Бруней жануби-шар­қий Осиёдаги Борнео оролининг шимоли-ғарбида жойлашган давлатдир. Шимолда Жанубий Хитой денгизи, шимоли-шарқда Бруней қўлтиғи ва ғарб­да эса қумли соҳиллар билан туташ. Энг юқори нуқтаси денгиз сатҳидан бир минг саккиз юз эллик метр баландликдаги Букит Пагон тоғидир. Мамлакатдан оқиб ўтадиган Бруней, Тудонг, Тембуронг ва Белайт дарёлари Жанубий Хитой денгизига бориб қу­йилади. Иқлими нам бўлиб, қаттиқ шамол эсиб, тез-тез ер силкиниши бўлиб туради. Ҳавонинг ҳарорати йил бўйи ўртача йигирма олти даража. Ҳудуднинг етмиш беш фоизи тропик ўрмон билан қопланган.

Бруней тўртта – Белайт, Бруней-Муара, Тембуронг ва Тудонг вилоятларидан ташкил топган. Аҳолининг олт­миш етти фоизи Ислом, ўн уч фоизи буддийлик, ўн фоизи нас­ронийлик ва ўн фоизи бошқа динларга эътиқод қилади. Мамлакатдаги барча дин вакиллари тенг ҳуқуқ ва эркинликка эга.

Бруней бой мамлакатлардан биридир. Мамлакат ҳудудининг Жанубий Хитой денгизи соҳилидаги Сериа ва Муара туманлари катта нефт захирасига эга. Юртнинг асосий даромад манбаи нефт ва газни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаб чиқариш ҳисобланади. Суюлтирилган газ ишлаб чиқариш бўйича мамлакат дунёда тўр­тинчи ўринда туради. Сўнгги йиллар мобайнида Осиё давлатлари орасида Бруней энг илғор мамлакатга айланди. Даромади аҳоли жон бошига эллик минг долларга тенг, яъни дунё­да тўққизинчи ўриндадир. Бундан ташқари ўсимлик ва дарахт­дан олинадиган қоғоз, минерал ўғит, қурилиш моллари ва ёғоч тайёрлаш яхши йўлга қўйилган. Гуруч, маккажўхори, кокос ва крахмал берадиган саго палмаси, банан, овқатга ўзгача таъм бағишлайдиган турли ўсимликлар, какао ва кофе ҳам етиштирилади. Бруней асосан, Япония, Индонезия, Жанубий Корея, Авс­тралия, Сингапур, Малайзия, Хитой, Таиланд, Америка ва Буюк Британия билан савдо-сотиқ алоқаларини йўлга қўйган.

Бу диёрдаги масжид, мадраса ва кутубхоналар ўзгача миллий услубда қурилган. Ислом университети ҳамда олийгоҳларда юқори малакали олим ва профессорлар таҳсил беришади. Ислом ташкилотлари, илмий-текшириш инс­титутлари, халқаро Исломий банк тизими уюшмаси ҳам фаолият юритади.