Ақидадаги мазҳаббошимиз, ҳадис ва фиқҳ илми равнақига улкан ҳисса қўшган йирик аллома, буюк ватандошимиз Абу Мансур Мотуридий ислом оламида «Имом ал-ҳуда» (Ҳақ йўлида ҳидоятга бошловчи имом) ва «Имом ал-мутакаллимин» (Калом олимларининг имоми) деган шарафли номлар билан машҳур. Уламолар, Имом Абу Мансур Мотуридий (раҳматуллоҳи алайҳ)ни шаръий илмларнинг учта йўналиши бўйича асарлар таълиф этганини баён қилишган: тафсир; усулул фиқҳ; ақоид.

Тафсир йўналиши бўйича, “Таъвийлоту аҳли сунна” (Аҳли суннанинг тушунтиришлари) асари машҳурдир. Бу тафсир аҳли сунна вал жамоанинг Қуръон оятлари тафсиридаги қарашлари тўғри эканини исботлаш билан бирга, адашган фирқаларнинг нотўғри ғояларига қарши радиялар берувчи мўътабар китобдир.

Усулул фиқҳ йўналиши бўйича, “Маъхозуш шароиъ” (шаръий ҳукмлар манбаси) ва “Жадал” (илмий баҳслар) номли китоби бор. Ушбу икки китоб ҳанафий мазҳабидаги қоидалар ва улардан келиб чиқадиган ҳукмларни жамлаган асарлар, деб тан олинган. Зеро бу китоблар ҳижрий бешинчи асргача усулул фиқҳ бўйича мурожаат қилинадиган асосий манба ҳисобланган. Кейинчалик эса ушбу йўналиш бўйича ёзилган асарларнинг асоси бўлиб хизмат қилган. Афсуски бу икки китоб бизгача етиб келмаган.

Ақоид йўналиши бўйича “Мақолот”, “Баяну ваҳмил мўътазила” (Мўътазилий фирқасининг нотўғри тасаввури баёни), “Радду алал қаромита” (Қарматийларга раддия) каби асарлар шулар жумласидандир.

2000 йили мамлакатимизда Имом Мотуридий таваллудининг 1130 йиллиги кенг нишонланди. Самарқандда муҳташам мақбара ва обод зиёратгоҳ бунёд этилди.