Майдони:  718,1 кв. км.
Пойтахти: Сингапур шаҳри.
Аҳолиси: 5312000 нафардан ортиқ.
Бошқарув шакли: парламент республикаси.
Пул бирлиги: сингапур доллари.
 
Жўғрофий ўрни. Жануби-шарқий Осиёдаги бу мамлакат Сингапур ороли ва унга туташ майда ороллар Малакка ярим­оролининг жанубий чеккасида жойлашган. Сингапур оролини Жохор бўғози Малакка яриморолидан, Малакка ва Сингапур бўғозлари Индонезия оролларидан ажратиб туради. Соҳиллари пасттекислик, бир оз ботқоқлашган жойлар, жануби-ғарбий соҳилларида маржон қоялари бор. Иқлими экваторга хос, серёмғир. Катта дарёси – Сингапур. Ичимлик суви етишмайди ва Малайзиядан келтирилади. Кўпгина майда оролларда одам яшамайди, уларда тропик ўсимликлар сақланиб қолган. Айрим соҳилларни мангозорлар тўлиқ эгаллаган.
 
Тарихи. Милодий XIV асрга оид Хитой ва Ява солномаларида Сингапур ороли “Тумасик” деб аталган. 1275 йилда Сингапурга Ява қўшинлари, 1349 йилда Сиём ҳарбий кемалари ҳужум қилган. 1377 йилдан орол Явага қарам бўлган, XV аср бошларида эса Тан давлатининг, сўнг Жохор султонлиги қўлига ўтган. 1819 йилда оролнинг Ост-Индия ширкатининг, 1826 йилдан эса Англия мустамлакаси ҳисобланган. Иккинчи жаҳон уруши вақтида Сингапурни япон қўшинлари эгаллаб турган. 1959 йилдан Ҳамдўстлик таркибидаги “Ўзини ўзи бошқарувчи давлат” мақомини олган. 1963–65-йилларда Малайзия Федерацияси таркибида бўлди. 1965 йилда мустақил республикага айланди. 1965 йилдан БМТ аъзоси. 1992 йил 2 январда Ўзбекистон Республикаси суверенитетини тан олди. 1997 йилда дипломатия муносабатлари ўрнатилди.
Иқтисоди. Сингапур – жануби-шарқий Осиёда иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган давлат. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг 28, транспорт ва алоқанинг 13,1, қишлоқ хўжалигининг 0,2 фоиз улуши бор. Саноатининг етакчи тармоқлари машинасозлик, электротехника, оптика, кенг истеъмол моллари ва мураккаб космик тадқиқотлар учун мўлжалланган аппаратларга ихтисослашган. Ташқи савдосида қайта экспорт қилиш катта ўрин олган. Четдан келтириладиган хомашё асосида йилига 50 миллион тонна нефтни қайта ишлаш имкониятига эга. Кемасозлик, кема таъмирлаш, самолётсозлик, металлургия, кимё, ёғочсозлик, қурилиш моллари, тўқимачилик, резина, чармпойабзал, озиқ-овқат корхоналари бор. Қишлоқ хўжалиги унчалик ривожланмаган ва мамлакатнинг озиқ-овқатга эҳтиёжини қондирмайди. Чунки мамлакат ҳудудининг 20 фоизигина экинзор ерлардир. Асосан, шаҳар аҳолиси учун сабзавот, мева, зиравор, тамаки, кокос ёнғоғи етиштирилади. Аҳоли, асосан, парранда боқиш ва балиқ овлаш билан шуғулланади. Сингапур ва Журонг – асосий денгиз портларидир. Сайёҳлик яхши йўлга қўйилган. Иқтисодий ҳамкорлари – Малайзия, Гонконг, Индонезия, Хитой, Америка, Япония, Таиланд, Тайвань ва Жанубий Корея.
 
Аҳолиси. Сингапур – аҳоли зичлиги бўйича дунёда иккинчи ўринда. Миллий таркиб жиҳатидан қўшни Малайзиядан тубдан фарқ қилади. Аҳолисининг кўпчилиги – 76 фоизи хитойлар, 14 фоизи малайлар, Ҳиндистон, Бангладеш, Покистон, Шри Ланкадан келганлар 7 фоиз, қолган 3 фоизи араб­лар, яҳудийлар, арманлар, метислар ва оврупаликлардир.
 
Дини. Сингапур аҳолисининг 15 фоизи мусулмонлардир. Мусулмонларнинг аксар қисми суннийлик йўналишида. Ислом дини бу диёрда 1915 йилдан кенг тарқала бошлаган. Ўша йили британияликлар биринчи мусулмонлар кенгашини тузишган. 1963–65-йилларда давлат Малайзиянинг бир қисмига айланган даврда мусулмонлар сони янада ортган. 1968 йилда тўлақонли мусулмонлар уюшмаси ташкил этилиб, Ислом расмий дин сифатида эътироф этилган. Ҳозир мусулмонларнинг аксариятини малайлар, покистонлик­лар, ҳиндлар ва араблар ташкил қилади. Мамлакатда 70 дан ортиқ масжид бўлиб, уларнинг энг йириги “Султон Ҳусайн” жомеидир. Бир вақтнинг ўзида 5000 дан зиёд намозхонни сиғдира оладиган масжид барча замонавий қулайликларга эга.
 
Азизхон ҲАКИМОВ
тайёрлади.