Майдони: 22 966 кв. км.
Аҳолиси: 322 400 дан ортиқ.
Пойтахти: Белмопан шаҳри.
Бошқарув шакли: конституцияли монархия (Буюк Британия бошқарувида).
Давлат бошлиғи: Буюк Британия қироличаси. Генерал-губернатор унинг вакили ҳисобланади.
Маъмурий тузилиши: 6 та округга бўлинади.
Йирик шаҳарлари: Белиз, Сан Игнасио, Белмопан, Сан Педро, Оринж Уолк.
Пул бирлиги: белиз доллари.
 
Жуғрофий ўрни, табиати. Марказий Америкада жойлашган. Шимолда Мексика, ғарбда Гватемала билан чегарадош. Шарқий ва жануби-шарқий қирғоқларини Кариб денгизи сувлари ювиб туради.
Мамлакат ҳудудининг асосий қисми пасттекисликлардан иборат. Жуда кўп кўл ва кўлчали ботқоқлик жойлар учрайди. Жанубда баландлиги 1122 метргача етадиган Майя тоғлари ястанган.
Иқлими – қуруқ шамолли тропик. Ойлик ўртача ҳарорат +26°C. Мавсумга қараб бироз ўзгариши мумкин. Шимоли-шарқдан эсадиган гармселлар жуда кўп ёмғир олиб келади. Йиллик ёғин миқдори шимолдан жанубга қараб 1300 миллиметрдан 3500 миллиметргача. Ёғингарчилик мавсуми майдан июлгача, қурғоқчилик мавсуми эса январдан май ойигача давом этади. Кариб денгизидан кириб келадиган довуллар катта кўргуликларга сабаб бўлади.
Ўлка ҳудудининг ярмини намчил тропик ўрмонлар эгаллаган. Уларда қимматбаҳо дарахтлар кўп. Жумладан, қарағай ва маҳагони дарахтларининг ёғочлари дурадгорлик ва мебелчиликда қадрланади.
Ҳайвонот дунёси турли-туман. Кенгбурун маймунлар, ягуарлар, игуарлар ва бошқа ҳайвонлар яшайди. Қушлар, айниқса, тўти ва колибри кўп. Соҳилбўйидаги денгиз сувлари балиқлар, қисқичбақасимонлар ва тошбақаларга бой.
Тарихий саналари. XVI аср бошларигача Белиз ҳудудида ҳинду қабилалари яшаган. XVI аср бошида мамлакатни испанлар босиб олган ва мустамлакага айлантирган. 1862 йилдан Британия Гондураси номи билан Буюк Британия мустамлакаси бўлган. 1964 йили ички ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқини олган. 1973 йилдан мамлакат расмий равишда Белиз деб атала бошлади. 1981 йил 21 сентябрда Белиз мустақиллиги эълон қилинди. Шу йилдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси.
1970 йилгача мамлакат пойтахти Белиз шаҳри бўлган. Ўлканинг ушбу энг йирик шаҳри Кариб денгизидан кириб келадиган бўронлардан бир неча бор азият чеккан. 1961 йилги катта тўфондан сўнг пойтахтни ичкарироққа кўчиришга қарор қилинди. 1967 йили Белиз шаҳридан 80 километр жануби-ғарбда янги маъмурий марказ – Белмопан шаҳри қурилиши бошланди ва у 1970 йили пойтахтга айлантирилди.
“Белиз” атамасининг келиб чиқиши ҳақида турли тахминлар бор. Бир фаразга кўра, у майя тилидаги “bel’ix” – “бўтана сув” сўзидан келиб чиққан. Бу сўз Белиз дарёсига нисбатан ишлатилган. Бошқа бир фикрга кўра, африкалик қуллар ўзлари билан бирга шу номни ҳам олиб келган. Чунки Анголада Белиз деб аталадиган жой бор.
Иқтисоди. Асосий даромади сайёҳлик соҳасидан. Бундан кейинги ўринларда денгиз маҳсулотлари, цитрус мевалар, шакар, банан ва кийим-кечак сотиш туради. 2006 йили нефть конлари топилиб, 2007 йилдаёқ қазиб олиш ва экспорт қилиш бошланган.
Аҳолининг 72 фоизи хизмат кўрсатиш, 18 фоизи саноат, 10 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасида банд. Саноатда кийим-кечак ишлаб чиқариш, озиқ-овқат тайёрлаш, қурилиш ва нефть қазиб олиш соҳалари етакчилик қилади. Қишлоқ хўжалигида банан, какао, цитрус мевалар, шакарқамиш етиштириш; балиқ овлаш ва майда қисқичбақа боқиш; ўрмон ёғочлари тайёрлаш билан шуғулланилади.
Асосий харидорлари – АҚШ, Буюк Британия, Нигерия, Кот д’Ивуар. Асосий таъминотчилари – АҚШ, Мексика, Куба, Гватемала, Испания, Хитой.
Аҳолиси. Этник-ирқий таркибга кўра, аҳолининг 48,7 фоизи келиб чиқиши испан-ҳинду бўлган метислар, 24,9 фоизи келиб чиқиши инглиз-африкалик бўлган креоллар, 10,6 фоизи майя ҳиндулари, 6,1 фоизи келиб чиқиши африкалик ҳинду бўлган гарифуналардан иборат. Қолган 4,7 фоизни оқтанлилар, ҳиндулар, хитойлар ва бошқа миллат вакиллари ташкил этади.
Расмий тили – инглиз тили. Белизликларнинг кўпчилиги инглиз тилида эркин сўзлаша олса-да, аҳолининг бор-йўғи 4 фоизи уни ўз она тилиси деб ҳисоблайди. Сўзлашув тилида креол, испан, майя ва гарифуна тиллари кенг қўлланади.
Дини. Аҳолининг деярли ярми католик­лардан, 27 фоизи протестантлардан иборат.
Белиз барқарор ривожланаётган ва виждон эркинлиги таъминланган мамлакатлардан. Ўзаро иноқлик ва бағрикенглик тамо­йилларига амал қилинади. Шу сабабли Ислом ўлкада кенг тарқаляпти. Бугун бу ерда беш мингга яқин мусулмон яшайди.
Ислом ўлкага Африкадан келтирилган қуллар туфайли ёйилган.
Белиздаги илк исломий ўқув даргоҳи 1978 йили очилган. Кейинчалик Ислом олий техник мактаби фаолият бошлаган. 2009 йили Ислом маркази биноси қуриб битказилиб, ишга тушди. Мамлакатдаги асосий исломий ташкилот Белиз Ислом идораси ҳисобланади.
 
Орифжон МАДВАЛИЕВ
тайёрлади.