Майдони: 298 кв. км.
Аҳолиси: 393 минг кишидан ортиқ.
Пойтахти: Мале шаҳри.
Бошқарув шакли: республика.
Давлат бошлиғи: президент.
Маъмурий тузилиши: 20 та ороллар гуруҳига бўлинади.
Пул бирлиги: руфия.
 
Жуғрофий ўрни, табиати. Жанубий Осиёда, Ҳинд уммонидаги маржон оролларида жойлашган. Бу ороллар Шри-Ланкадан тахминан 700 километр жануби-ғарбда. Мамлакат ҳудуди 20 та ҳалқасимон ороллар тўпидан иборат. Атолл деб номланувчи ушбу тўпороллар 1192 та майда маржон оролчадан ташкил топган.
Оролчалар денгиз сатҳидан кўп баланд эмас. Ўлканинг энг юксак нуқтаси Адда оролида ­– ­­2,4 метр.
Иқлими муссонли субэкваториал. Шимоли-шарқий муссон шамоллари таъсирида ноябрдан мартгача қурғоқчилик, жануби-ғарбий муссон шамоллари таъсирида эса июндан августгача ёғингарчилик мавсуми кузатилади. Об-ҳаво бутун йил давомида иссиқ бўлади, йиллик ўртача ҳарорат 24–30 даража атрофида. Ҳаво ҳарорати январь-февраль ойларида 17 даражадан тушмайди, апрель-майда эса 32 даражадан кўтарилмайди.
Ҳайвонот дунёси бой. Хавфли ва заҳарли ҳайвонлар учрамайди. 
Мамлакатнинг бирорта оролида дарё ёки кўл йўқ. Уммон сувларида учарбалиқлар, тунецлар, елканбалиқлар, сувилон ва қурбақалар яшайди. Соҳилларга яқин жойларда дунёдаги энг йирик балиқ – кит акулани учратиш мумкин.
Тарихий саналари. Қадим замонларда Мальдив оролларига Ҳиндистон ва Шри-Ланкадан дравид қабилалари кўчиб келиб ўрнашган. Милодий V–VII асрларда эса бу ерларни араблар ва форслар ватан тутишган. 1153 йили Ислом султонлиги вужудга келди ва Диди сулоласи 1968 йилгача ҳукмронлик қилди. Султонлик 1558 йили португалларга, XVII асрнинг иккинчи ярмидан голландларга қарам бўлди. 1796 йилдан Буюк Британия ҳукмронлиги ўрнатилди, 1887 йил декабрда унинг протекторатига айланди. 1965 йил 26 июлда мамлакат тўлиқ мустақилликка эришди. 1968 йилги референдум натижаларига кўра, республика деб эълон қилинди. Миллий байрами – 26 июль – Мустақиллик куни.
Мальдив 1965 йилдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси. Ўзбекистон билан элчилик муносабатларини 1994 йил 7 декабрда ўрнатган.
Иқтисоди. Иқтисодиётининг асосини сайёҳларга хизмат кўрсатиш ва балиқ овлаш ташкил этади. Кийим-кечак тикиш, ҳунармадчилик маҳсулотлари ва совға-саломлар ишлаб чиқариш, қайиқсозлик, қурилиш каби соҳалар ривожланган. Қишлоқ хўжалиги бирмунча қолоқ. Озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий қисми четдан келтирилади. Асосан кокос пальмаси, шунингдек, сабзавотлар, бананлар ва бошқа мевалар етиштирилади.
Хорижга балиқ (70 фоиз) ва почта маркалари сотади. Асосий харидорлари – Таиланд, Буюк Британия, Франция, Италия ва Шри-Ланка.
Нефть маҳсулотлари, қайиқлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, саноат ва истеъмол моллари сотиб олади. Асосий таъминотчилари – Сингапур, Бирлашган Араб Амирликлари, Малай­зия, Ҳиндистон ва Таиланд.
Аҳолиси. Жуда кўплаб ороллар ўзлаш­тирилмаган. Икки юзта оролдагина аҳоли доимий яшайди. Мальдив халқининг 30 фоизи мамлакатдаги ягона шаҳар – Маледа қўним топган.
Аҳолининг ўзак қисми Жанубий Осиё ва Яқин Шарқдан келиб ўрнашган кишиларнинг авлодларидир. Пойтахтда ҳиндлар, покистонликлар, араблар ва сингаллар ҳам яшайди.
Расмий тили – дивеҳи (мальдив) тили. Унга араб ва инглиз тилларидан жуда кўп сўз ўзлашган. XVII асрдан араб-форс ёзувига асосланган имло амалда. 
Зиёлиларнинг аксарияти араб ва инглиз тилларини билади.
Дини. Аҳолининг асосий қисми мусулмонлардан иборат. Мамлакатда Ислом дини XII аср ўрталаридан ёйила бошлаган. Бугун у Мальдивнинг давлат динидир. 
Аҳоли яшайдиган барча катта-кичик оролларда масжидлар фаолият юритади. Пойтахт Маледа ўттиздан ортиқ масжид бор. 1984 йили қурилган Ислом марказидаги Катта масжид нафақат мамлакатдаги, балки Жанубий Осиёдаги энг йирик масжиддир. У бир вақтда 5000 дан ортиқ намозхонни сиғдира олади.
Орифжон МАДВАЛИЕВ
тайёрлади.