Майдони: 2 381 740 кв.км.

Аҳолиси: 34 080 030 кишидан ортиқ.

Пойтахти: Жазоир шаҳри.

Бошқарув: Парламент республикаси.

Давлат бошлиғи: Президент.

Маъмурий тузилиши: 47 та вилоятга бўлинади.

Йирик шаҳарлари: Жазоир, Ваҳор, Константин, Аннаба.

Пул бирлиги: Жазоир динори.

 

Жўғрофий ўрни, иқлими, табиати. Африканинг шимоли-ғарбидаги Жазоир давлати Мағриб деб ҳам аталади. У Атлас тоғларининг марказий қисмида ва Саҳрои Кабирда жойлашган. Ўрта ер денгиз соҳили субтропик, қолган қисми тропик минтақада. Тоғ ораларида текислик ва шўр кўл (себх)лар, шимоли-шарқдаги катта паст-текисликда қумликлар учрайди. Қумли ва тошлоқ чўллар бор. Жазоирнинг шимолида иқлим субтропик, Ўрта ер денгиз иқлими, қиши сер­ёмғир, илиқ, ёзи иссиқ, қуруқ. Январь ойининг ўртача ҳарорати соҳилда 12°, тоғ оралиғидаги текислик­ларда 5°, июль ойида 25°. Энг юқори ҳарорат ҳамма жойда 40° дан баланд. Ёзда қуруқ шамол ва қаттиқ қурғоқчилик бўлиб туради. Ноябрь-декабрь ойларида ёғингарчилик кўпроқ бўлади. Қуруқ дарё ўзанлари ва водийлар кўп, уларнинг энг каттаси Шалифдир. Шимолидаги водийларда тўғон, сув омборлари ва ГЭСлар қурилган. Улардан суғоришда кенг фойдаланилади. Саҳрои Кабирда ер ости сувларининг захираси катта.

Тоғ этак­ларида шўрхок­лар, шамолда кўчиб юрувчи қумлар учрайди. Соҳилларда Ўрта ер денгизига хос ўсимлик­лар, тоғларда доимий яшил бутазорлар, зайтун, хандон писта, эман, қарағай, арча ва сарв ўсади. Баландликлари кедрзорларга бой.

Мамлакат 1962 йил 5 июлда Франция мустамлакачилигидан озод бўлиб, мустақилликни қўлга киритди ва БМТ аъзоси бўлди. Ўзбекистон Рес­публикаси билан дипломатия муносабатларини 1992 йил 30 июнда ўрнатган.

Иқтисоди. Африка мамлакатлари ичида цитрус мевалари етиштиришда етакчи ўринда туради. Енгил ва озиқ-овқат саноатида хусусий сармоя устун - 90 фоиз, қурилишда 60 фоиз, хизмат кўрсатиш, улгуржи ва чакана савдода 80 фоизгача. Саноатда нефт (йилига ўртача 35 млн. тонна), темир рудаси, фосфат ва рангли металлар қазиб олиш ва уларни қайта ишлаш етакчи тармоқларга айланган. Темир ва қўрғошин рудалари, тошкўмир, бирмунча миқдор мис рудаси ҳам қазиб олинади. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 37,7 фоиз, қишлоқ хўжалигининг улуши 14,9 фоиз. Қишлоқ хўжалигининг асосий тармоғи — деҳқончилик. Буғдой, арпа, шоли, жавдар, маккажўхори ва бош­қа дон экинлари экилади. Воҳалари токзор, зайтунзор ва хурмозорларга мўл. Қорамол, қўй, эчки, туя боқилади. Балиқчилик ривожланган. Энг яхши нав қоғоз ишлаб чиқаришда ишлатиладиган алфа ўтини етиштириш бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Денгиз транспорти ташқи савдо учун хизмат қилади. Муҳим денгиз портлари: Жазоир, Ваҳор, Аннаба, Бажоия, Арзев. 31 та халқаро аэропортида ҳаво кемалари қатнови тинмайди. Четдан машиналар, саноат ускуналари, озиқ-овқат ва кийим-кечаклар келтирилади. Ташқи савдодаги асосий мижозлари: Америка, Франция, Германия, Италия ва Япония.

Аҳолисининг 83 фоизини Жазоир араб­лари ташкил қилади. Қолганлари барбарлар ва оврупаликлар. Шаҳар аҳолиси — 51,7 фоиз. Расмий тили — араб тилининг жазоир лаҳжаси. Француз тили жуда омма­лашган. Аҳолининг деярли ярмидан кўпи француз тилида ёзади ва гап­лаша олади.

Аҳолининг 95 фоиздан ортиғи мусулмонлардир. Мамлакатда Ислом олийгоҳлари, мадрасалар ва масжидлар бор. Энг йирик масжидлари - “Буюк”, “Кетшава”, “Жомеъ Ал-Кабир” ва “Ал-Жадид” жомеларидир.

 

Азизхон ҲАКИМОВ

тайёрлади.