Пойтахти: Қоҳира шаҳри
Расмий тил: Араб тили
Майдони: 1 001 450 кв.км.
Йирик шаҳарлари: Қоҳира, Искандария, Гиза, Порт-Саид
 
Миср Араб Республикаси Африканинг шимолий-шарқи ва қисман Осиёда жойлашган давлат. Исроил, Фаластин, Судан ва Ливия давлатлари билан чегарадош. Мисрни шимолда Ўрта Ер денгизи, шарқида Қизил денгиз ювиб туради.
Миср аграр-индустриал мамлакат. Ингичка толали пахта тайёрлаш бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Искандария шаҳрида нефтни қайта ишловчи, автомобил шиналари ишлаб чиқарувчи заводлар, Сувайш-Қоҳира нефт қувури мавжуд. Қоҳира яқинида қурилган Ҳулвон металлургия заводи мамлакатнинг дастлабки йирик металлургия корхоналаридандир. Асвонда йилига 300 минг тонна пўлат ишлаб чиқарадиган металлургия маркази бор. Машинасозлик саноати ҳам ривожланган. Электр кабеллари заводи ва металл буюмлар ишлаб чиқариш фабрикаси, Ҳулвонда вагонсозлик, автомобил, Қоҳирада велосипед ва телевизор заводлари, Порт-Фуодда эса кемасозлик корхоналари бор. 
Фойдали қазилмалардан: темир, марганец, мис, рух, қўрғошин, волфрам, молибден, уран, олтин, нефт, табиий газ, фосфорит, ош тузи ва оҳактош мавжуд. Синай ярим ороли кўмир конларига бой. Қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоғи деҳқончилик бўлиб, буғдой, арпа, маккажўхори ва саб­завот экинлари экилади. Цит­рус мевалар, хурмо, банан, анжир, узум, асосан, мамлакат шимолида етиштирилади. Сайёҳ­лик соҳаси жуда ривожланган бўлиб, бу ўлкадаги дунёнинг етти мўъжизасидан бири – Миср эҳромлари ҳар йили миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб қилади.
Аҳолисининг 98 фоизи миср­лик араблар. Нубийлар, барбарлар, қибтлар Мисрнинг туб аҳолиси бўлиб, мамлакатга келган араблар билан аралашиб кетган қадимий мисрликларнинг авлодларидир. Греклар, арманлар, италянлар, инглизлар, французлар ҳам яшайди. Расмий тил — араб тили, деярли бутун аҳоли шу тилнинг ўзига хос бўлган Миср лаҳжасида гап­лашади. Пойтахт Қоҳира Африкадаги энг аҳолиси зич жойлашган шаҳар бўлиб, унда мамлакат аҳолисининг учдан бир қисми истиқомат қилади. Аҳоли ҳунармандлик, чорвачилик, деҳқончилик, асаларичилик ва балиқчилик билан шуғулланади. 
Аҳолининг 90 фоизи мусулмонлардир. Мамлакатда масжид­лар сони кўплиги боис, минг минора ўлкаси номини олган. Бу ерда турли халқаро ташкилотлар ва илмий-тадқиқот институтлари фаолият юритади. 988 йилда асос солинган Қоҳирадаги Ал-Азҳар университети жаҳондаги энг қадимий ва нуфузли Ислом академияси ҳисоб­ланади. 
 
Азизхон ҲАКИМОВ
тайёрлади.