Майдони: 1,65 млн кв. км (дунёда 17-ўринда).
Аҳолиси: 8840513 киши (2014, дунёда 18-ўринда).
Пойтахти: Теҳрон.
Дини: Ислом
Давлат тили: форс тили.
Йирик шаҳарлари: Машҳад, Исфаҳон, Табриз, Шероз, Ободон.
Пул бирлиги: эрон риёли.
 
Тарихи. Эрон Ислом Республикаси Жануби-Ғарбий Осиёнинг энг катта давлатларидан биридир. Эроннинг ҳозирги номи паҳлавий тилидаги ориёна – “орийлар мамлакати”дан олинган.
 
Мамлакат 1935 йилга қадар Форс деб аталиб, кейинчалик Розишоҳнинг таклифи билан Эрон атала бошланган. Маъмурий жиҳатдан мамлакат 31 остон (вилоят)га бўлинади. Вилоятлар губернатор (остондор)лар томонидан бошқарилади. 30 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. Аҳолининг 51 фоизи форслар, 24 фоизи озарбойжонлар, 7 фоизи курдлар, қолган қисми араб, лурий, туркман ва бошқа миллат вакилларидир. Республиканинг 67,5 фоиз аҳолиси шаҳарда истиқомат қилади. Бу кўрсаткич 2030 йилга бориб 80 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Теҳрон мамлакатнинг энг йирик шаҳри ҳисобланиб, 8,7 млн. дан ортиқ аҳоли яшайди. Шиалар учун муқаддас бўлган Машҳад шаҳри катталиги бўйича иккинчи ўринни эгаллайди. 1979 йилда юз берган инқилобдан сўнг мамлакатдан Европа, Шимолий Америка ва Австралия каби давлатларга тўрт миллиондан ортиқ аҳоли кўчиб кетган. 
 
Эрон Ислом Республикаси ИҲТ, ОПЕК, СААРС каби бир қатор йирик халқаро ташкилотларнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. 1945 йилда БМТга аъзо бўлган. Шунингдек, ШҲТда кузатувчи сифатида иштирок этади. Ўзбекистон билан 1992 йил 10 майда ўзаро дипломатия муносабатларини ўрнатган.
 
Иқтисоди. Эрон Ислом оламида ЯИМ кўрсаткичи бўйича тўртинчи, Ғарбий Осиё мамлакатлари орасида иккинчи ўринни (Туркиядан кейин) эгаллайди. Нефть саноати ривожланган индустриал-аграр мамлакатдир. Нефтни қайта ишлаш ва нефть кимё корхоналари фаолият олиб боради. Қишлоқ хўжалиги мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоғи ҳисобланади. Шунингдек, машҳур форс гиламларини қўлда тўқиш корхоналари ҳам сақланиб қолган.
 
Дунёда туризм ривожланган давлатлар орасида 68-ўринни эгаллайди. Аҳолининг 1,8 фоизи туризм соҳасида фаолият олиб боради.
 
Таълим ва маданият. Эронда 5 йиллик бепул мажбурий бошланғич таълим жорий қилинган. Икки босқичдан иборат етти йиллик ўрта мактаб мавжуд. Мамлакат саводхонлик кўрсаткичи 85,1 фоизни ташкил этади. Теҳрон, Форобий, Исфаҳон, Мозандарон, Табриз, Аҳвоз, Эрон миллий университети ҳамда Теҳрон политехника ва Ободон нефть институтларида олий маълумотли кадрлар тайёрланмоқда. Миллий (1935) ва Парламент (1924) номидаги йирик кутубхоналар мавжуд. Маданият вазирлиги тизимида 1502 тадан ортиқ кутубхоналар фаолият олиб боради. Археология ва этнология, Гулистон саройи, Миллий бадиий ва Гиламлар музейи бор.
 
Дини. Учинчи аср ўрталарида оташпарастлик, монийлик, бешинчи аср охирларида маздакийлик, шунингдек, зардуштийлик динлари кенг тарқалган. Еттинчи асрдан Эрон Араб халифалиги таркибига кириши билан мамлакатда Ислом дини ёйилди. Ўнинчи асрга келиб аҳолининг аксарият қисми Ислом динига эътиқод қила бошлади. Ислом дини мамлакатда адабиёт, фалсафа, санъат, тиббиёт каби соҳаларнинг ривожланишига туртки бўлди.  
 
Ўн тўққизинчи аср охирида ижтимоий зиддиятлар кучайиши 1905–1911 йилларда Эрон инқилобининг бошланишига замин яратди. Натижада, 1906 йили Эрон конституциявий подшоҳлик деб эълон қилинди. 1979 йили подшоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий тахтдан ағдарилди. Шу йил 1 апрелдан бошлаб шиалар етакчиси Оятуллоҳ Ҳумайний Эрон Ислом Республикаси ташкил этилганини маълум қилди.
 
Мамлакат конституциясига кўра, Ислом динининг шиалик йўналиши давлат дини ҳисобланади. 1501 йилда ҳам шиа йўналиши Сафавий сулоласи раҳбари Исмоил I томонидан давлат дини сифатида эълон қилинган. Бироқ 1734 йилда тахтга ўтирган Нодиршоҳ яна суннийлик йўналишини давлат динига ўзгартирганди.
 
Эрон аҳолисининг 98 фоизини мусулмонлар ташкил этади. Уларнинг 90 фоиздан ортиғи шиа­лар, 8 фоизга яқини суннийлардир. Шиаларнинг асосий қисми имомийлар, исмоилийлар тарафдорларидир. 2 фоизини ҳиндуийлик, насронийлик ва яҳудийлик динига эътиқод қилувчилар ташкил этади. Қум илмий маркази раҳбари ўринбосари Саид Рустамнинг сўзларига кўра, Эронда 13 мингга яқин сунний истиқомат қилмоқда.
 
Ҳозирда Эронда 48 минг 983 та масжид бор. Улардан 10 мингтаси суннийлар, қолгани шиаларга тегишлидир.
 
Эрон Ислом Республикасидаги қонунлар Ислом ҳуқуқларига асосланган бўлиб, унга кўра, Ислом динидан бошқа динга эътиқод қилувчиларнинг давлатнинг юқори лавозимларига тайинланишлари тақиқланади. Амалдаги Конституциянинг 13-моддасига кўра, мамлакатда Ислом динидан ташқари насронийлик, яҳудийлик ва зардуштийлик динлари дин сифатида эътироф этилади. Шу боис, ҳамон зардуштийлик динига эътиқод қилувчилар мамлакатнинг баъзи чекка вилоятларида сақланиб қолган.
 
Конституцияга мувофиқ, ҳар бир фуқаро учун унинг миллати ва қайси динга эътиқод қилишидан қатъи назар ижтимоий ҳимоя кафолатланади. Хусусан, пенсия, ишсизлик ва ногиронлик нафақаси, тиббиёт суғуртаси кабилар билан таъминланади. Барча аҳоли учун бепул тиббий хизмат кўрсатилади. 
 
Эроннинг араблар томонидан забт этилиши мамлакатда янги услубдаги бир қатор карвонсарой, масжид, минора, мақбара, тим, мад­раса ҳамда ҳаммомларнинг қад кўтаришига сабаб бўлди. Ўн иккинчи асрга келиб Эронга хос тўрт томони айвон ва болохоналар билан қурилган ҳовли ҳамда гумбазли бино услубидаги масжидлар барпо этилди. Ўн учинчи ва ўн тўртинчи аср ўрталарида мамлакатда мадраса, масжид, хонақоҳ ва минорадан таркиб топган яхлит мажмуалар пайдо бўлди. Эрон темурийлар давлати таркибига кирган даврлар (XIV–XV)да гумбазларни кўк кошин билан безаш одат тусига кирди. Масжид, мадраса ва биноларнинг олд қисмига кошинлардан рангли зеб берилди. Оға Бузруг масжиди, Ан-Наби масжиди (Қазвин), Кўк масжид (Табриз), Гавҳаршод масжиди, Ҳожи Шаҳбозхон масжиди, Фирдавс масжиди, Исфаҳон масжиди, Нойин масжиди, Нишопур масжиди шулар жумласидандир. 
 
ISESKOнинг қарори билан 2017 йил Эроннинг Машҳад шаҳри Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди. Ўтган 2016 йилда Исфаҳон шаҳри Ислом маданияти пойтахти сифатида эътироф этилган эди.