Майдони: 7 692 024 кв. км.
Аҳолиси: 23 миллиондан ортиқ.
Пойтахти: Канберра шаҳри.
Бошқарув шакли: парламентли монархия.
Давлат бошлиғи: Буюк Британия қироличаси.
Маъмурий тузилиши: 6 та штат ва 2 та қитъа ҳудудига бўлинади.
Йирик шаҳарлари: Сидней, Мелбурн, Брисбен, Перт, Аделаида.
Пул бирлиги: австралия доллари.
 
Жуғрофий ўрни, табиати. Жанубий яримшар­да жойлашган. Австралия қи­тъа­си, Тасмания ороли ҳамда Ҳинд ва Тинч уммонларидаги бир нечта оролни эгаллаган. Майдони бўйича дунёда олтинчи ўринда. Мамлакат шимолида Шарқий Тимор, Индонезия ва Папуа – Янги Гвинея, шимоли-шарқида Вануату, янги Каледония ва Соломон ороллари, жануби-шарқида эса Янги Зеландия ўрин олган.
“Австралия” атамаси лотинча “australis” – “жанубий” сўзидан келиб чиққан.
Мамлакат иқлимига уммон ҳаво оқимларининг таъсири катта. Шу сабабли қурғоқчилик кузатилади, босим камайиши натижасида бўронлар юзага келади. Шу каби омиллар туфайли ёғин миқдори ҳар йили турлича бўлади. Австралия шимолида тропик иқлим ҳукмрон, ёзда ёмғир кўп ёғади. Ўлка ҳудудининг деярли тўртдан уч қисми чўл ва яримчўллардан иборат. Жануби-шарқий ҳудудларнинг иқлими мўътадил.
Австралиянинг асосий табиий бойлиги минерал ресурслардир. Алюминий рудаси ва цирконий захираси бўйича дунёда иккинчи ўринда, уран захираси бўйича биринчи ўринда ва уни қазиб олиш бўйича учинчи ўринда туради. Кўмир, марганец, олтин ва олмос захиралари ҳам кўп.
Дарёлари кам. Энг узун дарёси – Муррей – 2375 км. Кўллари кўп. Уларнинг аксарияти ёмғир сувларидан ҳосил бўлгани учун шўрхок балчиқ билан қопланиб туради.
Ҳайвонот ва ўсимлик дунёси бой.
Тарихий саналари. Илмий тахминларга кўра, қитъанинг тубжой аҳолиси бўлмиш аборигенлар бу ҳудудга милоддан 60–40 минг йиллар олдин келиб ўрнашган. Улар милодий XVIII асрга қадар ибтидоий шаклда ҳаёт кечирган.
Қитъани европаликлардан биринчи бўлиб 1606 йили голланд сайёҳи Виллем Янсзон очди ва унга “Янги Голландия” деб ном берди. Янги қитъани ўрганиш учун Буюк Британия бир неча экспедиция юборди. 1788 йили Австралия Англия ҳудуди деб эълон қилинди.
XIX асрнинг 20-йилларидан бошлаб Австралияда қўйчилик ривожланди, 30-йилларда дастлабки саноат корхоналари пайдо бўлди. 1901 йили Австралиядаги мустамлакалар олти штатдан иборат федерацияга – Австралия Иттифоқига бирлаштирилди ва у доминион мақомини олди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Австралия Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибида қолган бўлса-да, мустақил давлатга айланди.
Миллий байрами – Австралия куни (26 январь).
1945 йилдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси. Ўзбекистон билан элчилик муносабатларини 1991 йили ўрнатган.
Иқтисоди. Австралия иқтисодиёти юксак ривожланган давлатлардан бири. Саноатнинг кимё, электротехника, металлургия, автомобилсозлик каби соҳалари тараққий этган. Аҳоли жон бошига электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Майдони катта, аҳолиси кам бўлгани учун айрим ҳудудларда кадр етишмаслиги кузатилади. Ишчи-хизматчиларнинг 25 фоизи чет элликлар.
Сайёҳлик, таълим ва банк каби тармоқларни қамраб олувчи хизматлар соҳаси мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 69 фоизини ташкил этади. Гарчи қишлоқ хўжалиги ва табиий ресурсларни қазиб олиш соҳаларининг улуши бу борада 3–5 фоиз атрофида бўлса-да, улар экспортда катта салмоққа эга. XX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Австралия Япония ва бошқа Шарқий Осиё давлатлари билан фаол савдо-иқтисодий алоқаларини ўрнатди. Асосий харидорлари – Япония, АҚШ, Хитой, Жанубий Корея ва Янги Зеландия.
Аҳолиси. XVIII асрнинг сўнгига қадар бу ўлканинг тубжой аҳолиси аборигенлардан иборат эди. Айни дамдаги аҳоли XIX–XX асрларда асосан Буюк Британия ва Ирландиядан кўчиб келганларнинг авлодидир. 2006 йилги рўйхатга олиш маълумотларига кўра, аҳоли орасида австралияликлар (31,13 фоиз), инглизлар (29,65), ирландлар (9,08), шотландлар (7,16), итальянлар (4,29), олмонлар (4,09) ва хитойлар (3,37) кўпчиликни ташкил этади. Шаҳарлашиш даражаси – 89 фоиз. Расмий тили – инглиз тили.
Дини. Аҳолининг асосий қисми насронийлардир. 2011 йилги маълумотларга кўра, 476 000 дан ортиқ киши, бошқача айтганда аҳолининг 2,2 фоизи мусулмонлардир. Мусулмонлар адади бўйича мамлакатда учинчи ўринда туради.
Австралияга мусулмонлар европалик­лардан юз йиллар олдин келган. Индонезия­лик савдогарлар маҳаллий аборигенлар билан савдо-сотиқ алоқаларини йўлга қўйган. XIX асрнинг иккинчи ярмида ўлкага Марказий осиёликлар ҳам келиб ўрнашган. Улар асосан туякашлик ва карвонбошилик билан шуғулланган.
Ўлкадаги биринчи масжид 1861 йили Маррей шаҳрида қурилган. Ҳозир эса юздан ортиқ масжид фаолият юритади.
Ислом мамлакатда тез ва кенг тарқа­лаётган диндир. 2007–2012 йилларда ўсиш суръати 40 фоизни ташкил этди. Ўлкада бир қанча исломий ташкилотлар, олий ва ўрта-махсус ўқув юртлари фаолият юритади.
Орифжон МАДВАЛИЕВ
тайёрлади.