Майдони: 83 600 кв. км².
Аҳолиси: 5 473 972 нафар.
Мустақиллиги: 1971 йил, 2 декабрь.
Пойтахти: Абу Даби.
Йирик шаҳри: Дубай.
Бошқарув шакли: мутлақ монархия ва рес­публика уйғунлиги.
Давлат бошлиғи: президент.
Давлат тили: араб тили.
Пул бирлиги: дирҳам.
 
Жўғрофий ўрни. Форс кўрфазининг жанубий соҳилларида жойлашган бу давлат қуруқликда Саудия Арабистони ва Уммон билан чегарадош бўлиб, шунингдек, мамлакат қирғоқларини Форс ва Уммон кўрфази сувлари ювиб туради. Унинг рўпарасида Эрон, шимоли-ғарбидан 50 километр нарида Қатар жойлашган. 
Иқлими. Ҳудудининг асосий қисми саҳродан иборат, шимолида тоғлик, шарқида эса шўрхок тупроқ бор. Иқлими жуда иссиқ ва қуруқ, ёз фаслида ҳарорат 50 даражагача кўтарилади. Ерларни ободонлаштириш мақсадида давлатнинг махсус лойиҳаси тузилиб, хурмо, палма ва турли дарахтлар экилиб, кўкаламзорлаштирилди. Шу саҳрода дунёдаги энг катта гуллар боғи яратилди. Тоғ ёнбағирларида қоплон, бир ўркачли туялар ва ёввойи эчкилар учрайди. Баҳор ва кузда Ўрта Осиёдан учиб ўтадиган қушлар галаларини кўриш мумкин.
Тарихи. VII асрда мамлакатнинг Форс ва Уммон кўрфазлари этакларидаги майда амирликлар араб халифалиги қарамоғида бўлган. Ана шу даврда Дубай, Шаржа ва Фужайра шаҳарлари бунёд этилган. X–XI асрларда Арабистон яриморолининг шарқий қисми қарматлар, кейин эса Уммон султонлиги ҳукмронлигига ўтган. XV аср охирида португаллар таъсири остида қолган. XVIII асрдан бошлаб узоқ муддат инглизлар қўлига ўтган. Ниҳоят, 1971 йил ­2 ­декабрда инглизлардан озод бўлиб, мамлакат мустақилликка эришди.
Иқтисоди. Мустақилликка эришгандан сўнг мамлакат иқтисодида катта бурилиш ҳосил бўлди. Саҳродан иборат ўлка таниб бўлмас даражада ўзгариб, унда осмонўпар бинолар, йирик корхоналар ва замонавий меҳмонхоналар пайдо бўлди. Мамлакат пойтахти Абу Дабида сув устига қурилган палма шаклидаги бино, етти юлдузли меҳмонхона ва сунъий қиш фасли боғи диёр кўркига-кўрк қўшди. Кунига 2 200 000 миллион баррел ишлаб чиқарилаётган қора олтин бу ўлкани минтақадаги энг бой мамлакатлар сафига қўшди. Ташқи иқтисодий алоқалар жуда яхши йўлга қўйилди, Узоқ Шарқ ва Оврупани боғлаб турувчи халқаро иқтисодий марказга айланди. Рашид, Жобил Али ва Фужайра портларидан йилига 3­ миллион контейнерда турли маҳсулот ташилади. Ҳозир Дубай шаҳри жаҳоннинг халқаро иқтисодий ва тижорий марказларидан бири, десак муболаға бўлмайди. Дунёдаги энг нуфузли ширкатлар ўзларининг муҳим келишувларини айнан Дубай шаҳрида ўтказиши урф бўлиб қолди.
Автомобиль йўлларининг деярли ҳаммаси текис асфальтланган. Асосан енгил автомашиналар қатнайди. 2009 йили ишга тушган метронинг 26 бекати бор. Мамлакатда Абу Даби, Дубай, Шаржа, Рас Ҳайма, Фужайра ва Алайна каби олтита халқаро аэропорт мавжуд. Улардан йилига эллик миллион йўловчи фойдаланади. Йирик ҳамкорлари Япония, Россия, Хитой, Америка ва Оврупа мамлакатларидир. Ўзбекистон Республикаси билан дипломатик алоқалар 1992 йил 25 октябрь куни ўрнатилган.
Аҳолиси. Аҳолининг учдан бир қисмигина маҳаллий араблар. 70 фоиз аҳоли, асосан, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Шри-Ланка, Непал, Филиппин ва бошқа Жанубий Осиё давлатларидан келган ишчилардир. Дубайнинг ўзида қарийб 3 миллионга яқин муҳожир ишчи бор.
Маҳаллий аҳоли миллий ҳунармандчилик ва деҳ­қончилик билан ҳам шуғулланади. Қишлоқ хўжалигининг айрим маҳсулотлари, масалан, ертут ҳатто Оврупага экспорт қилинади.
Мамлакатда ҳижрий янги йил, икки ҳайит, ашуро куни, пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мавлудлари, мустақиллик куни ва Рамазон байрамлари кенг нишонланади.
Тили. Давлат тили араб тили ҳисобланса-да, аҳолининг аксарияти инглиз тилида сўзлашади. Бу диёрга йилига ўртача 20 миллион нафардан ортиқ сайёҳ келиб кетади. Шу боис, маҳаллий аҳоли ҳинд, урду, форс ва рус тилларидан ҳам хабардор.
Дини. Мамлакат аҳолисининг 98 фоизи мусулмонлар. Оз миқдорда насронийлар, ҳиндулар ва буддийлар ҳам бор. БААда бир неча Ислом олий ўқув юртлари, илмий текшириш институтлари, тадқиқот марказлари ва халқаро ташкилотлар фаолият кўрсатади. Мамлакатда 5000 дан зиёд жоме мавжуд бўлиб, уларнинг энг йириги пойтахт Абу Даби шаҳридаги “Шайх Зайд” масжиди юрт фахридир. Жомеда бир вақтнинг ўзида 40 000 нафар намозхон ибодат қила олади.
Азизхон ҲАКИМОВ
тайёрлади.