Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 январдаги йиғилиши қарори асосида, Абу Убайда ибн Жарроҳ меъморий ёдгорлиги келгуси авлодлар учун сақлаш мақсадида қайта таъмирланди. Ватандошларимиз ва хорижий меҳмонлар учун мақбара замонавий зиёрат ва сайёҳлик масканига, археологик ёдгорликлар асл ҳолича сақланадиган очиқ осмон остидаги музейга айлантирилди.

Абу Убайда Омир ибн Абдуллоҳ ибн Жарроҳ мил. 584 йили Макка шаҳрида таваллуд топган. Баланд бўйли, озғин, очиқ юзли, сийрак соқолли одам бўлган. Жаннатийлиги башорати берилган ўн саҳобийдан бири. Ўрдун­(Иордания)нинг Амвос деган жойида 58 ёшида вабодан вафот топиб, Бийсон қабристонига дафн этилган. Расулуллоҳ (алайҳиссалом): «Бу умматнинг омонатдор кишиси Абу Убайда ибн Жарроҳдир», деганлар.

1401 йили Шом диёрини забт қилганида Амир Темур Абу Убайда ибн Жарроҳ мақбарасини зиёрат қилиб, хотирасига ҳурмат бажо келтиради. У зотнинг мозори хокидан олиб келиб, Қарши шаҳрида рамзий мақбарасини барпо қилдиради. Мажмуа дастлаб кичик мақбара, айвонли масжид, пахсадан тикланган минора, ҳовуз ва катта дарвозадан иборат бўлган. Совет тузуми даврида ушбу маскан бутунлай қаровсиз аҳволда эди.