Кўҳна ва навқирон Қўқон шаҳрининг марказидан унча узоқда бўлмаган маҳалла “Шайхон” деб аталади. Ўтмишда бир нечта (баъзи ривоятларда тўққизта) тасаввуф аҳлининг шайхлари шу жойга келиб истиқомат қилишгани, ўзларининг одоб- ахлоқ, юксак фазилатлари билан одамлар меҳрини қозонишгани сабаб маҳаллий аҳоли уларни “Шайхон” (форс тилидан таржима қилинганда “шайхлар” маъносини билдиради) дейишган. Аввалига мазкур шайхлар қўним топган қабристонни, сўнгра ушбу маҳаллани ҳам шу ном билан атаганлар. Кейинчалик, яъни 1890 йиллар атрофида бунёд этилган масжидга ҳам “Шайхон” номи берилган.

Масжиднинг дастлабки қурилиши ҳақида аниқ маълумот йўқ. Собиқ иттифоқ даврида намозгоҳдан турли мақсадларда фойланилган, оқибатда унинг бинолари асл кўринишини йўқотган.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда олиб борилган ислоҳотлар, жумладан, миллий ва диний қадриятлар, тарихий ва маданий мерос иншоотларини асраб-авайлаш борасида ҳам улкан ишлар амалга оширилаётганига барчамиз шоҳид бўлмоқдамиз.

Аҳолининг меҳнати, саховати ва ҳам­жиҳатлиги натижасида “Шайхон” масжиди тубдан янги қиёфа касб этди. Меъморчиликнинг миллий ва замонавий ютуқларини ўзида жамлаган бу муборак даргоҳ ибодат қилиш, руҳий-маънавий покланиш истагида бўлганлар учун бағрини очди.

Масжидлар Аллоҳникидир. Уларни обод қилганларга улуғ ажрлар борлиги Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда зикр қилинади. Жумладан, Тавба сурасининг 18-ояти­да: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин”, дейилади.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар унинг ҳақига истиғфор айтиб турадилар”, дейилади. Дарҳақиқат, мазкур оят ва ҳадисдан илҳом олган халқимиз бунёдкорлик йўлини танлагани шубҳасиз.

Раҳматилло Жалилов, fargonaziyo.uz сайти электрон талқинчиси