Майдони: 43 094 кв. км.
Аҳолиси: 5 693 000 нафардан ортиқ.
Пойтахти: Копенгаген шаҳри.
Бошқарув шакли: Конституцион монархия.
Давлат бошлиғи: Қирол.
Йирик шаҳарлари: Орхус, Оденсе, Хелсингёр.
Пул бирлиги: Дания кронаси.
 
Жўғрофий ўрни. Дания Оврупанинг шимоли-ғарбидаги давлат. Жануби-ғарбда Швеция, жанубда эса Норвегия ва Олмония билан чегарадош. Мамлакат қирғоқларини Болтиқ ва Шимолий денгизлари ювиб туради. Ютландия яриморолининг катта қисмини, унга яқин ороллар гуруҳи – Зеландия, Фюн, Лолланн ва Фалстерни қамраб олади. Данияни Скагеррак бўғози Норвегиядан, Эресунн эса Швециядан ажратиб туради. Дунёдаги энг йирик Гренландия ва Фарер ороллари ҳам расман Дания давлатига тегишли. Аммо бу ҳудудлар деярли мустақил ўзини-ўзи бошқаради.
 
Иқлими. Дания япалоқ баргли ўрмонлар ҳудудида жойлашган бўлиб, ери текисликдир. Энг баланд жойи Ютландия ярим­оролидаги Аер-Бавнехой тепалиги (172 м). Ютландия яримороли ва бошқа оролларнинг соҳилларида қўлтиқлар ва бўғозлар кўп. Мўътадил денгиз иқлими ҳукм суради, ёзи салқин, баҳор ва куз фасллари узоқ давом этади. Қиш ойларида ўртача ҳарорат ­0 даража, июлда 15–16 даража иссиқ бўлади. Ёғиннинг кўп қисми кузда ёғади, тез-тез туман тушади. Дарёлари кичик, энг каттаси Гудено 158 км. Кичик оқар кўллар кўп. Мамлакат ғарбининг тупроғи кулранг, шарқиники қўнғир ўрмон тупроқларидир. Ҳудудининг 10 фоизини қарағай, қорақарағай, қорақайин ва дуб ўрмонлари эгаллаган. Бу ўрмонларда оҳу, чипор буғу, элик ва тустовуқ учрайди. Соҳилларда парранда кўп. Йирик қўриқхоналари – Хесселё, Ворсе.
 
Тарихи. Дания ҳудудида одамлар қадим замонлардан бери яшаб келган. Милодий V–VI асрларда бу ерга данлар қабиласи келиб жойлашган ва VIII асрда улар Даниядаги асосий қабилага айланган. Мамлакат номи шу қабила номидан келиб чиққан. Дания давлати IX–X асрларда шаклланган. XI аср бошларида Буюк Кнуд I ҳукмронлиги даврида Англия ва Норвегия Данияга қисқа вақт қарам бўлиб турган. Валдемар (1202–41) қироллик қилган даврда Дания давлати бирмунча мустаҳкамланган. Скандинавия давлатлари орасида Дания иқтисодий тараққий этган ва сиёсий жиҳатдан кучли бўлган. 1660 йил Дания давлати меросий монархия деб эълон қилинди. Фредерик III эълон қилган қонун Даниянинг мутлақ монархияга айланганини ҳуқуқий жиҳатдан тасдиқлади. XIX аср охири – XX аср бошларида рўй берган сиёсий ва ижтимоий ўзгаришлар 1915 йилги конституцияда аксини топди. Биринчи жаҳон урушида Дания бетараф турган. 1930 йиллардаги жаҳон иқтисодий инқирози қироллик иқтисодига катта салбий таъсир кўрсатди. 1940 йил апрелида Олмония Данияни босиб олди ва ўзининг озиқ-овқат базасига айлантирди. 1942–43-йилларда мамлакатда қаршилик кўрсатиш ҳаракати авж олди. 1943 йил сентябрда Озодлик кенгаши тузилди. 1945 йил 5 майда мамлакат тўла озод қилинди. Дания 1945 йилдан БМТ, 1949 йил 4 апрелдан эса НАТО аъзосидир. Ўзбекистон Республикаси билан расмий муносабатларини 1992 йил 25 январда ўрнатган.
 
Иқтисоди. Дания юксак ривожланган индустриал-аграр мамлакат. Бу диёрда хусусий сармоя устун. Ялпи миллий маҳсулотнинг 30 фоизи давлат секторига тўғри келади. 40 фоизидан кўпроғи четга сотилади. Ялпи ички маҳсулотда саноат ва қурилишнинг улуши 26,4 фоиз, қишлоқ, ўрмон хўжалиги ва балиқчиликнинг улуши – 3,5 фоиз. Данияда қазилма бойлик­лар оз. Иқтисодиётида нефть, табиий газ, машинасозлик, каолин қазиб олиш, ­кимё, тўқимачилик, кемасозлик катта ўрин тутади.
Мамлакатда 80 мингга яқин фермер хўжалиги бор. Ҳудудининг 70 фоизи экин-тикинга яроқли. Қишлоқ хўжалиги умумий маҳсулотининг 90 фоизини чорвачилик беради. Аҳоли жон бошига сут, ёғ ва гўшт етиштиришда дунёда олдинги ўринларда. Асосий ҳамкорлари – Жанубий Африка Республикаси, Колумбия, Россия ва Польша.
 
Аҳолиси. Аҳолисининг 90 фоизидан кўпини данлар ташкил қилади. Немислар ва фризлар ҳам бор. Аҳолининг 84,9 фоизи шаҳарларда яшайди. Ўртача умр кўриш кўрсаткичи эркакларда 76, аёлларда 81 ёш. Расмий тил дан тили, немис ва инглиз тилида ҳам сўзлашади.
 
Дини. Дания аҳолисининг 85 фоизи насронийликнинг лютеран йўналишига эътиқод қилади. Бу ўлкада 4 фоизга яқин, яъни уч юз минг аҳоли мусулмонлардир. Улар, асосан, ўтган асрда Туркия, Покистон, Марокаш ва собиқ Югославиядан ишлашга келганлар ва 1980–90-йилларда Ироқ, Эрон, Сомали ва Босниядан келган қочоқлардир. Дан миллатига мансуб мусулмонлар ҳам йилдан-йилга кўпаймоқда. Мамлакатда мусулмонлар уюшмаси, 19 та масжид, иккита Ислом маданият маркази ва Ислом банки фаолият юритади. Мамлакатда биринчи масжид пойтахтда 2006 йилда бунёд этилган. Бу ўлка ер нархи энг қиммат мамлакатлардан биридир. Мазкур жомега ажратилган 5000 квадрат метр майдон 6 миллион АҚШ долларига харид қилинган. Мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам бирин-кетин чиройли масжидлар барпо этилмоқда. Яқиндагина Нёрребро ҳудудида қурилган янги мажмуа мусулмонлар учун катта туҳфа бўлди. 6800 квадрат метр майдонни қамраб олган мажмуада 20 метрли минора, катта хонақоҳ, аудиториялар, стадион, боғ ва ошхона бор. Мажмуа Скандинавияда энг йирик Ислом марказидир.
 
Азизхон ҲАКИМОВ
тайёрлади.