Ургут туманидаги Ғўс қишлоғида Ғавсул Аъзам зиёратгоҳи бор. “Ғавсул Аъзам” – улуғ авлиё, қодирия тариқати асосчиси Муҳйиддин Абдулқодир Жийлонийнинг унвонидир. Шайх Абдулқодир Табаристон­нинг Жийлон қиш­лоғида (ҳозирги Эрон) ҳижрий 471 йил (милодий 1078) дунёга келди. Онаси Уммул хайр Фотима бинти Шайх Абдуллоҳ Савмаий Ҳусайнийдир. Отаси Абу Солиҳ ибн Абдуллоҳ бўлиб, тўққизинчи отада Ҳасан ибн Али (розияллоҳу анҳу)га боғланади.
 
Шайх Абдуқодир ҳалим, ўрта бўйли, хушрўй киши эди.
 
Бағдоднинг машҳур машойихларидан илм олди. Абу Ғолиб Муҳаммад Боқилоний, Жаъфар Сирож, Абу Бакр ибн Сусан, Абдураҳмон Қаззоз, Али Кархий ва бошқалар у зотга устозлик қилишди. Қуръон, усул, фуру илмларини Али ибн Уқайл Хонбарий, Маҳфуз Колузаний, Муҳам­мад ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Фарро Ҳан­балий ва бошқалардан ўрганади.
 
Одоб илмини Яҳё ибн Али Табризийдан, тасаввуф илмларини Шайх Ҳаммод ибн Муслим Даббосдан ўрганди. 
 
У зотдан илмий баҳслар, ўша давр мусулмонларининг мушкулотлари таҳлили, фатволар баён қилинган асарлар мерос қолди. Жумладан, “Одобус сулук ват тавассулу ила манозилил мулук”, “Туҳфатул муттақийн ва сабийул орифийн”, “Жилаул хотир фил ботини ваз-зоҳир”, “Ҳизбур ражо вал интаҳо”, “Ал-Ҳизбул кабир”, “Дуоул авродул фатҳийя”, “Дуоул басмала”, “Ар-Рисолатул ғавсийя”, “Фатҳур раббоний вал файзур раҳмоний”, “Сиррул асрор...” ва бошқалар.
 
Шайх Абдулқодир Жийлоний ҳазрат­лари ҳижрий 661 (милодий 1167)  санада Рамазон ойида вафот этган.
 
Истиқлол йилларида бу улуғ зотнинг файзли зиёратгоҳида кенг кўламли таъмирлаш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. 
 
Тўлқин ИСО ўғли,
Ургут тумани “Ғавсул Аъзам” 
жоме имом-хатиби