Майдони: 945203 кв.км.

Аҳолиси: қирқ уч милёндан ортиқ.

Пойтахти: Додома шаҳри.

Тузуми: республика.

Давлат бошлиғи: президент.

Маъмурий тузилиши: 26 та вилоят (мкоа)га бўлинади.

Йирик шаҳарлари: Доруссалом, Букоба, Морогоро, Додома, Аруша.

Пул бирлиги: танзания шиллинги.

Жуғрофий ўрни. Танзания шарқий Африкада жойлашган. Шимолда Кения ва Уганда, ғарбда Руанда, Брунди ва Конго Демократик Республикаси, жанубда Замбия, Малави ва Мозамбик билан чегарадош. Шарқий чегарасини Ҳинд океани ювиб туради. “Танзания” номи мамлакатни ташкил этган иккита ўлка – Танганика ва Занзибар номларидан олинган. Иккита пойтахти бор. Доруссалом шаҳри тарихий бошкенти, Додома ҳукумат идоралари жойлашган маъмурий пойтахти ҳисобланади.

Мамлакат ҳудудининг асосий қисмини ясситоғликлар эгаллаган. Ҳинд уммони соҳили бўйлаб пасттекисликлар чўзилган. Бу ерда Африка қитъасининг энг катта сув ҳавзалари – шимолда Виктория, ғарбда Танганика, жанубда Няса кўли бор. Иқлими – субэкваториал. Шимолда икки марта (март-май, сентябр -ноябр), жанубда бир марта (ноябр-апрел) ёмғир мавсуми кузатилади. Танзанияга тегишли оролларнинг иқлими зах, серёғин. Кунлик ўртача ҳарорат 28–30 даража, уммондан енгил шабада эсиб туради. Уммон сувининг ўртача ҳарорати 24–26 даража илиқ.

Тарихи. Ҳозирги Танзания ҳудудида илгари Африканинг қадим тубжой аҳолиси бушмен ва готтентотлар яшаган. Милоддан олдинги биринчи асрда бу ерга Ҳабашистон тоғликларидан кушит қабилалари кўчиб келган. Милодий аср бошида эса банту қабилалари келиб ўрнашишган. Биринчи мингйиллик ўрталарида мамлакат ҳудудига форс, араб ва ҳинд савдогарлари қадами етган ва кейинчалик улар ҳам шу ерда қолишган. Ана шу даврда янги бир қурама элат – суахили пайдо бўла бошлаган. Суахилилар халқаро савдо билан шуғулланиб, бошқа ўлкаларга фил суяги, олтин элтиб, ҳунармадчилик буюмлари, матолар ва озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келишган.

XVI аср ўрталарида Танзания чегараларига португаллар қадам қўяди. 1505 йили улар деярли барча порт шаҳарларни эгаллайди, бироқ XVII аср иккинчи ярмида араблар ва занжилар босқинчиларни юртларидан қувиб чиқаришади. Шундан кейин бу ҳудудда шамбала, чагга, хехе, хайя, нямвезе қабилаларининг Кимвери давлати ва бошқа кичик қабилавий бошқарув бирликлари юзага келади. XIX аср ўрталарида эса Танзанияга кўплаб оврупалик савдогар ва миссионерлар келишади. 1885 йили олмон генерал-губернатори Карл Петерс ўн икки нафар қабила бошлиғи билан учрашиб, уларни Олмонияга бўйсунишга кўндиради. 1888 йили эса Занзибар султонидан мамлакатнинг соҳилбўйи қисмини эллик йилга ижарага олади. 1890 йили Занзибар султони инглизларга бўйсуниш ҳақидаги розилик битимини имзолайди. 1891 йили Карл Петерс Олмония Шимолий Африкаси мустамлака империяси тузилганини эълон қилади.

Олмонлар бу ерда каучук, қаҳва, пахта ва сизал етиштира бошлайди. 1902 йили эса темир йўл қуришади. 1905–1907 йиллари босқинчиларга қарши кўтарилган Мажи-Мажи қўзғолони бостирилади. 1914 йили Биринчи жаҳон уруши бошланади ва Танзания ҳарбий ҳаракатлар синов майдонига айлантирилади. Олмония душманлари – Британия, Белгия ва Португалиянинг мустамлака ўлкаларига юриш қилади. Бу ҳолат 1918 йилгача – Антанта билан тинчлик шартномаси имзолангунича давом этади. Урушдан сўнг Танзания Британия васийлигига ўтади. Инглизлар плантация сиёсатини давом эттириб, экин майдонларини кенгайтиради.

Британия 1961 йил 9 декабрда Танганикага, 1963 йил 10 декабрда Занзибарга мустақиллик беришга мажбур бўлади. 1964 йил 12 январда Занзибар халқи қўзғолон кўтариб, султонни тахтдан ағдаради ва шу йилнинг 26 апрелида икки мамлакат қўшилиб, Танзания Бирлашган Республикаси ташкил топгани эълон қилинади.

1967 йили Танзания Африка Миллий Бирлашмаси ҳудудда коммунизм қуришга киришади, бироқ бу ислоҳот ўзини оқламайди, аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлади.

Мамлакатда 1970 йилдан 1995 йилгача бирпартияли бошқарув ҳукм сурди. Ҳозир кўппартиявийликка асосланган демократик бошқарув йўли танланган.

Иқтисоди. Танзания дунёнинг қашшоқ мамлакатларидан бири. Иқтисоди қишлоқ хўжалигига асосланган, ишчиларнинг саксон фоизга яқини шу жабҳада меҳнат қилади. Ялпи ички маҳсулотнинг йигирма етти фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Қаҳва, сизал, чой, пахта, тамаки, маккажўхори, буғдой, банан етиштирилади. Қорамол, қўй ва эчки боқилади. Ялпи ички маҳсулотнинг йигирма уч фоизи саноат маҳсулотлари. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, олмос, олтин, темир рудаси ва туз қазиб олиш, пойабзал ишлаб чиқариш саноатнинг асосий тармоқларидир.

Танзания Африка, Кариб ҳавзаси ва Тинч уммони ҳудуди мамлакатлари халқаро ташкилоти аъзоси. Асосан Ҳиндистон, Хитой, Япония, Жанубий Африка Республикаси, Кения, Нидерландия, Олмония ва Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатлар билан савдо қилади.

Аҳолиси. Аҳолининг саксон фоизга яқини қишлоқларда яшайди. Бир юзу йигирмага яқин миллат вакиллари бор. Улар орасида сукума, нямвези, жагга, нгонде, хая, хехе, бена ва маконделар кўпчилик. Этник гуруҳларнинг асосий қисми банту халқлари гуруҳига мансуб. Аҳолининг ўртача кўпайиши йилига икки фоиз.

Дини. 1967 йилдан бошлаб мамлакатда аҳолини рўйхатга олиш чоғида фуқаронинг қайси динга эътиқод қилиши қайд қилинмайди. АҚШ махсус хизмати маълумотномасига кўра, аҳолининг ўттиз беш фоизи мусулмонлар, ўттиз фоизи насронийдир. Қолган ўттиз беш фоиз аҳоли турли маҳаллий эътиқодларга ишонади.

Мусулмонлар асосан Занзибар оролларида (97 фоиз) истиқомат қилади.

Ислом дини Танзания ҳудудига 900 – 1000 йилларда ёйила бошлаган. Форсий подшоҳлар оиласига мансуб Али ибн Ҳасан Шерозий акаси тахтга ўтиргач, тазйиққа учраб, мамлакатни ташлаб кетишга мажбур бўлади. Али кемада Африка томон йўл олади. Қитъа қирғоқлари бўйлаб сузиб, Килва ороли ёнида тўхтайди ва уни банту қабиласи сардоридан сотиб олади. Оролдан қитъага омонат бир кўприк орқали ўтиларди. Али мустаҳкам кўприк қурдиради ва оролда Килва султонлигига асос солади. 1300–1400 йиллари Килва султонлиги қитъадаги жуда кўп шаҳарларни бўйсундиради. Бу ҳудудда Ислом дини кенг ёйилади. Машҳур тарихчи Ибн Баттута 1332 йили оролга келади ва мусулмонлар кўплигидан ўзини худди уйидагидек ҳис этганини ёзади. Занзибар жанубидаги Кизимкази масжиди нафақат Танзания, балки Шарқий Африкадаги энг қадимги жомелардан биридир. У 1107 йили қурилган.

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.