Майдони: 207,6 минг кв. км (дунёда 84-ўринда).
Аҳолиси: 9498000 киши (дунёда 92-ўринда).
Пойтахти: Минск.
Давлат тили: белорус ва рус тиллари.
Йирик шаҳарлари: Минск, Гомель, Могилёв, Бобруйск, Гродно, Брест.
Пул бирлиги: белорус рубли.
 
Жойлашуви. Белорус – Европа марказидаги давлат. Шарқий Европа текислигининг ғарбида жойлашган. Мамлакатда 6 вилоят, 118 туман, 102 шаҳар ва 109 шаҳарча бор.
 
Тарихи. Милодий 1-минг йилликнинг 2-ярмида Белорус ҳудудида уч славян қабилалари: Кривичи, Дреговичи ва Радимичилар уюшмаси вужудга келди. Кейинчалик улар ўрнига князликлар ташкил топди. X аср охиридан князликлар Киев Руси таркибига кирди. XIII аср 2-ярмида Россиянинг ғарбий чеккаларига Буюк Литва князлиги ҳужум қилди. Мамлакатдаги парокандалик ва мўғул-татарларнинг ҳамлалари шароитида бу князлик Ғарбий рус ерларини осонликча забт этди. Шу пайтдан бошлаб бу ерлар “Белая Русь” (“Оқ Рус”) деб юритиладиган бўлди (белорус атамаси шундан келиб чиқди).
 
1991 йил 19 сентябрдан мамлакат Белорус Республикаси деб атала бошлади. 1991 йил декабрдан МДҲ таркибида. 1945 йилдан БМТ аъзоси. Ўзбекистон Республикаси билан дипломатия муносабатлари 1993 йил январда ўрнатилган. 3 июль – мустақиллик куни миллий байрам сифатида кенг нишонланади.
 
Иқтисоди. Белорус кўп тармоқли қишлоқ хўжалиги ривожланган индустриал давлат. Машинасозлик, кимё, нефть кимё­си, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати равнақ топган. Қишлоқ хўжалигида картошка ва зиғир толаси етиштириш, сут-гўшт чорвачилиги, паррандачилик яхши йўлга қўйилган. Миллий даромадининг 20 фоизга яқини қишлоқ хўжалиги улушига тўғри келади. Мамлакат ўзи ўзини озиқ-овқат маҳсулотлари билан деярли тўлиқ таъминлайди. Мамлакатда жами истеъмолнинг атиги 10 фоизга яқинини импорт ташкил этади.
 
Иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Белорус Республикаси ўртасида 2008–2017 йилларга мўлжалланган шартнома ҳамда иккитомонлама иқтисодий ҳамкорлик Дастури имзоланган.
 
Таълим ва маданият. Белоруснинг инфор­матика ва радиоэлектроника, иқтисодиёт, технология, агросаноат, техника, педагогика университетлари ҳамда политехника, санъат, мусиқа академияларида олий маълумотли кадрлар тайёрланмоқда. Белорус миллий фанлар академияси мамлакатнинг энг йирик илмий маркази ҳисобланади. Мамлакатда ўндан зиёд давлат нашриёти, 1400 га яқин турли мулкчилик шак­лидаги ташкилотлар ноширлик фаолияти билан шуғулланади.
Дини. Мамлакатда насронийлик дини кенг тарқалган. Белорус аҳолисининг 90 фоизини православ ва католиклар ташкил этади. Шунингдек, Ислом динига эътиқод қилувчиларнинг сони йил сайин ортиб бормоқда.
 
Белорусга Ислом дини XIV–XVI асрлардан кириб кела бошлаган. Кейинчалик, Литва князлиги томонидан мамлакат чегарасини ҳимоя қилишга Олтин Ўрда ва Қрим татар мусулмонларининг ёлланиши натижасида Ислом динига эътиқод қилувчилар ҳам йил сайин ортиб борди.
 
Аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Белорусда 100 мингга яқин мусулмон истиқомат қилмоқда. Улар Исломнинг суннийлик йўналишига мансубдирлар. Эътиқод эркинлиги Конституция ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун билан муҳофаза қилинади.
 
Белорус ҳудудида илк масжидлар XV–XVI асрларда пайдо бўлган. Кейинчалик 1994 йили Слоним, 1996 йилда Смилович каби вилоятларда масжидлар қад кўтарди. 1997 йили татар миллатининг Белорусга кўчиб келганининг 600 йиллиги муносабати билан Новогрудокда янги масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ҳозирда Минск, Ивье, Смиловичи, Новогрудок, Ловчицы, Слоним, Ошмяны, Молодечно, Брест, Могилёв, Гомелда 11 та масжид мусулмонлар учун хизмат қилмоқда.
 
1994 йил белорус ва рус мусулмонлари йиғилиши бўлиб ўтди. Шундан сўнг, мусулмонларнинг илк диний ташкилотлари тузила бошланди. 2007 йилнинг ўрталарига келиб уларнинг сони 30 тага етди. Ушбу ташкилотларнинг ҳаммаси Белорус мусулмонлари диний бирлашмаси таркибига киради. Бирлашмага муфтий Абу Бакр Шабанович раҳбарлик қилмоқда.
 
2016 йили мамлакат пойтахти Минск шаҳрида 2014 йили таъмирланиши бошланган масжид Туркия ва Белорус давлати раҳбарлари иштирокида фойдаланишга топширилди. “Ушбу масжид мамлакатимиз мусулмонлари учун муҳим маънавий-маърифий марказ бўлиб, Ислом дини асосларини тарғиб этишга хизмат қилади”, деди Белорус Президенти Александр Лукашенко.
 
Масжид 1500 намозхонни сиғдира олади. Бу ерда кутубхона, қадимги қўлёзмалар ва манбалар музейи, 120 кишилик мажлислар зали, иккита ўқув хонаси, таҳоратхона бор. Масжидда ҳафтасига бир маротаба аёллар, ёшлар ҳамда эркаклар учун Ислом таълимотларидан сабоқ-машғулотлар ўтказилади.