Майдони: 214 970 кв. км.

Аҳолиси: 735 500 кишидан ортиқ.

Пойтахти: Жоржтаун шаҳри.

Бошқарув шакли: республика.

Давлат бошлиғи: президент.

Маъмурий тузилиши: 10 та вилоятга бўлинади.

Йирик шаҳарлари: Жоржтаун, Линден, Нью Амстердам, Анна Регина, Бартика, Скелдон.Пул бирлиги: гайана доллари.

Жуғрофий ўрни, табиати. Жанубий Американинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган. Шимолий қирғоқларини Атлантика уммони сувлари ювиб туради. Ғарбда Венесуэла, жанубда Бразилия, шарқда Суринам билан чегарадош.

Мамлакат Гвиана ясситоғликларининг шимолий қисмидан ўрин олган. Энг баланд нуқтаси Рорайма тоғида – 2772 метр. Атлантика уммони билан чегарадош қирғоқларини эни 100 километргача етадиган ботқоқликлар эгаллаган.

Иқлими – субэкваториал, иссиқ ва намчил. Соҳилбўйидаги ўртача ҳарорат 26 – 28 даража иссиқ. Апрелдан августгача, ноябрдан январгача ёмғир мавсуми ҳисобланади.

Гайанада дарёлар, кўллар, шаршаралар кўп. Энг катта шаршараси – Потаро дарёсида (Кайетур). Унинг баландлиги 226 метр бўлиб, Шимолий Америкадаги Ниагара шаршарасидан беш баробар, Африкадаги Виктория шаршарасидан икки баробар баланд.

Мамлакат ҳудудининг деярли 90 фоизини намчил чакалакзор ўрмонлар эгаллаган. Ҳайвонот олами бой ва хилма-хил.

Тарихий саналари. Европаликлар келгунча ҳозирги Гайана ҳудудларида асосан аравак ва кариб ҳинду қабилалари яшаган. Ўлкани XV аср охирларида испанлар “кашф этди”. Бироқ бу ботқоқ ва инжиқ иқлимли ҳудуд уларни ўзига жалб қилмади. Бироз вақт ўтиб, мамлакат бошқа европаликларнинг эътиборини тортди.

XVI аср охирларида Гайана қирғоқларига инглизлар келди. Кейинроқ голланд савдогарлари Эссекибо, Демерара ва Бербис дарёлари бўйига жойлашиб, бу ерларни ўзлаштира бошлади. Улар африкалик негр қуллар ёрдамида плантация хўжаликлари барпо этишди. XVIII аср охири – XIX аср бошларида Гайанага эгалик қилиш учун Буюк Британия, Голландия ва Франция ўртасида кураш бўлиб турди. 1814 йилги Англия-Голландия сулҳига биноан Гайана Буюк Британия ихтиёрига ўтди ва 1831 йилдан Британия Гвианаси деб аталадиган бўлди. 1834 йили қулдорлик бекор қилинди. 1838 йилдан турли мамлакатлар, айниқса, Ҳиндистон ва Хитойдан арзон ишчилар келтирилди.

Гайанада миллий-озодлик кураши иккинчи жаҳон урушидан кейин кескин тус олди. 1953 йили Британия Гвианаси меҳнаткашлари ички ўзини ўзи бошқаришни кенгайтиришга эришди. 1966 йил 26 майда Британия Гвианаси мустақил давлат деб эълон қилинди ва у “Гайана” деб номланди. 1970 йилдан Гайана – республика бўлди. Ўша йилдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси. 1992 йил 8 январда Ўзбекистон мустақиллигини тан олган. Миллий байрами: Республика куни – 23 февраль (1970).

Иқтисоди. Гайана иқтисодий кўрсаткичлар бўйича Кариб ҳудуди мамлакатлари орасида сўнгги ўринларда туради. Иқтисодиёти қишлоқ хўжалиги ва тоғ-кон саноатига асосланган. Қишлоқ хўжалигида шакарқамиш ва гуруч етиштириш; қисқичбақа ва балиқ овлаш; чорвачилик ва паррандачилик каби соҳалар етакчилик қилади. Саноатининг асосини алюминий рудаси қазиб олиш, шакар ишлаб чиқариш, балиқ маҳсулотлари тайёрлаш, ўрмончилик, тўқимачилик каби тармоқлар ташкил этади.

Шакар, олтин, алюминий рудаси, алюминий, балиқ ва денгиз маҳсулотлари, ёғоч сотади. Асосий харидорлари – Канада, АҚШ, Буюк Британия, Нидерландия, Португалия, Тринидад ва Тобаго, Ямайка ва Украина.

Саноат, нефть ва озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олади. Асосий таъминловчилари – АҚШ, Тринидад ва Тобаго, Финляндия, Куба ва Хитой.

Гайана Африка, Кариб ҳавзаси ва Тинч уммони ҳудуди мамлакатлари иқтисодий ташкилоти аъзоси.

Аҳолиси. Аҳолининг этник таркибида ҳиндлар етакчилик қилади – 43,5 фоиз. Шунингдек, занжилар (30,2), метислар ва мулатлар (16,7), ҳиндулар (9,1) ва бошқа миллат вакиллари ҳам бор.

Расмий тили – инглиз тили. Гайана қитъадаги ягона инглиз тилли мамлакат ҳисобланади. Сўзлашувда инглиз тилига асосланган креол тили, ҳинд тилининг кариб ҳинд лаҳжаси ва ҳинду тиллари амалда.

Гайана халқининг 90 фоизга яқини қирғоқбўйи ҳудудларида яшайди. Шаҳарда яшовчилар – 28 фоиз. Эмиграция, яъни мамлакатдан кўчиб кетиш кучли даражада. Шу боис аҳолининг йиллик камайиши 0,5 фоизгача етади.

Дини. Аҳолининг 57 фоизи насронийлардан иборат. Ҳиндуийлар 28,4, бошқа дин вакиллари 4,3 фоизни ташкил этади.

Аҳолининг 54 мингдан ортиғи, яъни, 7,2 фоизи мусулмонлардир. Уларнинг кўпчилиги асли ҳиндистонлик ишчиларнинг авлодларидир.

XX аср бошларидан мамлакатда Ислом дини ёйилди. 1970 йиллардан эътиборан икки ҳайит ва мавлид санаси байрам сифатида расман эътироф этилди.

Ўлкада қатор исломий ташкилотлар ва ўқув юртлари фаолият юритади. Энг йирик исломий ташкилот Гайана Ислом эътиқод марказидир.

Мамлакат 1998 йилдан Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти аъзосидир.

 

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.