Буюк фақиҳ аллома Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил Марғиноний милодий XI аср охирларида Марғилонда туғилган. У бутун Ислом оламида машҳур «Ҳидоя» асарини милодий 1178 йили Самарқандда ёзган. Бурҳониддин Марғиноний ёшлик чоғларидаёқ Қуръони каримни ёд олиб, ҳадисларни чуқур ўрганиб, бутун умри давомида илм олган. У Ислом оламининг ҳанафий мазҳаби бўйича буюк фақиҳи ва ҳуқуқшунос алломаси даражасига кўтарилди.

Ҳозир ҳам у зотнинг илмий мероси ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Жаҳондаги кўплаб олий ўқув юртларида мусулмон ҳуқуқшунослиги фанлари Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳий таълимоти асосида ўргатилади.

«Ислом Қомуси» муаллифлари томонидан берилган маълумотларга кўра, ўндан зиёд мукаммал фиқҳий асарлар Бурҳониддин Марғиноний қаламига мансубдир: "Нашр ал-мазҳаб"("Мазҳабнинг тарқалиши"), "Китоб ат-тажнис вал-мазийд" ("Фуқаролик ҳуқуқини тақдим этиш"), "Китоб ул-фароиз" ("Мажбуриятлар ҳақида китоб"), "Мазийд фи фурул ҳанафий ("Ҳанафия мазҳабига қўшимчалар") каби асарлар шулар жумласидандир. Алломанинг асарларида ижтимоий-иқтисодий муносабатлар, мулкчиликнинг турли шакллари (давлат ва хусусий мулкчилик), молиявий фаолият турларига оид масалалар етакчи ўринни эгаллайди. Аллома Самарқанддаги Чокардиза қабристонига дафн этилган.

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 1997 йилда Бурҳониддин Марғиноний вафотининг 800 йиллиги, 2000 йили таваллудининг (ҳижрий сана бўйича) 910 йиллиги кенг нишонланди. Марғилон шаҳри марказида Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуаси бунёд этилди, рамзий мақбараси қурилди.