Майдони: 377 944 кв.км.
Пойтахти: Токио шаҳри.
Йирик шаҳарлари: Иокогама, Осака, Нагоя, Саппоро, Кобе.
Аҳолиси: 127 000 000 дан ортиқ.

Жўғрофий ўрни. Япония  – Шарқий Осиёда, Тинч океанидаги оролларда жойлашган давлат. Унинг ҳудудида 7 мингга яқин орол бўлиб, шимоли-шарқдан жануби-ғарбга қарийб 9.13 минг километрга чўзилган. Энг йирик ороллари – Хоккайдо, Хоншу, Секоку ва Кюшу. Шимолдан Охота денгизи, шарқ ва жануби-шарқдан Тинч океани, ғарбдан эса Япон ва Шарқий Хитой денгизлари билан ўралган.
Иқлими. Япония мўътадил, субтропик ва тропик минтақаларда жойлашган. Ҳудудининг 3/4 қисми қир ва тоғлардан иборат. Япониядаги энг баланд вулқон – Фужияма 3776 метргача кўтарилган. Хоншу оролининг марказий қисмидаги тоғ тизмаларининг чўққилари йилнинг кўп вақтида қор билан қопланиб туради. Япониянинг дарёлари серсув ва тез оқади. Кўпгина дарё сувларидан суғориш учун ва гидроэнергия ресурслари сифатида фойдаланилади. Мамлакатда майда кўл кўп бўлиб, улар ичимлик суви манбаи­дир. Энг катта кўл – Бива.
Япония ҳудудининг 67 фоизи ўрмон ва бутазорлардан иборат. Япониянинг ҳайвонот дунёси ҳам ранг-баранг. У ерда сут эмизувчи ҳайвонларнинг 132, қушларнинг 490, судралиб юрувчиларнинг 110 тури мавжуд. Қирғоқларга туташ денгиз сувларида балиқларнинг 3000 га яқин, молюскаларнинг 1200 дан ортиқ хили яшайди.
Тарихи. Милоддан аввалги 2-минг йилликда Япония ҳудудида “айн” қабиласи яшаган. Илк япон давлати IV аср ўрталарида ташкил топган йирик қабилалар иттифоқи – Ямато асосида таркиб топди. 710 йилда биринчи пойтахт – Нара қурилди, 794 йилда пойтахт Киотога кўчирилди.
1869 йилда Токио расман пойтахт деб эълон қилинди. 1871–72 йилларда князликлар тугатилиб, ўрнига префектуралар ташкил этилди.
XX аср иккинчи ярмидан бош­лаб Япония иқтисодиёти тез суръатлар билан ривожланди. 1960 йилларнинг охирига келиб “япон мўъжизаси” атамаси пайдо бўлди ва саноат ишлаб чиқариш ҳажми бўйича капиталистик дунёда иккинчи ўринга чиқди. 1990 йилларда жаҳон миқёсидаги энг катта сармоядор давлатга айланди. Мамлакат 1956 йилдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси. Ўзбекистон Республикаси суверенитетини 1991 йил 28 декабрда тан олган ва 1992 йил 26 январда дипломатия муносабатларини ўрнатган.
Иқтисоди. Япония – иқтисодий қудрати бўйича жаҳонда Америка ва Хитойдан ке­йинги ўринда турадиган юксак даражада ривожланган индустриал-аграр мамлакат. Саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми бўйича жаҳонда олдинги ўринларда туриши билан бирга, жаҳон ялпи миллий маҳсулотининг 13 фоиздан ортиғига эгалик қилади. Бундан ташқари, йирик халқаро иқтисодий, савдо ва молия ташкилотлари ҳамда “саккизлик” давлатларида етакчилик қилади. Аҳолининг 25 фоизи саноат соҳасида ишлайди. Қора ва рангли металлургия саноати яхши ривожланган. Кон саноатида кўмир, газ, темир, мис рудаси, пирит, рух, қўрғошин, марганец, кумуш, олтин, симоб, каолин ва талк қазиб олинади. Машинасозлик ва кимё саноати юксак тараққий этган. Автомобиллар, маиший техника, электрон асбоблар, алоқа воситалари, кема, пўлат, цемент, елим, синтетик тола, робот ишлаб чиқариш, нефтни қайта ишлаш, биотехнология – мамлакат иқтисодиётининг устувор тармоқларидир. Қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги бўйича дунёда олдинги ўринлардан бирида. Японияда 3000 дан ортиқ балиқ овлаш портлари бўлиб, дунё бўйича овланадиган денгиз жониворларининг 15 фоизи шу портларга тўғри келади.
Аҳолиси. Аҳолисининг 99 фоиздан кўпи японлар. Хоккайдо оролида мамлакатнинг энг қадимий аҳолиси – айнлар сақланиб қолган. Шунингдек, корейс, хитой, филиппин ва бразилияликлар ҳам яшайди. Расмий тил – япон тили. Аҳолининг 77 фоизи шаҳарларда яшайди. Мамлакат аҳолиси дунёда энг узоқ умр кўрувчи халқ ҳисобланиб, уларнинг аксарияти ўртача 83 ёшгача яшайди.
Дини. Асосий динлари – синтоизм, буддийлик, конфуцийлик ва даосизм. Насронийлик ва ҳиндуийликка эътиқод қилувчилар ҳам мавжуд. Ислом бу ўлкага XIX аср охирида кириб келган. 1924 йилда татаристонлик Муҳаммад Абдулҳай мусулмонлар уюшмасини ташкил қилган. 1927 йилда Японияда биринчи мадраса ишга тушган. 1928 йилда араб ёзувидаги китобларни нашр қиладиган босмахона очилган ва Узоқ Шарқда биринчи бор Қуръони карим чоп этилган. 1935 йилда Токио ва Кобе шаҳарларида масжидлар барпо этилган. 1950 йили ёзувчи ва мутафаккир Сюмай Окава Мусҳафни япон тилида шарҳлади. 1956 йилдан Япония мусулмонлар уюшмаси, 1966 йилдан эса Япония Ислом маркази фаолият юритади. 1985 йилдан бошлаб бу диёрга Бангладеш ва Эрон каби Ислом давлатларидан ишчилар келгани боис, мусулмонлар сони янада ортди. Ҳозирги кунда мамлакатда мусулмонлар тахминан 100 минг кишини ташкил қилади ва 40 тага яқин масжид фаолият юритади.

Азизхон ҲАКИМОВ
тайёрлади.