Форс қўлтиғидаги Қатар ярим оролида жойлашган бу давлат Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари билан чегарадош. 1971 йил 3 сентябр куни Қатар мустақилликни қўлга киритди.

Илгари яланглик ва қумдан иборат бўлган ўлка қисқа вақт ичида таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Саҳролар чекиниб, кўрфаз соҳилларида гўзал шаҳарлар пайдо бўлди. Хурмо ва палмалар соя­сидаги кўркам бинолар, тасмадек асфалт йўллар, замонавий корхоналар Қатарни минтақадаги гуллаб-яшнаган ўлкалар қаторига қўшди.

Мамлакат иқтисодини асосан нефт ва газ қазиб олиш ташкил қилади. Табиий газ захираси бўйича дунёда учинчи ўринда туради. Нефт ва газ бойликларидан аҳоли жон бошига олаётган даромади бўйича дунёда биринчи ўринга чиқди.

Маъданли ўғит ва семун ишлаб чиқариш корхоналари ҳам бор. Маҳаллий аҳоли миллий ҳунармандлик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Оғир машинасозлик ва кимё саноати маҳсулотлари, транспорт ускуналари, қишлоқ хўжалик, чорвачилик, озиқ-овқат ва истеъмол молларини хориждан харид қилади. Япония, АҚШ, Саудия Арабистони, Буюк Британия, Олмония, Франция ва Испания билан савдо-сотиқ алоқаларини йўлга қўйган.

 

 

Аҳоли сони бир миллион тўққиз юз эллик минг нафар. Давлат тили – араб тили. Пул бирлиги – Қатар риёли.

Мамлакат ҳудуди асосан саҳродан иборат, шимолида воҳа, текислик, шўрхок тупроқ, жанубида эса дўнгликлар бор. Иқлими қуруқ, ёз фаслида ҳарорат эллик даражагача кўтарилади.

Мамлакат пойтахти Дохада бир неча институт, университет ва Ислом тадқиқот маркази фаолият кўрсатмоқда. Маш­ҳур "Ал-Жазира" телеканали ҳам кўрсатувларини бутун дунёга шу ердан тарқатади. Пойтахтнинг жанубий қисмидаги сув ўртасида барпо этилган сунъий оролчада очилган Ислом маданияти музейи юрт фахридир.

Спорт соҳасига катта аҳамият берилган. 2022 йилда футбол бўйича жаҳон чемпионати ҳам шу ерда ўтказилади. Мамлакат бунинг учун барча қулайликларга эга, замонавий спорт майдонларини барпо этиш устида иш олиб боряпти.

 

 

Ўзбекистон билан ҳам дўстона алоқалар йўлга қўйилган. Мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорликни ҳартомонлама кенгайтириш ва ривожлантириш учун улкан имкониятлар яратилган. Ҳозир иккитомонлама транспорт алоқалари, нефт-газ, кимё саноати, қурилиш, савдо, сайёҳлик каби соҳаларда ҳамкорлик муносабатлари ривожланмоқда.

Азиз ҲАКИМОВ тайёрлади.