Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги Карвак қишлоғи, ўзининг бетакрорлиги, сўлим ҳавоси, шириндан-шакар мевалари билан ном таратган.

Қишлоқнинг Карвак дейилишига сабаб, Амударёдан Карвак қишлоғига келган ариқни Каъба ариғи, қишлоқ аҳолиси эса Каъбага барк, дейишган. Кейинчалик, тилга осон бўлиши учун Карвак дейишган.
 
Карвак қишлоғининг асосий қисмини Саййид Мазиддин Карвакий авлодлари ташкил этади. Мазиддин Карвакий, ўз замонасининг кўзга кўринган олимларидан бўлган. Хусусан, табобат илми билимдони сифатида ном қозонган. У ўз даврида Хоразмшоҳни даволаб, унинг эътиборига тушади. Кейинчалик, Хоразмшоҳ ўзининг суюкли қизи Султонбекани унга никоҳлаб беради. Аслида, Саййид Мазиддин маккалик бўлиб, унинг Хоразмга келиб қолиш тарихи қуйидагича баён қилинади: Карвак қишлоғидан бир неча нафар ҳожилар Ҳаж зиёратига боришади. Макка шаҳрига киришгач, ёш Саййид Мазиддин уларга эргашади. Улар ёш Мазиддинни елкаларида кўтариб, Хоразмга олиб келишади. Маҳаллий халқ у кишига жуда катта илтифот кўрсатади. Ўз навбатида, Пайғамбар авлоди дея ҳурмат қилишади. Ҳозирги кунда Саййид Мазиддин билан Султонбеканинг авлодлари “Карвак хўжалари” дейилади.
 
Ҳозирда қадимий Карвак қишлоғида Саййид Карвакийнинг мақбараси бор. Бу маскан ўтмишдан садо берувчи, қишлоқ аҳолиси, хусусан, ёшлар маънавий озуқа  оладиган муборак қадамжо сифатида, қишлоқ кўркига кўрк қўшиб турибди.
 
Карвак қишлоғи аҳолиси, хусусан, табаррук ёшдаги момолар урф-одатларимизга, азалий қадриятларга мустаҳкам амал қилишади. Бу борада ёшларга ҳам намуна ва насиҳатгўй бўлишмоқда.
 
Шунингдек, бу гўзал қишлоқ олмасининг қиёси йўқ. Ундан тараладиган ифор, мазасининг ғоятда ширинлиги сабаб, ­дунёга машҳур. Ривоятларда айтилишича, Муҳаммад Раҳимхон Феруз Карвак олмасини жуда хуш кўрарди. Унинг шу ердан бошқа жойда ўсмаслигининг сабабини боғбондан сўрайди. Шунда боғбон, унга бир сиқим тупроқ тутқазиб, ҳамма гап тупроқда эканини айтади. Яъни, бу ҳудуд тупроғидаги туз, сув ва минераллар олманинг ўзига хос таъмга эга бўлишини таъминлар экан. Ҳозирги кунда, Карвак қишлоғида олманинг тўрт хил нави етиштирилади. Булар руҳижон, ҳазорасп, оқ, текис олмалардир.
 
Хулоса қилиб айтганда, қадимий Карвак қишлоғи, ўтмиш ва бугунни ўзида мужассам этган, кўча ва биноларида қадимийлик ва замонавийлик акс этган, юртимизнинг сўлим гўшаларидан биридир.
 
Ибодулла ҲАБИБОВ, 
Карвак қишлоғи маҳалла фаоли