Майдони: 176 215 кв.км.

Аҳолиси: 3 324 000дан ортиқ.

Пойтахти: Монтевидео шаҳри.

Бошқарув шакли: республика.

Давлат бошлиғи: президент.

Маъмурий тузилиши: 19 та департаментга бўлинади.

Йирик шаҳарлари: Монтевидео, Малдонадо, Канелонес, Салто, Колониядел Сакраменто.

Пул бирлиги: уругвай песоси.

 

Жуғрофий ўрни, табиати. Жанубий Американинг жануби-шарқий қисмида жойлашган. Шимолда Бразилия, ғарбда Аргентина билан чегарадош. Шарқий ва жанубий ҳудудлари Атлантика уммони сувлари билан туташган.

Адирликлар жанубга томон пасттекисликларга айланиб боради. Мамлакат соҳиллари пасттекисликлар, текисликлар ва қўлтиқ шаклидаги ерлардан иборат. Ўлканинг энг баланд нуқтаси Катедрал тоғида – 514 метр.

Иқлими – субтропик, уммонга хос. Январда ўртача ҳарорати 22 – 24 даража, июлда эса 8 – 9 даража атрофида бўлади. “Памперо” деб аталувчи жануб шамоллари эсган даврда ҳарорат кечаси 5 даражагача совиши, қиров тушиши мумкин.

Ёғингарчилик кузда кўп бўлади. Бу пайтда жанубга 1000 мм. гача, шимолга ва баланд жойларга 1200 мм. гача ёғин ёғади.

Тарихий саналари. Ҳозирги Уругвай ҳудудини испанлар босиб олгунига қадар бу ерда ҳиндуларнинг чарруа қабиласи яшаган. XVI асрдан испанлар истилоси бошланган.

Мамлакат 1825 йил 25 августда мустақилликни қўлга киритди.

Уругвай Биринчи жаҳон урушида бетарафлик эълон қилди. 1933 йили ўнг кучлар мамлакатда тўнтариш уюштириб, диктатура ўрнатди. Иккинчи жаҳон уруши йиллари Уругвай “ўқ” пакти давлатлари – Германия, Япония ва Италия билан алоқасини узди. 1951 йили конституцияни ислоҳ қилиш бўйича ўтказилган референдум натижасида давлат идора усули ўзгарди: Миллий ҳукумат кенгаши давлат бошлиғи вазифасини бажара бошлади. 1966 йили конституция ислоҳоти якунида яна президент лавозими тикланди.

Уругвай 1945 йилдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси. Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 26 декабрда тан олган. Миллий байрами – 25 август – Мустақиллик эълон қилинган кун.

Иқтисоди. Уругвай Лотин Америкасининг иқтисодий ривожланган мамлакатларидан бири. Иқтисодиёти асосан қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик маҳсулотларини сотишга йўналтирилган. Аҳолининг 9 фоизи қишлоқ хўжалигида, 15 фоизи саноатда, 76 фоизи хизматлар соҳасида банд. Корхоналарнинг 75 фоизга яқини пойтахт Монтевидеода фаолият юритади.

Сотув ҳажми 2008 йилда 7,1 миллиард долларни ташкил этган. Асосан гўшт, гуруч, тери, жун, балиқ, ҳолва ва мевалар сотади. Асосий харидорлари – Бразилия (18,7 фоиз), Хитой (8,5), Аргентина (7,3), Германия (6,5), Мексика (4,9), Нидерландия (4,5) ва Россия (4,4).

Харид ҳажми 2008 йили 8,8 миллиард долларни ташкил этган. Асосан нефт ва нефт маҳсулотлари, ишлаб чиқариш ускуналари, кимё маҳсулотлари, автомобил, қоғоз ва пластмасса сотиб олади. Асосий товар етказиб берувчилари – Аргентина (19,6 фоиз), Бразилия (17,9), Хитой (11), АҚШ (9,7), Парагвай (6,5) ва Нигерия (4,5).

Қишлоқ хўжалик ерлари мамлакат ҳудудининг ўндан тўққиз қисмини эгаллаган. Ундан 14 миллион гектари яйловлардир. Экспортга мўлжалланган чорвачилик тизими тараққий этган. Зотдор шохли қорамол ва қўй боқилади. Асосан буғдой, шоли, шакарқамиш, маккажўхори, зиғир ва кунгабоқар етиштирилади.

Аҳолисининг 92 фоизи шаҳарларда яшайди.

Расмий тили – испан тили. Бразилия билан чегарадош ҳудудларда испан ва португал тиллари аралашувидан ҳосил бўлган маҳаллий тилда сўзлашилади.

Дини. Аҳолининг 47,1 фоизи католиклардан иборат. Бошқа йўналишдаги насронийлар 11,1 фоизни ташкил этади. Бошқа дин вакиллари 23 фоиз.

Мамлакатда мусулмонлар кам. 300 – 400 киши атрофида. Пойтахтда тўртта исломий марказ ишлаб турибди. Ҳозирча масжидлар йўқ.

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.