг 97 фоизи шаҳарда яшайди. Давлат тили араб тили ва аҳолининг 99 фоизи Ислом динига эътиқод қилади. Пойтахти Қувайт. Пул бирлиги Қувайт динори. Давлат раҳбари амир. Ҳозирги кунда Сабаҳ ал-Аҳмад ас-Сабаҳ амирдир. Амир ёки бир палаталик миллий йиғин қонун чиқарувчилар ҳисобланади.

 

 

Қувайт олти вилоятдан иборат: Аҳмадий, Фавония, Асима, Жахра, Хавалли ва Муборак Кабир. Салмия ва Фахалил туманлари аҳоли яшаш пунктларидир. Ишлаб чиқариш Асимада, Амир қароргоҳи эса Баянда жойлашган. Ҳудуднинг асосий қисми чўлдан иборат.

Ҳар йили 26 феврал Қувайт­нинг миллий байрами - мустақиллик куни сифатида кенг нишонланиб келади.

 

 

Иқтисодининг асоси нефт ишлаб чиқаришдир. Бундан таш­қари аҳоли ўймакорлик, автомобил йиғиш, чорвачилик ва деҳ­қончилик билан ҳам шуғулланади. Шувайх, Шуайб, Мина Аҳмадий портлари бор. Мамлакат ичида фақат енгил автомобил улов сифатида ишлатилади. Ташқи савдо асосан Ҳиндистон, АҚШ, Саудия Арабистони ва Хитой давлатлари билан олиб борилади.

 

Азиз ҲАКИМОВ тайёрлади.