Майдони: 329758 кв. км.

Аҳолиси: 28310000 дан ортиқ.

Пойтахти: Куала Лумпур шаҳри.

Тузуми: конституцион монархия.

Давлат бошлиғи: қирол.

Маъмурий тузилиши: 30 та штат (негери) ва учта федерал ҳудуддан иборат.

Йирик шаҳарлари: Куала Лумпур, Субанг Жая, Кланг, Жуҳар Баҳру, Кучинг.

Пул бирлиги: лари.

 

Жуғрофий ўрни.“Малайзия” номи “мелаю” сўзидан олинган. Бу сўз эса “тоғлар ўлкаси” маъносини берувчи санскритча “мелайиур” ёки “малайадпива” сўзидан келиб чиққан.

Жануби-шарқий Осиёда жойлашган ушбу мамлакат икки қисмга бўлинади. Ғарбий Малайзия Малакка яриморолининг жанубини эгаллаган. Шимолда Тайланд, жанубда Сингапур ва Индонезия билан чегарадош. Шарқий Малайзия таркибига эса Калимантан оролининг шимолий қисми ва ёндош оролчалар киради. Шимолда Бруней, жанубда Индонезия билан чегарадош. Ғарбий ва Шарқий Малайзияни Жануби-Хитой денгизи ажратиб туради. Экваторга яқин жойлашгани сабабли иқлими бутун йил давомида иссиқ ва нам. Йиллик ўртача ҳарорат +27 °С. Йиллик ёғин миқдори 2500 мм.

Мамлакат ҳудудининг учдан икки қисмини сернам субтропик ўрмонлар ташкил этади. Уларда саккиз мингга яқин ўсимлик тури бор. Ўрмонларда дунёдаги энг йирик гул – раффлезия ҳам учрайди, унинг диаметри бир метргача етиши мумкин. Кинабалу чўққиси (4095 м) нафақат Малайзиянинг, балки Жануби-шарқий Осиёнинг энг юқори нуқтаси ҳисобланади. Майда дарёчалари кўп. Ёмғирлар мавсумида бу дарёчалар катталашиб, кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқаради. Энг узун дарёси Раджанг 760 км масофага чўзилган. Нефт, қалай, волфрам, алюминий, мис, темир рудаларининг катта миқдорда захираси бор.

Малайзия ҳудудида ер юзидаги жониворлар турларининг йигирма фоизга яқин тури яшайди.

Тарихи. Тарихчилар фикрича, малайяларнинг аждодлари орол ҳудудига милоддан олдинги 2500–1000 йиллар оралиғида Хитойдан ўтган. Халқаро савдо ривожланиши туфайли Малакка бўғози милодий аср бошларида ҳинд ва хитой савдогарлари учрашиб, мол айрибошлайдиган муҳим нуқтага айланади. Натижада оролда олди-сотди билан шуғулланувчи аҳоли қатлами пайдо бўлади. VII–XIV асрларда Малакка бўғози ҳудудида Шривижая подшолиги ҳукм сурган. Қадимшунослар подшолик ҳудудидан топилган қоятош битиклари милодий VII асрга тегишли экани ва улар энг қадимги малайя тилида ёзилганини таъкидлашади. XIV аср сўнгида Шривижая давлати Индонезиядаги Мажапаҳит империяси таъсирига тушиб қолади. 1402–1403 йилларда Мажапаҳит шаҳзодаси Малакка яриморолида шу номдаги пойтахтга эга Малакка султонлигини тузади. XV аср ўрталарида Ислом султонликнинг давлат дини мақомини олади. Шу сабабли ҳинд ва араб мусулмонлари ушбу давлатни фаол қўллаб-қувватлайди. XV аср султонлик гуллаб-яшнаган, халқаро савдо юксак даражада ривожланган даврдир. Зираворлар савдосини ўз назоратига олишни истаган португаллар 1498 йили Ҳиндистонга сузиб келишади. 1509 йили эса Диогу Лопиша де Сикейра бошчилигидаги махсус сайёҳлар Малакка шаҳригача етиб боради. 1511 йили Афонсу д’Албукерки бошчилигидаги аскарлар шаҳарни забт этади, султон ва унинг тарафдорлари қочиб кетади. Бир неча йил ўтгач, вайрон бўлган Малакка султонлиги вакиллари яриморол жанубий соҳилида, Жуҳар номли ҳудудда қўним топади. Бу пайтда яриморол бир қанча султонликларга бўлинган, Жуҳар султонлиги уларнинг энг кучлиси эди. Бироқ у доимий хавф остида қолган эди. Португаллардан ташқари Суматра оролидаги Аче султонлиги ҳам мамлакат ҳудудига доимий ҳужумлар уюштириб турарди. Бироқ жуҳарликлар бу ҳужумларни муваффақиятли қайтарарди. 1461 йили Голландия билан иттифоқ тузилиб, Малакка португаллардан озод қилинади. Султонлик Малайянинг жанубий, марказий ва шарқий ҳудудларида ҳамда Суматранинг шарқий қирғоғида ҳукмронлик ўрнатади. 1699 йили Жуҳар султонига ўз яқинлари суиқасд қилади ва тахтга қироллик оиласидан бўлмаган бошқа бир киши ўтиради. 1718 йили ўзини ўлдирилган султоннинг ўғли деб эълон қилган Ража Кечил халқнинг қўллаб-қувватлаши билан Жуҳар пойтахтини қўлга киритади. Бироқ ағдарилган ҳукмдор яна куч тўплаб, тахтни қайтариб олади. 1756–1758, 1783–1787 йиллари голландлар билан олиб борилган урушлар оқибатида Жуҳар вассал давлатга айланади.

XVIII аср охиридан Малайя давлатига инглиз мустамлакачилари таъсир кўрсата бошлайди. 1786–1888 йиллар давомида инглизлар ҳозирги Малайзия ҳудудининг катта қисмини босиб олади. Турли йилларда мустамлакачиларга қарши қўзғолонлар бўлади.

Иккинчи жаҳон уруши даврида Малайзияни япон армияси босиб олди. 1943 йил Малайзияда босқинчиларга қарши халқ армияси тузилди. 1945 йил 2 сентябрда халқ армияси босқинчиларини тор-мор этди ва бошқарув халқ қўмиталари қўлига ўтди. Бироз вақтдан сўнг инглиз мустамлакачилари Малайзияга қайтиб, илгариги босқинчилик тартибини ўрнатишга ҳаракат қилди. Айни вақтда мустамлакачилар миллий озодлик ҳаракатига сиёсий найранг йўли билан путур етказишга интилдилар. 1946 ва 1948 йиллардаги ислоҳотларга кўра, Сингапур Малайядан ажратилди. Малайя 1946 йилдан Малайя Иттифоқи ва 1948 йилдан Малайя Федерацияси деб аталди. 1946 йил Саравак ва Сабаҳ Буюк Британия мустамлакасига айланди. 1948 йил июнда инглиз ҳокимияти мамлакатдаги миллий озодлик ҳаракатига қарши ҳужумга ўтди. 1949 йил февралда малайя халқининг Озодлик армияси тузилди. 1955 йил Малайя Федерациясининг қонун чиқарувчи кенгашига сайловда Федерациянинг Британия Ҳамдўстлиги доирасида мустақиллигини ёқлаб чиққан Уч партия иттифоқи (1957 йилдан Иттифоқ партияси) ғалаба қозонди. 1957 йил 31 августда Малайя Федерацияси мустақиллиги эълон қилинди. 1963 йил 9 июнда Лондонда Буюк Британия, Малайя Федерацияси, Сингапур, Сабаҳ ва Саравак ўртасида Малайзия Федерацияси ташкил топгани тўғрисида ўзаро битим имзоланди; 1965 йил Малайзия билан Сингапур ҳукумати ўртасида келишмовчилик бўлиб, Сингапур Федерация таркибидан чиқиб кетди.

Малайзия 1963 йилдан БМТ аъзоси. 1992 йил 1 январда Ўзбекистон билан дипломатик алоқа ўрнатган. Малайзиянинг миллий байрами – Миллий куни 31 август – (1957).

Иқтисоди. Малайзия иқтисоди юқори тезликда ривожланиб бораётган мамлакатлардан биридир. 1957–2005 йиллар оралиғида ялпи ички маҳсулот йилига 6,5 фоиздан ўсиб борди. 2010 йилги маълумотга кўра, мамлакатнинг йиллик ялпи ички маҳсулоти ҳажми 414400 дўлларни ташкил этган. Иқтисодий ўсиш кўрсаткичи бўйича Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари уюшмаси (АСЕАН)да учинчи ва бутун дунёда йигирма тўққизинчи ўринда туради. 1970-йилларда мамлакат иқтисоди ерости бойликларини қазиб олиш ва қишлоқ хўжалигига асосланган эди. 1980-йиллардан кўп тармоқли иқтисодиётга ўтилди, саноат тармоғи кенг ривожланди. 1997 йилги Осиё иқтисодий инқирозидан сўнг Малайзия қўшниларига нисбатан жуда тез тикланди.

Мамлакат иқтисодиётининг энг муҳим тармоғи халқаро савдодир, кейинги ўринда ишлаб чиқариш туради. Катта миқдордаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва табиий бойликларни, жумладан, нефтни экспорт қилади. Электроника ва ахборот технологияларини экспорт қилиш бўйича ҳам етакчи ўринларни эгаллайди. Электрон чиплар ва маиший кондиционерлар экспорти бўйича дунёда биринчи ўринда. 2002 йили мамлакат ўз коинот дастурини ишга туширди. Автомобил саноати ҳам ривожланган, “Proton” белгиси остида енгил машиналар ишлаб чиқарилади. Сайёҳлик хизмати юқори даражада тараққий топган. Бу тармоқ чет эл валютасини олиб кириш бўйича учинчи ўринда туради ва мамлакат иқтисодиётининг етти фоизига эгалик қилади.

Малайзия Ислом банк тизими марказларидан бири саналади.

Аҳолиси. Малай ва бошқа маҳаллий элатлар аҳолининг 65 фоизини, хитойлар – 26, ҳиндлар 7,1 ва бошқа этник гуруҳлар эса 1 фоизини ташкил этади. Аҳоли зичлиги километр квадратга ўртача 86 киши. Аҳолининг жойлашуви нотекис: малайзияликларнинг 79,6 фоизи яриморол ҳудудида, қолган 20,4 қисми шарқий ҳудудда яшайди. Шаҳар аҳолиси – 70 фоиз. Йиллик ўсиш – 2,4 фоиз. Мамлакат аҳолисининг 34 фоизини ўн беш ёшдан кичиклар ташкил этади.

Давлат тили – малай тили.

Дини. Малайзия конституциясига кўра, эътиқод эркинлиги кафолатланган. Ислом давлат дини мақомига эга. 2010 йилги рўйхатга олиш маълумотларига кўра, аҳолининг 61,3 фоизи мусулмонлар, 19,8 фоизи буддистлар, 9,2 фоизи насронийлар, 6,3 фоизи ҳиндуийлар, шунингдек, бошқа динларга эътиқод қилувчилардан ташкил топган. Рамазон ва Қурбон ҳайитлари, Мавлид ан-Наби кенг миқёсда байрам қилинади.

Ислом Малайзияга XIII асрда ҳинд савдогарлари туфайли ёйилган. Ўтган асрда Ислом мамлакатнинг етакчи динига айланди. Аҳоли турмуш тарзида, маданиятнинг барча тармоқларида Ислом динининг таъсири яққол сезилади. Бир қанча исломий ўқув даргоҳлари бор. Энг машҳури – Халқаро Ислом университети.

 

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.