Майдони: 71 740 кв. км.

Аҳолиси: 5 363 000 дан ортиқ.

Пойтахти: Фритаун шаҳри.

Бошқарув шакли: республика.

Давлат бошлиғи: президент.

Маъмурий тузилиши: 3 та ўлка (province)га ва Ғарбий вилоятга бўлинади.

Йирик шаҳарлари: Фритаун, Кенема, Макени, Конду, Бо.

Пул бирлиги: леоне.

 

Жуғрофий ўрни, табиати. Ғарбий Африкада, Атлантика уммони соҳилларида жойлашган. Гвинея ва Либерия билан чегарадош. Атлантика уммонига яқин ҳудудлари асосан текисликлардан иборат, қишлоқ хўжалиги учун қулай шарт-шароитга эга. Шимоли-шарқий ҳудудларда эса Леоно-Либерия тизмалари ва бошқа тоғлар, қир-адирлар кўп. Қирларнинг ўртача баландлиги 600 метр. Мамлакатнинг энг баланд нуқтаси Бинтимани чўққисида (1945 м). Шимолий ҳудудлар ҳам тоғли. У ерда Фута Жаллон тизмаси тармоқлари ястанган.

Иқлими – субэкваториал, иссиқ ва намчил. Ўлка Ғарбий Африканинг энг серёғин ҳудудларидан бири ҳисобланади. Соҳил бўйи ҳудудларида йиллик ёғин миқдори 4000–4500 мм ни, мамлакат ичкарисида эса 2000–2500 мм ни ташкил этади. Қиши қуруқ, ёзи ёғингарчиликлар билан ўтади. Атлантика уммонига яқин жойларда ойлик ўртача ҳарорат 24–27 даража иссиқ бўлади. Ички ҳудудлар нисбатан салқинроқ (+20–+23 даража).

Дарёлари кўп. Асосийлари – Коленте, Каба, Рокел, Жонг, Маболе, Сева, Моа ва Макона.

Саванналарда чангалзор-буталар ва бао­баб дарахтлари ўсади. Намчил экваториал ўрмонлар шарқдаги тоғликлар ва жанубдаги ўнгирлардагина сақланган. Улар мамлакат ҳудудининг беш фоизини эгаллаган, холос.

Тарихий саналари. Сиерра Леоне ҳудудида қадимдан одамлар яшаб келган. Бу ерга европаликлардан биринчи бўлиб 1462 йили португалияликлар етиб келиб, унга “Сиерра Леоне” (Шерлар тоғи) номини беради. XVI асрда инглиз қул савдогарлари келиб, 1662 йили дастлабки қалъани қурди. XVIII асрда қул савдоси расман тақиқлангач, озод бўлган бир неча юз киши “эркинлар шаҳри” – Фритаун қўрғонига асос солади. 1808 йили Фритаун ва унинг атрофидаги ерлар, кейинчалик бутун мамлакат Англия мустамлакасига айланган. 1898 йили маҳаллий халқ мустамлакачиларга қарши катта қўзғолон кўтаради. Англия ҳукумати юборган армия қўзғолончилар­дан ­2 минг­ кишини қириб, 100 га яқин қишлоқни яксон этади, 98 қабила бошлиғини отиб ташлайди. Биринчи жаҳон урушидан сўнг маҳаллий ишчилар касаба уюшмаларини туза бошлади. Иккинчи жаҳон урушидан кейин миллий озодлик кураши кучайди. Сиёсий партиялар тузилди. 1955 йилги ғалаёнлар натижасида Англия ҳукумати бироз ён босишга мажбур бўлди. 1961 йил 27 апрелда Сиерра Леоне Британия Ҳамдўстлиги доирасида мустақилликка эришди.

Мамлакат 1961 йилдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси. Миллий байрами: 27 апрель – Мустақиллик куни. Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 21 декабрда тан олган.

Иқтисоди. Мамлакат қишлоқ хўжалиги, минераллар ва балиқчилик манбаларига эга. Шундай бўлса-да, дунёнинг энг қашшоқ ўлкаларидан бири бўлиб қоляпти.

Ишчиларнинг деярли ярми қишлоқ хўжа­лигида банд. Шоли, қаҳва, какао, пальма, ерёнғоқ етиштирилади. Чорвачилик ва балиқчилик билан шуғулланишади. Саноатда олмос қазиб олиш ва пойабзал ишлаб чиқариш асосий ўринни эгаллайди. Олмос, какао, қаҳва ва балиқ харидорлари – Бельгия, АҚШ, Ҳиндистон, Франция ва Нидерландия.

Озиқ-овқат ва саноат маҳсулотлари, ёнилғи сотиб олади. Сиерра Леонега асосан Хитой, АҚШ, Бельгия, Буюк Британия, Кот д’Ивуар, Ҳиндистон ва Тайланд товар етказиб беради.

Мамлакат Африка, Кариб ҳавзаси ва Тинч океани ҳудуди мамлакатлари халқаро иқтисодий ташкилотига аъзо.

Аҳолиси. Йигирмага яқин абориген қабиласи аҳолининг деярли тўқсон фоизини ташкил этади. Бундан ташқари креоллар (ўн фоизга яқин), оқтанлилар, араблар ва ҳиндлар ҳам бор.

Расмий тили – инглиз тили. Бироқ уни кўпчилик билмайди. Жанубда менде, шимолда темне тили ёйилган. Инглиз тилига асосланган креол тили – криони тўқсон беш фоизга яқин аҳоли тушунади. Шу сабабли у миллатлараро сўзлашув тилига айланган.

Дини. Аҳолининг 71 фоиздан кўпроғи ­­(4 мил­лион­дан ортиқ киши) мусулмонлардир. Шунингдек, маҳаллий динларга эътиқод қилув­чилар (йигирма фоизга яқин), насронийлар (ўн фоизга яқин) бор.

Ўн саккизинчи асрда ҳозирги Гвинея ҳу­дудида яшовчи фулани ва менде қабилалари таъсирида Сиерра Леоне шимолида яшовчи темне қабилалари Ислом динини қабул қилган.

Британия ўлкани мустамлакага айлантиргач, насроний динини ёйишга эътибор қаратди.

1961 йили Сиерра Леоне мустақилликни қўлга киритгач, Ислом дини яна кенг тарқала бошлади. 1960 йили мусулмонлар аҳолининг 35 фоизини ташкил этган бўлса, бу кўрсатгич 2000 йили 60 фоизга, 2008 йили эса 70 фоиздан ошди.

 

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.