Пойтахти: Аддис Абеба шаҳри
Давлат тузуми:  Парламент Республикаси
Майдони: 1 127 127 кв. км
Аҳолиси: 90 076 012 киши
Пул бирлиги: Эфиопия бийри
 
Жўғрофий ўрни. Шимоли-Шарқий Африкада жойлашган ушбу давлат шарқда Ҳабашистон номи билан танилган. У Жибути, Эритрея, Кения, Сомали, Судан ва Жанубий Судан билан чегарадош.
Иқлими ва табиати. Эфиопия ҳудудининг катта қисмини тоғликлар эгаллайди. Шимоли ва шарқида тропик чўл иқлим ҳукм суради. Бу ўлкадан кўк Нил ва Веби Шебели дарёлари оқиб ўтади. Шунингдек, бир қанча кўл бор, уларнинг энг йириги Тана кўлидир. Тоғликларининг ён бағри қизил қўнғир тупроқдан иборат. Водийлари ям-яшил ўрмон билан қопланган. 
Тарихи. Милод бошларида Эфиопия ҳудуди шимолида Аксум подшолиги мавжуд бўлган. VII асрда арабларнинг шимолий ва шарқий Африкага кириб келиши ҳамда араб халифалигининг пайдо бўлиши натижасида Аксум подшолиги инқирозга учради. XIII асрдан бу ҳудудда Эфиопия подшолиги мавжуд бўлган. XVIII аср охири ва XIX асрнинг биринчи ярмида ўзаро урушлар натижасида мамлакат бир қанча князликларга бўлиниб кетди. 1975 йил мартда мамлакат рес­публика деб эълон қилинди ва Социалистик Эфиопия деб аталди, 1987 йил сентябрдан Эфиопия Халқ Демократик Республикаси, 1991 йил июндан Эфиопия, 1995 йил авгус­тидан Эфиопия Федератив Демократик Республикаси деб номланди. 
Эфиопия 1945 йилдан БТМ аъзоси. Ўзбекистон Республикаси суверенитетини 1992 йил 2 январда тан олган ва 1996 йил 15 июлдан дипломатия муносабатлари ўрнатган. 
Иқтисоди. Эфиопия – аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда саноат 12%, қишлоқ хўжалиги 55%, хизмат кўрсатиш тармоғи 33% ни ташкил этади. Қишлоқ хўжалиги иқтисодиётда етакчи аҳамиятга эга. Арпа, тариқ, маккажўхори, буғдой, ерёнғоқ, шакарқамиш, пахта, тамаки ва кунгабоқар етиштирилади. Шунингдек, цитрус мевалар, ўрик, шафтоли, анор ва банан ўстирилади. Чорвачилигида қорамол, қўй, эчки, хачир ва туя боқилади. Паррандачилик ҳамда асаларичилик ривожланган. Мамлакатда олтин, платина, мис, никель, марганец рудалари, табиий газ, калий тузи, кварц қуми ва бошқа бойликлар қазиб олинади. Саноатида озиқ-овқат, нефтни қайта ишлаш, темирсозлик, тўқимачилик тармоқлари етакчи ўринда туради. Чет элга олий навли кофе, тери хомашёси, дуккакли дон, мойли уруғ экспорт қилади. Ташқаридан нефть ва нефть маҳсулотлари, озиқ-овқат, автомобиль ва унинг эҳтиёт қисмлари, истеъмол моллари импорт бўлади. Бу соҳаларда Олмония, Саудия Арабистони, Америка, Италия, Япония ва Жибути билан ҳамкорлик қилади.
Аҳолиси. Аҳолисининг ¾ қисмини ахмарлар ва оромо миллатлари ташкил этади. Шунингдек, тиг­раи, галла, тигре, сидимо ва бошқа халқлар ҳам яшайди. Эфиопия демографик ўсиш бўйича дунёда етакчилардан бири саналади. Мутахассислар 2100 йилга келиб аҳоли сони 150000000 дан ошишини тахмин қилмоқда. Расмий тил ахмар тили бўлса-да, аҳоли орасида араб, сомалий ва инглиз тилида сўзлашадиганлар талайгина. Бундан ташқари, сом-хом ва кушит тиллари оиласига мансуб 70 га яқин тил ва лаҳжа мавжуд. 
Дини. Эфиопия аҳолисининг 60% насронийлик, яна 5% яҳудийлик ҳамда анимизм ва растафариантизм каби дин вакилларидир. Қолган 35% аҳоли Ислом динининг сунний йўналишига эътиқод қилади. Ушбу диёрга Ислом динини Маккаи мукаррамадан ҳижрат қилган қурайшликлар тарқатган. Уларни Ҳабашистоннинг ўша даврдаги одил подшоҳи Нажоший илиқ кутиб олгани тарихдан маълум. Ислом динига эътиқод қилувчилар мамлакатнинг Афар, Сомал ва Ором ҳудудларида кўп. Пойтахтининг ўзида 1000000 дан ортиқ мусулмон истиқомат қилади.
 
Азизхон ҲАКИМОВ
тайёрлади.