Олимларнинг таъкидлашларича, Америка қитъасига Колумбдан бир неча йиллар олдин андалусиялик мусулмонлар боришган. АҚШдаги фуқаролар урушида қаҳрамонлик кўрсатган Петр Салим ҳам мусулмонлардан эди. АҚШни мустақил респуб­лика сифатида тан олган илк давлат ҳам Марокаш Султонлиги бўлган (1777). 
АҚШга мусулмонлар оқимининг дастлабки тўлқини 1820-1851 йиллар орасида етиб келган. Бу пайтда қора танли кишиларни қул сифатида Африка қитъасидан океан ортига олиб боришган.  Биринчи масжид ва исломий ташкилот 1913 йили Нью-Жерсида очилган. Масжид­лар қуришни мусулмонлар ўз ташаббус ва маблағлари ҳисобига амалга оширганлар.
Биринчи жаҳон урушидан сўнг Сурия, Фаластин, Иордания ва Ливандан, 1947-1960 йиллар Ҳиндистон, Покистон, Шарқий Европа ва собиқ Совет Иттифоқидан келганлар ҳам кўпчиликни ташкил этган. 1967 йилдан кейинги даврда мусулмон иммигрантларининг кўпчилиги Яман, Миср, Туркия, Марказий Осиё, Кувайт, Саудия Арабистони, Ироқ, Афғонистон фуқаролари эди. 2005 йили турли давлатлардан келган 96000 га яқин мусулмон АҚШ фуқаролигини олган бўлса, 2009 йили 115000 мусулмон Қўшма штатлар фуқароси бўлди. 1820-1997 йиллар давомида мусулмон давлатларидан 3,3 миллион киши бу давлатга кўчиб келдилар.
Туркистон-Америка Ассоциа­циясининг президенти Абдуллоҳ Хўжанинг маълумотларига кўра, АҚШда бугунги кунда 20 мингдан ортиқ этник америкалик ўзбеклар истиқомат қилишади. Уларнинг аксарияти бундан 30-40 йил илгари Осиё ва Европадан кўчиб келишган. 
АҚШнинг энг катта шаҳри – Нью-Йорк. У Американинг бош­қа шаҳарларига ўхшамайди. Дунёдаги энг кўп тилда сўзлашадиган шаҳар ҳам Нью-Йоркдир (шаҳар аҳолиси 800 дан ортиқ тилда сўзлашади). Шаҳарга йилига 56 миллион сайёҳ ташриф буюради. Нью-Йорк шаҳрида қарийб 8,5 миллион киши истиқомат қилади (2014). 
Нью-Йорк – АҚШдаги мусулмон жамоаларининг ҳам энг йирик маркази. Мусулмонлар штат аҳолисининг қарийб 4 фоизини, Нью-Йорк шаҳри аҳолисининг 10 фоизини ташкил этади. 
Масжидлар энг кўп жойлашган ҳудудлар бўйича Нью-Йорк штати етакчилик қилмоқда. Ушбу штатда 257 та масжид бор. Калифорния штатида 246 та, Техасда 166 та, Флоридада 118 та, Иллинойсда 109 та, Нью-Джерсида 109 та масжид мавжуд. 
Портленд – Орегон штатининг энг катта шаҳри. У АҚШнинг яшил шаҳарларидан бири ҳисобланади. Портлендни “Атиргуллар шаҳри” деб ҳам аташади. Шаҳар ҳудудида Халқаро Атиргул боғи мавжуд бўлиб, у ерда 10000 дан ортиқ турдаги атиргуллар ўстирилади.
Вашингтон — маъмурий шаҳар. Бу ерда АҚШ ҳокимиятининг уч асоси: қонун чиқарувчи (Конгресс), ижро этувчи (Оқ Уй, президент) ва олий суд бинолари, вазирликлар, агентликлар, элчихоналар, Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди ва бошқа ташкилотлар штаб-квартиралари жойлашган.
Вашингтон — музейлар шаҳри. У ерда Смитсон инс­титутига тегиш­ли 19 та музей ва галерея­лар мавжуд. Шаҳар марказида жойлашган ботаника боғида дунё­нинг турли ҳудудларида ўсувчи дарахт ва гулларни учратиш мумкин. 
Вашингтондаги дунёнинг энг катта кутубхонаси Конгресс кутубхонасида 470 тилдаги 30 миллиондан ортиқ китоблар, 58 миллион қўлёзмалар, 4,8 миллион хариталар, 12 миллион фотографиялар, 2,7 миллион овозли ёзувлар, 500000 микрофильмлар сақланади. Йилига яна 1 миллиондан янги манбалар қўшилади. Кутубхонадаги манбаларнинг 10 фоиздан ортиғи электронлаштирилган (2007).
Вашингтондаги энг катта музей – Ньюзиум (Newsuem) 7 қават, 14 та галерея, 15 та кинозалдан иборат. Музейнинг умумий экспозиция майдони 75000 кв. метрдир. 
АҚШда барча динлар қатори Исломга эътиқод қилувчилар учун ҳам кенг шароитлар мавжуд. Вашингтон аҳолисининг 10,6 фоизини мусулмонлар ташкил этади. 
 
Давронбек ТОЖИАЛИЕВ