Майдони: 385 186 кв.км.
Аҳолиси: 5 063 709 миллиондан ортиқ.
Мустақиллиги: 1905 йил, 26 октябрь.
Пойтахти: Осло шаҳри.
Бошқарув шакли: Конституцили монархия.
Давлат бошлиғи: Қирол.
Йирик шаҳарлари: Осло, Берген, Тронхейм, Ставангер.
Пул бирлиги: Норвегия кронаси.
 
Жўғрофий ўрни. Шимолий Европада, Скандинавия ярим оролининг ғарбий ва шимолий қисмида жойлашган. Шпицберген архипелаги, Медвежий, Лофотен, Вестеролен, Сеня, Магерё, Ян Меен ва Буве ороллари ҳам ушбу давлатга қарайди.
 
Табиати. Норвегия – тоғли ўлка. Ҳудудининг қарийб учдан икки қисми баланд тоғлардан иборат, денгиз соҳилидагина пасттекисликлар бор. Ғарбий қирғоғида тик ён қирғоқли қўлтиқлар (форд) кўп. Ҳудудининг катта қисмини Скандинавия тоғлари ишғол қилади (энг баланд чшққиси Галхёпигген – 2470 м.).
Иқлими мўтадил, шимолий чеккасида субарктика, соҳилида океан иқлими. Январнинг ўртача ҳарорати шимолда -2 – -4° C, жанубда 2° C. Ёзи салқин, тез-тез ёмғир ёғади. Музликларнинг умумий майдони салкам 3000 кв.км. Йирик дарёлари – Гломма, Логен (Гудбрансдал), Логен (Нумедал). Катта гидроэнергия салоҳиятига эга бўлган бу дарёлар қор, ёмғир ва музликлардан тўйинади. Энг катта кўли – Мёса. Асосий тупроғи – юпқа тундра тупроғи, жанубда тоғ подзол тупроғи учрайди. Мамлакат ҳудудининг 27 фоизи ўрмон. Ёввойи ҳайвонлардан тулки, силовсин, росомаха, сувсар, буғу, қуён, лемминг ва бошқалар мавжуд. Денгиз соҳилида гала-гала қушлар, денгизларда турли балиқлар ва тюлен кўп.
 
Тарихи. Норвегия ҳудудида музлик давридан кейинги асрлардан бери одам яшайди. Милоддан аввалги 1-минг йиллик ўрталарида саам ва герман қабилалари яшаган. Норвегларнинг ҳаёти азалдан денгиз билан боғлиқ: мамлакатнинг номи ҳам “норвег” – “шимолий йўл“, “денгиз йўли” маъносини билдиради. 872 йил биринчи норвег қироли тахтга ўтиради. VIII–XI асрларда моҳир денгизчи бўлган норвег викинглари Исландия, Гренландия ва Шимолий Атлантикадаги оролларга етиб бориб, уларни мустамлакага айлантиради. XI асрда насронийлик жорий этилади, марказлашган монархия қарор топади. XIV аср ўрталарида тарқалган вабо мамлакат хўжалигини, ижтимоий ва сиёсий ҳаётни издан чиқарди, аста-секин мустақиллик барбод бўлишига олиб борди. 1319 йил Швеция, 1380 йил Дания билан иттифоқ тузди. 1397 йил Калмар иттифоқига кўра, Норвегия Данияга тобе бўлиб қолди, 1537 йил Даниянинг вилоятига айланди. 1805–1814 йиллардаги Англия-Дания уруши ва очарчилик Норвегияни ҳалокат ёқасига келтириб қўйди, ўн минглаб киши ўлди. 1814 йил Кил сулҳ шартномасига кўра, Норвегия шведлар мулки бўлиб қолди. Бундан норози бўлган норвег халқи мустақиллик учун кураш бошлади. Ўша йили 17 майда биринчи парламент (таъсис мажлиси) чақирилиб, конституция қабул қилинди ва қирол сайланди. Швеция-Норвегия иттифоқи 1905 йилгача амал қилди, Норвегия ички мустакилликдан фойдаланди. 1905 йил 7 июнда Стортинг (Норвегия халқ вакиллари кенгаши) Швеция-Норвегия иттифоқини бекор қилди. Биринчи жаҳон урушида Норвегия бетарафлик эълон қилди. Иккинчи жаҳон уруши бошида Норвегия яна бетараф эканини билдирган бўлса ҳам, 1940 йилда гитлерчилар Германияси унга бостириб кирди, Норвегия ҳукумати Лондонга кўчди. 1942 йил фашистлар Норвегияда В.Квислинг бошчилигида сотқин ҳукумат тузди. Мамлакатда фашизмга қаршилик кўрсатиш ҳаракати авж олди. 1945 йил 8 майда Норвегия озодликка эришди. Урушдан кейинги йилларда мамлакат иқтисодиётини қайта тиклаш ва ривожлантиришга киришилди.
 
Иқтисоди. Норвегия ривожланган индустриал-аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 28,6%, қишлоқ хўжалигининг улуши 2,9%. Денгиз кема қатнови, балиқ овлаш, ташқи савдонинг аҳамияти катта. Саноатнинг етакчи тармоқлари: электр металлургия, электр кимё, селлюлоза-қоғоз, балиқ саноати, асосан, ташқи бозор учун ишлайди. Ички бозорга хизмат қиладиган тармоқлар орасида озиқ-овқат ва енгил саноат билан бирга машинасозлик ва металлсозлик яхши тараққий этган. Кончиликда темир ва титан рудаси, кўмир, нефт ва газ қазиб олиш катта ўрин тутади. Шунингдек мамлакатда темир, никел, мис, титан, уран, молибден, кобалт ва кумуш рудаларини қазиб олиш ҳам йўлга қўйилган. Шимолий денгизнинг қуруқликка яқин саёз қисмида нефт ва газ конлари бор. Электр энергиянинг 99% ГЭСларда ҳосил қилинади (йилига ўртача 122 млрд. квтт. соат). Кемасозлик, электротехника, радиотехника ва ёғочсозлик саноати кўпроқ ривожланган. Аҳоли жон бошига нисбатан электр энергияси, селлюлоза қоғоз маҳсулотлари, ферроқотишма, алюминий ишлаб чиқариш ва кемасозликда бу диёр дунёда етакчи. Мамлакатнинг табиий шароити қишлоқ хўжалиги учун жуда ноқулай. Тоғ-тош кўплигидан Норвегия ҳудудининг уч фоизга яқинигина ҳайдалади. Қишлоқ хўжалиги асосан чорвачиликка ихтисослашган. Бир оз миқдорда ем-хашак экинлари, ғалла (сули ва арпа) ҳамда картошка экилади. Чорвачиликда йилқи, қорамол, қўй, чўчқа, парранда боқилади. Қишлоқ хўжалиги мамлакатнинг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини қондира олмайди. Мўйна ҳайвонотчилиги, балиқчилик ривожланган, ўрмонларда кўп миқдорда ёғоч тайёрланади. Ички юклар ва ташқи савдо маҳсулотларининг аксарияти денгиз кемаларида ташилади. Денгиз савдо флоти салкам 40 миллион тонна юк ташийди. Йирик портлари: Осло, Берген, Ставангер. Четга нефт ва табиий газ, кемасозлик, селлюлоза-қоғоз ва кимё саноати маҳсулотлари, қора ва рангли металлар, балиқ маҳсулотлари чиқаради. Четдан ускуна, минерал хом ашё, автомобиллар олади. Ташқи савдодаги асосий ҳамкорлари Буюк Британия, Швеция, Германия, Нидерландия. 1945 йилдан БМТ аъзоси. 1992 йил 10 июнда Ўзбекистон Республикаси билан дипломатия муносабатларини ўрнатган. Миллий байрами 17 май – Конституция куни.
 
Аҳолиси. Аҳолисининг 97% норвеглар. Саамлар, квенлар, шведлар, данлар, немислар ва араблар ҳам яшайди. Классик адабий норвег тилини букмол тили ҳам деб аташади. Аҳоли орасида қадимий дат тилида гаплашадиганлар ҳам бор.
 
Дини. Аҳолининг 30% насронийларнинг лютеранлик йўналишидадир. Бундан ташқари, буддийлик, сикхлик ва яҳудийлик динларига эътиқод қилувчилар ҳам мавжуд. Мусулмонлар Норвегияда 2 фоизни ташкил қилса-да, улар адади тез ортаётир. Кўпчилиги пойтахтда ва Акерсхус шаҳрида истиқомат қилади. Бу ўлкада мусулмонлар уюшмаси фаолият кўрсатади. Ҳозир бу ерда янги масжидлар барпо этиляпти ва ташландиқ черковлар масжидларга айлантириляпти.
 
Азизхон ҲАКИМОВ
тайёрлади.