Майдони: 268 680 кв. км.
Пойтахти: Веллингтон шаҳри.
Йирик шаҳарлари: Окленд, Веллингтон, Крайстчерч, Гамильтон, Данидин.
Аҳолиси: 4 596 700 нафардан ортиқ.
Бошқарув шакли: парламентар монархия.
Давлат бошлиғи: қиролича Елизавета II.
Пул бирлиги: Янги Зеландия доллари.
 
Жўғрофий ўрни. Янги Зеландия Тинч океаннинг жануби-ғарбидаги давлат бўлиб, Кук бўғози ажратиб турган шимолий ва жанубий оролларда жойлашган. Таркибига Тинч океанидаги бир қанча майда ороллар ҳам киради. Мамлакатнинг тўртдан уч қисми тоғ, қир ва тепаликлардан иборат. Соҳили ва дарё водийлари пасттекислик. Шимолий оролда тез-тез зилзила бўлиб туради, сўнмаган вулқонлар, қайнар булоқлар бор. Жанубий оролдаги Алп тоғларининг энг баланд жойи Кук тоғи – уч минг етти юз олтмиш тўрт метр. Унинг чўққиларида доимий қор ва музликлар бор. Шимолий орол қирғоғи яқинида нефть, газ, темир, мис, полиметалл рудалари, олтин ва кўмир конлари бор. Иқлими субтропик денгиз иқлими, жанубида эса мўътадил иқлим ҳукмрон. Дарёлари серсув, гидроэнергия захирасига бой. Энг йирик дарёси – Уаикато. Кўл кўп, энг йириги – Таупо. Тупроғи сариқ ва қорамтир. Мамлакат ҳудудининг йигирма уч фоизини ўрмон ташкил қилади.
 
Тарихи. Янги Зеландияга X–XIV асрларда маорилар келиб жойлашган. Европаликлардан дастлаб 1642 йилда голландиялик денгизчи Абел Янсзан Тасман борган. 1769–70­-йилларда инглиз денгизчи сайёҳи Жеймс Кук мамлакат оролларини тадқиқ қилган. XIX аср бошларида европаликларнинг дастлабки аҳоли пунктлари пайдо бўлди. 1840 йилда илк инглиз муҳожирлари Веллингтон шаҳрини барпо этдилар. 1840 йилдан Англия Янги Зеландияни мустамлакага айлантирди. 1843 йил маориларнинг инглиз мустамлакачиларига қарши қуролли қўзғолони бошланди. 1872 йилга келиб маориларнинг қаршилиги тўла бостирилди. 1907 йил Янги Зеландия доминион мақомини олди. Биринчи жаҳон урушида мамлакат Буюк Британия томонида бўлди. 1926 йилги империя конференцияси ва 1931 йилги Вестминстер қонуни билан тасдиқланган қарорлар асосида Янги Зеландия ташқи ва ички ишларда тўла мустақилликка эга бўлди. 1930 йилдан ҳокимиятни навбатма-навбат миллий партия ва лейбористлар партияси эгаллаб келмоқда. Янги Зеландия 1945 йилдан БМТ аъзоси. 1992 йил 19 мартда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини тан олган ва дипломатик муносабатлар ўрнатган.
 
Иқтисоди. Янги Зеландия қишлоқ хўжалиги юксак даражада ривожланган аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда қишлоқ хўжалиги тўққиз фоиз, саноат йигирма беш фоиз, хизмат кўрсатиш тармоғи олтмиш олти фоизни ташкил этади. Қишлоқ хўжалигининг асоси – сут, сариёғ, гўшт, жун ва пишлоқ экспорт қилиш бўйича дунёда етакчи ўринларда туради. Чорвачилигида қирқ етти ярим миллион қўй, тўққиз миллион қорамол боқилади. Мамлакатда қора ва рангли металлургия, машинасозлик, ёғочсозлик, кимё, тўқимачилик саноати корхоналари мавжуд. Алюминий, елим, ўғит, цемент, чинни заводлари бор. Табиий газ, темир рудаси, мис, қўрғошин, рух, олтин, кумуш ва тошкўмир қазиб олинади.
 
Аҳолиси. Аҳолисининг асосий қисми маҳаллий халқ бўлиб, улар инглизлар ва маориларга бўлинади. Бундан ташқари, полинезияликлар, шотланд, ирланд, хитой, ҳинд ва бошқа халқлар вакиллари ҳам бор. Аҳолисининг саксон беш фоизи шаҳарларда яшайди. Улар австралияликларнинг лаҳжасига яқин, инглиз тилида мулоқот қилишади, ундан оммавий ахборот воситаларида кенг қўлланилади. Иккинчи тил – маори тилида аҳолининг ўн беш фоизи сўзлашади. Деярли барча давлат идораларининг номлари маоричада юритилади. 2006 йилдан расмий тил мақомини олган имо-ишора тилида йигирма беш минг нафар аҳоли муомала қилади. Уни нафақат кар-соқовлар, балки аҳолининг соғлом қисми ҳам билади.
 
Дини. Мамлакат аҳолисининг олтмиш фоизи насроний – протестантлар. Ўттиз фоизи эса ҳеч қайси динга эътиқод қилмайди. Мусулмонлар, сикхийлар ва ҳиндулар аҳолининг қолган ўн фоизини ташкил қилади.
Ислом динини Янги Зеландияга илк бор 1870 йилда мамлакатнинг Отаго ҳудудига олтин излаб келган хитойликлар олиб келган. 1900 йилдан эса Ҳиндистондан борган мигрантлар уларга қўшимча бўлди. 1951 йилда Оврупадан келган муҳожирлар билан кемада косоволик албанлардан Мазхар Красники ҳам бор эди. Шу инсон 1959 йили Окланд шаҳрида мамлакат мусулмонлари уюшмасини тузди. 1979 йилда уюшма учта ҳудудни бирлаштириб, Янги Зеландия мусулмонлари уюшмаси федерацияси номини олди. Унинг биринчи раҳбари этиб Красники сайланди, кейинчалик уни Ашраф Чоудхари бошқарди. 1990 йилдан бошлаб мусулмонлар сони кўпайишига Фиджи, Сомали, Афғонистон, Босния ва Герцеговинадан иш излаб келганлар сабаб бўлди. Бу ўлкада илк масжид 1980 йилда барпо этилган, у бир вақтнинг ўзида беш юз нафар намозхонни сиғдира олади. Кейинчалик у ерда шаҳар кўркига кўрк қўшувчи масжидлар сони қарийб ўттизтага етди. Мусулмонларнинг аксарияти Окланд шаҳрида истиқомат қилади. Шунингдек, мамлакатнинг жанубий оролидаги Крайстчерче ва Данидин шаҳарларида ҳам мусулмонлар бор. Малайзия, Сингапур ва Индонезия каби мусулмон мамлакатларидан Янги Зеландия университетларида таҳсил олиш учун келган талабаларнинг аксарияти пойтахтда яшашади. Уларнинг Ислом маданият маркази ҳам фаолият юритади. Сўнгги йилларда Ислом динини қабул қилаётганлар сони янада ортиб, қирқ олти минг нафарга етди. Бу эса 2006 йилга нисбатан йигирма саккиз фоиз кўп демакдир. Ҳозир Янги Зеландия бутун дунё эътироф этган “Ҳалол” сертификатига эга. Мамлакатда етиштирилаётган гўшт маҳсулотларининг аксарига мазкур тамға урилиб, қадоқланган ҳолда Қувайт, Саудия Арабистони, Қатар, Эрон ва Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатларга экспорт қилинади. Тадбиркорликнинг бу янги соҳаси мамлакат иқтисодига катта даромад ҳам келтиряпти.
 
Азизхон ҲАКИМОВ
тайёрлади.