Майдони: 446 550 кв.км.
Аҳолиси: 32 600 000 дан ортиқ.
Пойтахти: Работ шаҳри.
Бошқарув шакли: конституцияли монархия.
Давлат бошлиғи: қирол.
Маъмурий тузилиши: 16 та вилоятга бўлинади.
Йирик шаҳарлари: Касабланка, Работ, Марокаш, Фаъс, Танжа. 
Пул бирлиги: марокаш дирҳами.
 
Жуғрофий ўрни, табиати. Шимолий Африкада жойлашган. Шимолий қирғоқларини Ўртаер денгизи, ғарбий қирғоқларини Атлантика уммони сувлари ювиб туради. Гибралтар бўғози Марокашни Европадан ажратиб туради. Шарқда ва жануби-шарқда Жазоир билан, жанубда Ғарбий Саҳрои кабир билан чегарадош.
Мамлакатнинг энг юксак нуқтаси Баланд Атлас тизмаларидаги Тубқол тоғида – 4165 метр. Асосий дарёлари – Ўртаер денгизига қуйилувчи Мулуя ва Атлантика уммонига қуйилувчи Себу.
Ўртаер денгизига яқин ҳудудларда иқлим субтропик. Ёздаги ўртача ҳарорат 24–28 даража иссиқ, қишда эса 10–12 даража илиқ атрофида. Жанубга томон иқлим кескин ўзгаради. Бу ерларда ёз иссиқ (+37 даражагача), қиш бирмунча совуқ (+5 даражагача) бўлади. Кунлик ҳарорат +20 даражагача тушиб кетиши мумкин. Шимоли-ғарбдаги ҳудудлар иқлимига Атлантика уммонидан кириб келадиган ҳаво оқимлари катта таъсир кўрсатади. Атлас тоғ тизмалари ястанган ҳудудларда иқлим жой баландлигига қараб ўзгаради. Ёғинлар шимолга йилда 500–1000 миллиметр, жанубга 200 миллиметрга яқин миқдорда тушади.
Шимолдаги соҳил текисликлари ва тоғ орасидаги сойликлар ҳамда водийларнинг қумлоқ, гилли қорамтир тупроқлари ғоят унумдор. Ўрмонлар асосан тоғларда сақланиб қолган ва Марокаш ҳудудининг салкам 12 фоизини ташкил этади. Қурғоқчил дашт, чала чўл ва чўлларда альфа ўти, шувоқ, Ўртаер денгизи соҳилида маквис буталари ўсади. Ҳайвонлардан қуён, чиябўри, илон, тошбақа, шунингдек, амфибиялар, паррандалар, ҳашарот ва чаёнлар бор. Тоғларда макака маймун, сиртлон, пантера, тоғ дарё­ларида хонбалиқ учрайди.
Тарихий саналари. Ҳозирги Марокаш ҳудудида эскидан ливий қабилалари – қадимги барбарлар яшаб, овчилик ва чорвачилик, қисман деҳқончилик билан шуғулланган. Милоддан олдинги II минг­йиллик охирларида соҳилда финикийларнинг бир қанча жамоалари пайдо бўлган. Милоддан олдинги I мингйилликда улар яшайдиган ўлкалар Карфаген давлати таркибига кирди. Римликлар Карфагенни тор-мор этгач, милоддан олдинги II асрдан ҳудудни идора эта бошлашди. Милодий 429 йили ҳозирги Марокашни вандаллар эгаллади, бироқ юз йил ўтиб, мамлакат Византия империяси таркибига қайтарилди.
682 йилдан ҳудудни араблар забт эта бошлади, 784 йили эса давлатга асос солинди. XV аср бошидан дастлаб португаллар, сўнгра испанлар ўлкани истило қилишга киришди. Бир нечта порт шаҳарлар уларнинг қўл остига ўтди. Бироқ XVI–XVII асрларда Марокаш давлати кучайиб, чегаралари кенгайди. Бу давр мамлакат тарихида “олтин аср” номини олди.
XIX асрнинг 40-йилларидан Европа давлатларининг қўшинлари яна кириб кела бошлади – 1844 йили Франция, 1859 йили Испания Марокаш ҳудудининг бир қисмини босиб олди. 1912 йили тузилган шартномаларга кўра, мамлакат ҳудудининг 80 фоизида Франция, шимолий ва жанубий қисмларида Испания протекторати ўрнатилди; бир қисми (Танжер) халқаро зона бўлиб қолди.
XX асрнинг 50-йилларидан кучайган миллий озодлик ҳаракатлари туфайли Франция протекторати миллий ҳукумат тузиш учун розилик беришга (1955 йил 7 декабрь)­ ва Марокашнинг миллий мустақиллигини тан олишга мажбур бўлди (1957 йил 2 март). 1956 йил 7 апрелда Испания протекторати ҳам бекор қилинди. 1957 йил 1 январда Танжер Марокаш таркибига қўшилди. 1962 йил декабрда Марокашнинг биринчи конституцияси қабул этилди, 1963 йил майида парламент сайлови бўлиб ўтди.
1972 йил 1 мартда референдум бўлиб, янги конституция қабул қилинди, парламент ва ҳукуматнинг ҳуқуқлари бироз кенгайтирилди. 1992 йили бош қонунга киритилган ўзгартиришларга биноан, парламентнинг ҳукумат фаолияти устидан назорати кучайтирилди.
Марокаш 1956 йилдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси. 1993 йил 11 октябрда Ўзбекистон билан элчилик муносабатларини ўрнатган. Миллий байрами – 30 июль – Тахт куни (1999).
Иқтисоди. Давлат ғамхўрлиги ва ишчи кучининг арзонлиги Марокаш иқтисодиётига хорижий сармоядорларни тобора кўп жалб қиляпти. Сайёҳлик соҳаси кенг миқёсда ривожланяпти. Фосфат қазиб олиш ва қишлоқ хўжалиги халқ хўжалигининг етакчи тармоқларидан.
Бир қанча давлатлар билан эркин иқтисодий савдо муносабатларини ўрнатган. Асосан фосфат, ўғит, озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар, маъданлар сотади. Кўпроқ яримтайёр маҳсулотлар, саноат товарлари, озиқ-овқат ва ичимликлар, истеъмол товарлари ва ёнилғи сотиб олади. Асосий харидорлари – Испания, Франция, Бразилия, АҚШ, Бельгия ва Италия. Асосий таъминотчилари – Франция, Испания, Италия, Хитой, Германия, Саудия Арабистони ва Молдавия.
Аҳолиси. Миср ва Судандан кейинги энг йирик арабтилли мамлакат ҳисобланади. Аҳолининг 60 фоизга яқини араблардан, қолган қирқ фоизи барбарлардан ташкил топган. Шунингдек, оз миқдорда европаликлар ва яҳудийлар ҳам яшайди. 
Расмий тиллари – араб ва барбар тили. Сўзлашувдаги араб тили адабийчадан кес­кин фарқ қилади. Француз тили давлат тили бўлмаса-да, иқтисодиёт, таълим ва давлат бошқаруви соҳаларида кенг қўлланади. 
Дини. Ислом Марокашнинг давлат дини саналади. Аҳолининг 98,7 фоизи сунний мусулмонлардан, 1,1 фоизи насронийлардан, 0,2 фоизи яҳудийлардан иборат.
Мусулмонлар бу ўлкага илк бор 680 йили саҳоба Уқба ибн Нофе бошчилигида келган. 
Подшоҳликда Ислом меъморчилигининг юксак намуналари қад ростлаган. Жумладан, мамлакатнинг энг йирик ибодатгоҳи – “Ҳасан II” масжиди жаҳондаги энг баланд диний иншоот саналади. Марокаш шаҳрининг энг катта масжиди – “Кутубия” (1199 йили қурилган), “Ҳасан” минораси (1199) ва Фаъс шаҳридаги “Қаравиййун” университети (859) диққатга сазовор тарихий ёдгорликлардандир.
 
Орифжон МАДВАЛИЕВ
тайёрлади.