Қадимда Бухоро шаҳри бир қанча гузарлардан ташкил топганлиги тарихдан маълум. Ана шу гузарлардан бирида жўйборилар, яъни, мавқеи юксак, ҳурматли шайхлар истиқомат қилишган. Жўйбор сўзи луғатда “катта оқар ариқ”, “ариқ бўйи” маъноларини билдиради.
 
Али ибн Ҳусайн Хуросондан Бухорога келганида, у билан бирга келган машҳур Чор Бакрлар – Абу Бакр Саъд Яманий, Абу Бакр Тархон, Абу Бакр Фазл, Абу Бакр Ҳомид деган бир гуруҳ ҳурматли шахслар Бухорода қолиб кетади. Уларнинг келиши Бухорода Ислом маданиятининг тарғиботи кенг қулоч ёйилишига туртки бўлади. 
 
Чор Бакрлар Исмоил Сомоний даврида “Жўйи Мўлиён” мавзеига ўрнашиб, шу ерда умр кечиришган. Бу ер кейинчалик халқ тилида “Жўйбор” деб ҳам атала бошлайди (Ҳозирги Чор Бакр мажмуи жойлашган Сумитан қишлоғи). Шунинг учун ҳам Чор Бакрлар Жўйбор хожалари, деб ҳам тилга олинади. 
 
Узоқ йиллар давомида Чор Бакрлар Бухорода катта нуфузга эга бўлиб, бу ерларнинг илму маърифати, маънавий ҳаётида иштирок этиб келган. Бухоро ҳукмдорлари доим улардан маслаҳат олиб, юрт озодлиги, осойишталиги учун кўмак сўрашган. Жўйбор хожаларининг ақлу фаросати, донишмандлиги туфайли турли низолар бартараф этилган. Улар масжидлар, мадрасалар, кутубхоналар, шифохоналар қурдиришган. Муҳтожларга хайру эҳсонлар қилган. Ўзлари камтарона, хокисор, дабдабасиз яшаганлар, авлодларига шундай  тарбия беришган.  
 
“Жўйбори Калон” мадрасаси Субҳонқулихон даврида, яъни XVII аср охири – XVIII аср бошларида Бухоро ҳукмдори Абдулазизхон фармони билан барпо қилинган. Мадрасанинг қурилишига Абдулазизхоннинг онаси Ойпошшабиби бош-қош бўлган. У ниҳоятда маърифатли, тақволи, солиҳа, фозила аёл бўлган. Мадраса билан бир қаторда «Волидаи Абдулазизхон» жоме масжиди ҳам қад кўтарган. Шунингдек, мазкур икки бино оралиғида  ҳовуз – «Ҳавзи Нав» ҳам қурдирилган. Мадраса талабаларининг моддий таъминоти Жўйбор шайхлари зиммасида бўлган.
 
Фируза САЙФУЛЛАЕВА, 
Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус 
ислом билим юрти мудираси