Майдони: 1 919 440 кв. км.

Аҳолиси: 245 000 000 дан ортиқ.

Пойтахти: Жакарта шаҳри.

Тузуми: республика.

Давлат бошлиғи: президент.

Маъмурий тузилиши: 31 та вилоятга бўлинади.

Йирик шаҳарлари: Жакарта, Сурабая, Бандунг, Бекаси, Медан, Тангеранг, Депок, Семаранг.

Пул бирлиги: индонезия рупияси.

 

Жуғрофий ўрни: Жанубий-шарқий Осиёда – Малайя ороллар тўдаси ва Янги Гвинея оролининг ғарбий қисмида жойлашган. Соҳилларини Тинч ва Ҳинд уммони сувлари ювиб туради. Қуруқликдаги чегаралари Малайзия, Папуа-Янги Гвинея ва Шарқий Тимор билан туташган. Индонезия ҳудуди ўн етти мингта оролдан ташкил топган.

Тарихи: Мамлакат номи “Индия ва юнонча “несос” – орол сўзларидан келиб чиққан, “Ҳиндистон ороли” маъносини англатади. Бу ном илк бор XVIII аср манбаларида қайд этилган.

Индонезия энг қадимги маданият бешикларидан. Олимлар фикрича, бу ерларда одамлар миллион йиллар олдин ҳам яшаган. Милоддан олдинги III–I асрларда илк давлатлар шакллана бошлаган. Бироқ ўлкадаги тарихда номи қолган биринчи давлат – Қутай милодий IV асрга тегишли. VII аср сўнгида Суматра оролида ташкил топган Шриважая давлати чегаралари бир қанча оролларни бирлаштирди. Бу қироллик XIV асрга қадар ҳукм сурди ва бутун Суматра оролини, Ява, Малакка ороллари катта қисмини назорати остида тутиб турди. Шриважая ва IV–XIII асрларда ҳудудда ҳукм сурган майда давлатлар Ҳиндистоннинг кучли маданий таъсири остида бўлди. 1239 йили мўғул хони Хубилайни енгган маҳаллий ҳоким Раден Вижай Мажапахит қироллигига асос солди. XIV аср сўнгига бориб, Мажапахит қироллиги бугунги Индонезиянинг аксарият қисмини ўз ичига олди.

XIII асрда ҳудудда Ислом дини кенг тарқала бошлади. XIV асрда Суматра ороли шимолида жойлашган Пасай беклиги минтақадаги биринчи мусулмон давлат бўлди. XV–XVI асрларда Мажапахит қироллиги ўрнида вужудга келган Матарам, Бантам, Демак каби давлатлар ҳам Исломга давлат дини мақомини берди. XVI аср адоғига келиб, Ислом ҳудуддаги асосий расмий динга айланди.

XVI асрдан ҳозирги Индонезия тупроқларига Оврупа истилочиларининг қадами етди. Бу ҳудуд хуштаъм доривор ва зираворлари билан машҳур эди. Бозорда бу маҳсулотларга талаб ошди ва истилочилар зиравор савдоси назоратини қўлга олиш пайига тушди. Биринчи бўлиб бу ишга португаллар киришди. XVII асрда эса Оврупанинг бир қатор давлатлари ҳам курашга қўшилди. Улар ичида Нидерландия фаол ҳаракат бошлади. 1602 йили голландлар “Ост Индия” компаниясига асос солди. Компания аста-секин ҳозирги Индонезиянинг шарқий ва ғарбий ҳудудларини эгаллади. Эгалланган жойлар “Нидерландия Ост Индияси” деган генерал-губернаторликка айлантирилди. Компания чегараларини тобора кенгайтириб борди, ҳудуддаги бир қанча мустақил давлатларни ҳам ўз таъсири остига олди. Оврупада зираворларга талаб тушиб кетгач, компания даромадларини қаҳва, шакар, тамаки, нил бўёғи савдосидан ва солиқлардан олишга ўтди. 1780–84-йиллардаги инглиз-голланд урушидан сўнг “Ост Индия” инқирозга учради. Индонезия ҳудудида гарчи компания ҳукмронлиги тугатилган бўлса-да, унинг ўрнига Нидерландия ҳукумати келди, бошқарувда ҳеч қандай ўзгариш бўлмади.

1811 йили мустамлака Буюк Британия тасарруфига ўтди. Бироқ ҳудудда ҳукмронлик ўрнатиш учун кураш тўхтаб қолмади, Нидерландия, Британия ва Франция каби давлатлар доимо шу курашнинг ичида бўлди. Маҳаллий аҳоли орасидаги норозилик ҳам тобора кучайиб, миллий-озодлик ҳаракатига айланди. 1908 йили тузилган “Буди утомо” ва 1911 йили таъсис этилган “Сарекат Ислом” ташкилотлари мустақиллик ғоясини илгари сурди. “Ост Индия” компанияси маҳаллий аҳоли билан муроса қилишга мажбур бўлди ва 1918 йили “Халқ кенгаши” номидаги ҳукумат органини ташкил этди. Бу кенгаш генерал-губернаторга молиявий масалаларда маслаҳат беришга ҳақли эди. У 1925 йилдан қонун ташаббускорлиги мақомига эга бўлди, бироқ ҳар қандай қонун-қоида барибир генерал-губернаторнинг розилиги билан қабул қилинарди.

1943–45-йилларда Индонезиянинг турли минтақаларида японлар ҳукмронлигига қарши қўзғолонлар бўлди. Натижада 1945 йилнинг 15 августида Япония енгилганини расман тан олди.

1945 йилнинг 17 августида Индонезия мустақиллик бўйича комиссияси мамлакат озодлигини эълон қилди. 1946 йили Голландия мамлакат мустақиллигини рад этди ва Жакартани эгаллади. Шундан сўнг Индонезия пойтахти вақтинча Жакарта шаҳрига кўчирилди. БМТ аралашуви билан тинчлик шартномаси тузилди. Бироқ Нидерландия 1948 йил декабрида яна уруш ҳаракатларини бошлади ва Жакарта шаҳрини забт этди. Бундан сўнг мамлакат пойтахти Букиттинги шаҳрига кўчирилди. БМТ яна давлатлар орасига тушди ва 1949 йил ноябрда Индонезия билан бир қаторда “Ост Индия” эгалик қилган ҳудуднинг маълум бир қисмини қамровчи Индонезия Қўшма Штатлари ташкил этилди. Бироқ Штатлар кўп “умр кўрмади”, 1950 йил феврал-май ойларида ихтиёрий равишда Индонезия Республикаси таркибига кирди. 1950 йил 6 августда Индонезия унитар (қўшма) давлат деб эълон қилинди. 1956 йил апрелида эса мамлакат ҳукумати Индонезия учун асоратли бўлган битимларни тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Индонезия 1950 йилдан БМТ аъзоси. Миллий байрами – 17 август – Мустақиллик эълон қилинган кун (1945 й.). Ўзбекистон билан 1992 йил 23 майда дипломатик алоқа ўрнатган.

Иқтисоди. Қишоқ хўжалиги ва саноатга асосланган. Миллий рақобатбардошлик таснифига кўра, 2010 йили дунёда 44-ўринни эгаллаган. Йиллик иқтисодий ўсиши 6,1 фоиз – дунёда 50-ўринда. Иқтисодиётни ташкил этишнинг замонавий аграр-саноат модели 1980–1990 йилларда шаклланди. Шу йилларда давлат бозор муносабатларини яхшилаш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасини такомиллаштириш, кредит-молия тизими самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор ислоҳотларни амалга оширди. 1997–1998 йилларда юз берган Осиё молиявий-иқтисодий инқирози мамлакат иқтисодиётига катта зарар етказди. Унинг асоратлари 2004–2005 йилларгача сақланиб қолди. 2007 йилга келибгина, инқироз оқибатлари бутунлай бартараф этилди, йиллик иқтисодий ўсиш 6 фоизга етказилди.

Озиқ-овқат, кимё, тўқимачилик, тамаки, машина ва асбоб-ускуналар, қоғоз ишлаб чиқариш каби соҳалар саноатнинг асосий тармоқларидир. Кичик корхоналар ва оилавий цехларнинг кўпчилиги енгил саноат ва озиқ-овқат саноатида фаолият юритади. Кон саноатига асосан давлатга қарашли миллий компаниялар эгалик қилади. Бир кунда ўртача 1,02 миллион баррелдан ортиқроқ нефт қазиб олинади. Йилига 85,7 миллиард куб-метр табиий газ қайта ишланади.

Қишлоқ хўжалиги мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 14 фоиздан ортиқроғини ташкил этади. Аҳолининг 38 фоизи айни шу соҳада ишлайди. Индонезия ҳудудининг ўн уч фоизида деҳқончилик қилинади, шу майдоннинг учдан бир қисми суғориладиган ерлардан иборат. Жуда кўп қишлоқ хўжалик экинларини етиштириш бўйича мамлакат дунёда етакчилардан саналади. Жумладан, кассава, мойли палма, саго палмаси етиштириш бўйича дунёда биринчи; батат, какао, қалампир ва каучукли ўсимликлар етиштириш бўйича эса жаҳонда иккинчи ўринда туради.

Қишлоқ хўжалиги охирги йигирма йил ичида жадал суръатларда ривожланди. Масалан, 2009 йили 64,4 миллион тонна шоли етиштирилди, яъни бу борада дунёда учинчи ўрин забт этилди. Эътиборлиси, 1980-йилларда Индонезия гуруч билан ўзини зўрға таъминлай олган, холос.

Аҳолиси. Аҳоли сони бўйича дунёда тўртинчи ўринда. 57,5 фоиз аҳоли Ява оролида яшайди. Бу орол мамлакат ҳудудининг бор-йўғи етти фоизини ташкил этади ва сайёрамизнинг аҳоли энг тиғиз ўрнашган жойларидан бири саналади. Индонезияликларнинг 44 фоизи шаҳарларда яшайди. 2010 йил ҳолатига кўра, мамлакатдаги ўн битта шаҳар бир миллиондан ортиқ аҳолига эга.

Индонезияда уч юзга яқин миллат вакиллари яшайди. Улар орасида яваликлар (аҳолининг 40 фоизи), сундалар (15 фоиз), мадураликлар (4 фоизга яқини) кўпчиликни ташкил этади. Давлат тили индонез тили.

Дини. Аҳолининг саксон саккиз фоизи – мусулмонлар. Асосан суннийлар, шиа мазҳабидагилар бир миллионга яқин. 2011 йили икки мазҳаб ўртасидаги ўзаро биродарлик, бир-бирини тушунишни шакллантириш мақсадида Жакартада сунний-шиа диний кенгаши тузилган. Насронийликка 8,7 фоиз аҳоли эътиқод қилади. Шунингдек, ҳиндуийлар, буддавийлар ва маҳаллий дин вакиллари ҳам бор.

Ислом Индонезия ҳудудига XII аср бошларида Ғарбий Ҳиндистондан келган савдогарлар туфайли ёйила борган. Бу ерга анча олдин, VIII асрларда мусулмон араб савдогарлари келгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. XIII–XIV асрларда Ислом кенг тарқалди, турмушнинг барча соҳаларига чуқур кириб борди.

Пойтахт Жакартадаги “Истиқлол” миллий масжиди мамлакат мустақиллигига бағишлаб қурилган. 1978 йили очилган бу жоме Жануби-шарқий Осиёдаги энг катта масжид ҳисобланади. У бир пайтнинг ўзида бир юз йигирма минг намозхонни сиғдира олади. Ҳар йили икки юз қирқ минг нафар индонезиялик ҳаж ибодатини адо этади. Мамлакатда олти юзта олий ўқув юрти бор, улардан бир юз ўттизтаси исломий илм масканидир.

 

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.