Майдони: 99 392 кв. км.

Аҳолиси: 49 000 000 дан ортиқ.

Пойтахти: Сеул шаҳри.

Тузуми: республика.

Давлат бошлиғи: президент.

Маъмурий тузилиши: 1 та алоҳида мақомдаги шаҳар (тыкпёлси), 6 та вилоят мақомидаги шаҳар (кванъёкси),

9 та вилоят (до)га бўлинади.

Йирик шаҳарлари: Сеул, Пусан, Кван-жу, Инчхон, Тэчжон, Улсан.

Пул бирлиги: вон.

 

Жуғрофий ўрни. Корея сўзи ҳудуддаги қадимий Корё сулоласи (918–1392) номидан келиб чиққан. Корё номи эса ундан ҳам олдинги Когурё давлатига бориб тақалади. Корея Республикаси Корея яриморолининг жанубий қисмида жойлашган, шу сабабли уни норасмий тилда Жанубий Корея деб аташади. Корея қирғоқларини ғарбда Сариқ денгиз, шарқда Япон денгизи, жанубда эса Корея бўғози ва Шимолий Хитой денгизи ювиб туради. Шимолда Корея Халқ Демократик Республикаси билан чегарадош. Мамлакат ҳудуди асосан тоғликлардан иборат, текислик ўттиз фоизни ташкил этади.

Тарихи. Қадимшунослар тахминича Корея яримороли ҳудудига одамлар етмиш минг йил олдин келган. Хамгён-Пукто, Пхёнан-Намдо, Кёнгидо ва Чхунчхон-Пукто вилоятларида энг қадимги тош даврига оид меҳнат қуроллари топилган. Энг қадимги кулолчилик намуналари милоддан олдинги 8000 йилларга тааллуқли.

Корея тарихидаги биринчи давлат Қадимги Чосон (Ко Чосон)дир. Бу уюшма илк бор милоддан олдинги IV–III аср манбаларида тилга олинган. Бу салтанат инқирозга юз тутгач, Махан, Чинхан ва Пёнхан қабила уюшмалари юзага келди. Милодий аср бошларида Корея яримороли ҳудудида Силла, Пэкче ва Когурё, шимолда эса Пархэ давлати ҳукм сурди. Силла қабила уюшмаси 676 йили Пэкче ва Когурёни эгаллади, натижада Бирлашган Силла давлати пайдо бўлди. Бу салтанат 936 йили Корё номини олди ва 1392 йилгача ҳукмронлик қилди.

1231 йилдан мўғуллар Корёга ҳужум уюштира бошлади ва йигирма беш йил давом этган урушлардан сўнг, Корё қироллиги вассалга айланди. XIV аср ўрталарида мўғул ҳукмронлиги сусая бошлади. 1392 йили Корё қироллиги бош қўмондони Ли Сон Ге Чосон давлатига асос солди. Мамлакат пойтахти Хансон – ҳозирги Сеулга кўчирилди. XV асрда корейс алифбоси – хангил яратилди. Часон салтанати 1627–1636 йиллари Цин қироллиги қўл остида бўлди. 1895 йили амалда Япония ҳукмронлиги остига ўтди. 1897 йили Ван Кожон императорлик тахтини қайта эгаллади, бироқ у ҳеч қандай кучга эга бўлолмади. 1904–1905 йиллардаги рус-япон урушидан сўнг Япония Кореяни яна қарам қилиб олди, 1910 йили эса бутунлай забт этди. Иккинчи жаҳон урушидаги мағлубият туфайли Япониянинг Кореядаги ҳукмронлиги тугатилди. Кореянинг шимолий қисмини Собиқ Иттифоқ, жанубий қисмини Америка Қўшма Штатлари эгаллаб олди.

1948 йили Корея Республикаси ва Корея Халқ Демократик Республикаси тузилди. Икки давлат ўртасида бўлиб ўтган 1950–1953 йиллардаги уруш қўшничилик алоқаларини бутунлай бузиб юборди.

1987 йили ўтказилган референдум янги конституцияни тасдиқлади. 1988 йил 25 февралда кучга кирган ушбу конституцияга асосан кўп босқичли сайлов ўрнига тўғридан-тўғри президент сайлови жорий этилди, парламент ҳуқуқлари кенгайтирилди, президентнинг ваколатлари чекланди, унинг лавозимда бўлиш муддати етти йилдан беш йилга туширилди, матбуот эркинлиги мустаҳкамланди.

1992 йил декабрда ўтказилган президент сайловида Демократик либерал партия номзоди Ким Ен Сам ғалаба қозонди. Унинг шиори “барқарорлик шароитидаги ислоҳотлар” бўлиб, бир қатор ислоҳотлар ўтказди. Ана шу даврдан бошлаб давлатга бир нечта президент раҳбарлик қилди, демократия бошқарувнинг асосий мезони бўлиб қолди.

Миллий байрамлари: 15 август – Корея озодлиги куни (1945); 3 октябр – Давлатга асос солинган кун.

Ўзбекистон билан 1992 йил 29 январдан бошлаб турли соҳаларда ҳамкорлик қилиб келади.

1991 йил 17 сентябрдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси.

Иқтисоди. 1960-йилларда Корея минтақадаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири эди. Ҳозир ривожланган, кучли саноатлашган мамлакатлардан бири. Бошқа ривожланган мамлакатлар сингари бу ерда ҳам хизматлар соҳаси иқтисодиётнинг устун тармоғи саналади. У ялпи ички маҳсулотнинг учдан икки қисмини ташкил этади.

Кема ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчилардан. Жаҳон бозорининг қирқ беш фоиз улуши Корея ҳиссасига тўғри келади. Автомобил саноати ҳам ривожланган. Ўзбекистонда корейс сармояси иштирокидаги бир қатор катта корхоналар бор.

Аҳолиси. Аҳолисининг асосий қисми корейслардан иборат. Юз мингга яқин хитой бор, улар асосан Япония, Малайзия, Ҳиндистон ва Филиппиндан кўчиб келган.

Мактаб ўқувчилари ўрта ва юқори синфларда ўқиш учун корейс ва инглиз тилларини билиши шарт. Юқори синфга ўтгач, хитой, япон, француз, олмон, рус, испан ва араб тилларидан бирини қўшимча ўрганиш учун танлаш ҳам мумкин.

Дини. 2005 йилги рўйхатга олиш маълумотларига кўра, аҳолининг 46,5 фоизи ўзини ҳеч бир динга алоқадор ҳисобламаган, 29,3 фоизи насроний эканини билдирган. Насронийларнинг 18,3 фоизи протестант, 10,9 фоизи эса католик. Аҳолининг 22,8 фоизи буддавийлар.

Мамлакатдаги мусулмонлар сони қирқ мингдан ортиқ. Уларнинг кўпи Жанубий ва Жануби-шарқий Осиёдан келган муҳожирлар. Сўнгги пайтларда маҳаллий аҳоли вакиллари орасида ҳам Исломни қабул қилаётганлар ортиб бормоқда. Кореядаги энг катта масжид Сеулнинг Итэвон мавзесида жойлашган. Қолган барча катта шаҳарларда масжидлар бор.

Кореяга илк мусулмонлар VI–IX асрларда келган. Улар хитойлик савдогарлар эди. Ушбу юрт диний масалаларда ёпиқ мамлакат ҳисобланган. Бу ҳолат XIX асрга қадар давом этди. Бироқ мунтазам бўлмаса-да, корейслар Ислом илм-фани ва маданияти билан танишиб борган. Ўтган асрнинг 60-йилларида мамлакатда мусулмонлар кўпая бошлади. 1980 йили бир гуруҳ кореялик мусулмонлар илк бор ҳажга борди.

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.