Майдони: 163 610 кв.км.

Аҳолиси: 10 835 000 кишидан ортиқ

Пойтахти: Тунис шаҳри

Бошқарув шакли: президент республикаси

Давлат тили: араб тили

Пул бирлиги: Тунис динори

Жуғрофий ўрни. Тунис Республикаси Шимолий Африкада жойлашган давлатдир. Шимоли ва шарқини Ўрта Ер денгизи ўраб олган. Ғарбида Жазоир, жануби-шарқида эса Ливия билан чегарадош. Мамлакатнинг учдан бир қисми Атлас тоғлари, қолган жойлари дашт ва чўлдан иборат. Туниснинг энг баланд нуқтаси Шотт Ал-Ғарса, энг паст нуқтаси эса майдони бўйича Мағрибда энг кичик шаҳар Шамбидир. Иқлими субтропик бўлиб, ёғингарчилик жуда кам бўлади.

Тарихи. Ушбу мамлакат ўтмиши катта тарихий даврни ўз ичига олади. Эрамиздан аввал финикийлар, 814 йилдан эса карфагенлар яшашган. Рум ҳукмронлиги даврида бу ҳудуд аҳолисининг кўпини барбар кўчманчилари ташкил қилган. VII асрда мамлакатни араблар босиб олиб, Шимолий Африкадаги биринчи шаҳар ҳисобланмиш Қайравонга асос солишган. Кейинчалик маълум давр Муровийлар ҳукмронлигида ўтди. 1705 йилда ҳусайнийлар сулоласининг беклари Тунис давлатига асос солган. 1881 йилдан бошлаб Франция Тунисни ўз мустамлакасига айлантириб олган. Ўша пайтда давлат раҳбари, яъни беклар диний йўлбошчи сифатида тан олинган. 1956 йилда монархия буткул ағдариб ташланди ва мамлакат мустақилликка эришди.

Иқтисоди. Мамлакат ялпи ички маҳсулотининг етмиш фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасига тегишли. Зайтун ёғини етиштириш ва экспорт қилиш бўйича жаҳонда тўртинчи ўринда туради. Енгил саноатдан асосан тўқимачилик яхши йўлга қўйилган. Бундан ташқари қора олтин ва табиий газни қайта ишлаш ҳам йўлга қўйилган. Туниснинг саккизта халқаро аэропортида самолётлар қатновининг кети узилмайди. Бу диёрда қадимий ёдгорликлар ва тарихий қадамжолар ҳар йили минглаб сайёҳларни ўзига жалб қилади.

Аҳолиси. Мамлакатда ўн миллион нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Аҳолиси деҳқончилик, тўқимачилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Уларнинг тўқсон етти фоизи араблар, бир фоизни ташкил қилувчи барбарлар асосан Матмата, Татауин ва Ғарфа ҳудудларида яшайди. Шунингдек, черкеслар ва қибтийлар ҳам бор.

Дини. Мамлакатнинг тўқсон саккиз фоизи мусулмон, қолганлари католик ва бошқа динларга эътиқод қилувчилардан иборат. Тунисда халқаро Ислом марказлари, Ислом ўқув даргоҳлари, бир қанча қадимий масжидлар мавжуд. Қайравон шаҳридаги “Уқба” масжиди Африкадаги энг йирик ва қадимийларидан ҳисобланади. 670 йилда Уқба ибн Нофеъ томонидан бунёд этилган бу жоме майдони тўққиз минг квадрат метрдан иборат. Масжиднинг ҳашаматли хонақоҳи ва тўртбурчак минораси ўзига хос услубда қурилган.

 

Азизхон ҲАКИМОВ

тайёрлади