Майдони: 243 809 кв. км.
Аҳолиси: 63 395 574 дан ортиқ.
Мустақилликка эришган куни: 1801 йил 1 январь.
Пойтахти: Лондон шаҳри.
Тузуми: конституциявий монархия.
Давлат тили: инглиз тили.
Йирик шаҳарлари: Лондон, Бирмингем, Лидс, Глазго, Белфаст, Манчестер, Эдинбург.
Пул бирлиги: фунт стерлинг.
 
Жўғрофий ўрни. Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги шимоли-ғарбий Оврупадаги давлат. Буюк Британия ороли (мамлакат ҳудудининг 90 %и шу оролда) ва Ирландия оролининг шимоли-шарқий қисмида ҳамда уларга ёндош майда ороллар (Англси, Уайт, Норманд, Оркней, Гебрид, Шетленд ва бошқалар)да жойлашган. Мамлакат ғарбида Атлантика океани, шарқида Шимолий денгиз бор. Мамлакатнинг шимоли-ғарби тоғлик, маркази ва жануби-шарқи текислик, пасттекислик ва тоғликлардан иборат. Унда фойдали қазилмалардан темир рудаси ва юқори сифатли тошкўмир, тош тузи, каолин, сланец, нефть ва рангли металл конлари мавжуд. Шимолий денгиз қирғоғига яқин жойларда табиий газ конлари ҳам бор. Англияда мўътадил денгиз иқлими хукмрон бўлиб, серёғин, ўзгарувчан ва тез-тез шамол бўлиб туради. Мамлакат Северн, Темза, Трент, Мерси, Клайд каби ­дарёлари, Лохей, Лохломонд, Лохнесс каби йирик кўллари билан ҳам машҳур. Ўрмонларида тулки, қуён, олмахон, типратикан ва ҳар хил сутэмизувчилар учрайди. Қушлардан ёввойи каптар, шотланд каклиги, ўрдак, қизилиштон ва карқур бор.
Тарихи. Ҳозирги Буюк Британия ҳудудида милоддан аввалги минг йилликда келт қабилалари – бриттлар яшаган. Милоддан олдин Британия оролларининг катта қисмини римликлар босиб олди. V асрнинг иккинчи ярмида англосакслар илк феодал қиролликларни тузишган. IX аср бошларида англосакс давлатлари бирлашди ва “Англия” деб атала бошланди. XI асрда у нормандлар (данияликлар) ҳукмронлиги остида бўлган. XVI асрда ўзини тутиб олган Англия ҳукумати мустамлакачилик сиёсатини юрита бошлади. Шимолий Америкада дастлабки инглиз мустамлакачилари қуллар бозорини кучайтирди. XVII асрда Ҳиндистоннинг баъзи ҳудудларини забт этди. XVIII асрда Франциядан Канадани тортиб олди. XIX асрда инглиз буржуазиясининг ташқи сиёсати савдо-саноат соҳасидаги устунлигини мустаҳкамлаш, мустамлакаларни кўпайтиришга қаратилди. Янги Зеландия, Бирма, Жанубий Американинг поёнсиз ҳудудлари, Ирландия, Кипр, Миср ва бир қанча Африка давлатларини босиб олди. XX аср бошларига келиб иқтисодий жиҳатдан АҚШ ва Германиядан орқада қола бошлади. 1970 йилда деярли қўл остидаги барча мустамлака давлатлар ўз мустақиллигига эришди. 1945 йилдан БМТ аъзоси. Ўзбекистон билан дипломатик муносабатларини 1992 йил 18 февралда ўрнатган.
Иқтисоди. Англия иқтисодий жиҳатдан ривожланган ва йирик саноатлашган мамлакат. Ялпи ички маҳсулотнинг 21 фоизини саноат, 1,8 фоизини қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги, 70,2 фоизини хизмат кўрсатиш тармоғи беради. Машинасозлик – автомобиль, самолёт, ракета, кема, илмий аппарат ва асбоблар, электроника маҳсулотлари ишлаб чиқариш жуда ривожланган. Нефтни қайта ишлаш, елим ва синтетик хомашё, дори-дармон, маъданли ўғит, бўёқ, каучук, сулфат кислотаси тайёрлаш ва озиқ-овқат саноати яхши йўлга қўйилган. Енгил саноат тармоқлари бўйича йирик корхоналари мавжуд. Қишлоқ хўжалигида аҳолининг 2 фоизигина банд. Шунда ҳам мамлакатнинг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжининг 75 фоизини ўзи таъминлайди. Чорвачилик, сабзавотчилик, боғдорчилик, гулчилик ривожланган. Шимолий денгиз ва Атлантика океанида балиқ овланади. Ташқи савдодаги асосий ҳамкорлари – Оврупа Иттифоқи мамлакатлари, АҚШ ва Япония.
Аҳолиси. Олтмиш тўрт миллионга яқин аҳолининг 81,5 фоизи инглиз, 1,9 фоизи валлий, 9,6 фоизи шотланд, 2,4 фоизи ирланд ва 2,6 фоизи бошқа миллат вакилларидир. Уларнинг 90 фоизи шаҳарларда яшайди. Аҳоли асосан инглиз тилида гаплашади. Ярим миллиондан кўп одам қадимий келт тилларидан бири валлий тилини билади.
Дини. Мамлакатда диндорларнинг аксарияти насроний бўлса-да, сикхий, буддий, яҳудий ва бошқа динларга эътиқод қилувчилар ҳам бор. Мамлакатда мусулмонлар адади жиҳатидан иккинчи ўринда туради. Сўнгги беш йил мобайнида, эътиқод қилувчилари кўпайиши бўйича Ислом дини биринчи ўринга чиққан. Мамлакатда 600 дан ортиқ масжид фаолият юритяпти. Оврупада энг йирик саналмиш Британия мусулмонлари уюшмаси қарамоғида бир неча Ислом ўқув марказлари бор.
 
Азизхон ҲАКИМОВ
тайёрлади.