Жануби-шарқий Осиёда жойлашган ушбу давлат ҳудудининг катталиги ва аҳолиси сони бўйича дунёда энг йирик мамлакатлардан биридир. Икки юз қирқ олти миллион нафар аҳолининг саксон саккиз фои­зи Ислом динига эътиқод қилгани боис, жаҳонда мусулмонлар сони кўплиги жиҳатидан энг йириги ҳисобланади. Ҳудуди бир миллион тўққиз юз ўн тўққиз минг тўрт юз қирқ квадрат километрни эгаллаган. У йирик ва майда ороллардан иборат бўлиб, Калимантан оролида Малайзия ва Янги Гвинея оролида Папуа-Гвинея давлатлари билан чегарадош. Пойтахти – Жакарта. Мамлакат ўттиз учта вилоятдан иборат. Мустақилликка 1945 йил 17 август­да эришган.

VI–XIII асрларда бу юртда ҳинд миллати вакиллари ҳукм­ронлик қилишди. Ўша пайтда аҳоли асосан ҳиндулийлик ва буддийлик динларига эътиқод қилишар эди. XVI асрга келиб Индонезиянинг барча ҳудудида Ислом дини ва маданияти кенг тарқалди. Ҳозир виждон эркинлиги ҳақидаги давлат қонунига биноан Индонезияда турли конфессия вакиллари ўз динларига эмин-эркин эътиқод қилиш ҳуқуқига эга.

Мустақиллик йилларида мамлакат барча соҳаларда улкан ютуқларга эришди. Кўпгина хорижий йирик ширкатларнинг олиб кирган сармоялари, ишлаб чиқариш ва савдо-сотиқ алоқаларининг жадаллашиши уни Осиёда етакчи мамлакатлардан бирига айлантирди. Ҳукумат ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун замин яратиш, халқ моддий ва маънавий фаровонлигини таъминлаш мақсадида катта ишлар қилди. Индонезия океан бўйи давлатлари орасида бир неча халқаро уюшмаларда фаол қатнашади. Хусусан, жануби-шар­қий Осиё давлатлари уюшмасини ташкиллаштиришда ташаббус кўрсатган. Бундан таш­қари, Бирлашган миллатлар ташкилоти, "Йигирматалик" илғор давлатлар гуруҳи ва Ислом ҳамкорлик ташкилотлари фао­лиятида муҳим аҳамият касб этади.

Индонезия ўн етти минг беш юз саккизта оролчалардан ташкил топган бўлса-да, олти минг­тасидагина одам яшайди. Бу ернинг табиати ва ҳавоси ўзгача. Оролларида бир юз элликка яқин вулқонлар мавжуд. Шу сабаб бу ерда сув тошиши ва ер силкиниши тез-тез бўлиб туради. Оролларнинг кўпи тоғлик ва тепаликлардан иборат. Улар нефт, табиий газ, темир рудаси каби турли ер ости бойликларига эга. Об-ҳавоси нам, йигирма беш даража иссиқлиқ деярли йил бўйи ўзгармайди ва ёғингарчилик жуда мўл бўлади. Диёрнинг олтмиш фоизини қалин ўрмон қоплаган, қишин-ёзин ям-яшил бўлиб турадиган йигирма саккиз мингдан ортиқ йирик баргли дарахтлар ва турли хил ўсимликлар бор. Ҳайвонот олами жуда бой бўлиб, юз хилга яқини қизил китобга киритилган камёб ҳайвонлар мавжуд.

Индонезия ер юзида аҳолиси сонининг кўплиги бўйича тўртинчи ўринда туради. Ҳудудининг ҳар бир квадрат километрига бир юз йигирма тўрт нафар одам тўғри келади. Бу юртда уч юздан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилади.

Мамлакат автомобил ва самолёт эҳтиёт қисмлари, электрон техника, каучук, ёғоч, озиқ-овқат, кимёвий модда, текстил, тамаки, қоғоз ва кийим-кечак маҳсулотлари ишлаб чиқаришда етакчи. Қора олтинни қазиб олиш ва ишлаб чиқариш бўйича "Пертамина" каби гигант ширкатлари жаҳонга машҳурдир. Шунингдек, аҳоли деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик ва ёғоч ўймакорлиги билан ҳам шуғулланади. Гуруч, кокос, жўхори, банан, палма ёғи, қаҳва, қуруқ чой, гул, қалампир ва денгиз маҳсулотларини етиштириш, қадоқлаш ва хорижга экспорт қилиш бўйича дунёда юқори ўринлардан бирини эгаллайди. Асосан, Япония, Хитой, Америка, Сингапур, Корея, Ҳиндистон, Малайзия, Таиланд каби давлатлар билан савдо-сотиқ алоқаларини йўлга қўйган.

Индонезия ҳукумати туризм соҳасини ривожлантириш ва кўпроқ хорижий сайёҳларни жалб қилишга ҳаракат қилади. У ерда ЮНЕСКО ташкилотининг ноёб дурдоналари сафидан ўрин олган еттита қадимий осори атиқалар мавжуд. Ушбу тарихий обидаларни асраб-авайлаш, мамлакатни ободонлаштириш ва тозаликка риоя қилишга катта куч сарф­ланади.

Жакарта шаҳридаги "Истиқлол" жоме масжиди миллат фахри ҳисобланади. У жануби-шар­қий Осиёдаги энг катта масжиддир. Жоме масжиди мамлакатнинг биринчи президенти Сукарно ташаббуси билан бунёд этилган. Масжид қурилиши ўн етти йил давом этиб, 1978 йилда битказилган. Унда бир вақтнинг ўзида бир юз йигирма минг намозхон ибодат қилиши мумкин. Хонақоҳдаги гумбаз диаметри қирқ беш метр бўлиб, алюминийдан ишланган ўн иккита устун унга таянч вазифасини ўтайди. Меҳробда "Тоҳа" сурасининг ўн тўртинчи ояти тилла ҳал билан ёзилган. Ушбу улкан бинода маърифий тадбир, кўргазма, анжуман ва турли йиғилишлар ҳам ўтказилиб туради.

Ўзбекистон билан ҳам кенг кўламли ўзаро дўстона алоқалар ўрнатилган. Индонезия дўстлик жамияти 2003 йил 19 августдан иш юритади. Ҳар йили Жакарта шаҳрида ўтказиладиган халқаро Қуръони карим мусобақасида қориларимиз қатнашиб, муносиб ўринларни эгаллаб келишмоқда.