Шайх Хованд Тоҳурнинг туғилган даври милодий XIII асрнинг иккинчи ярми деб тахмин этилади. Шайх Хованд Тоҳур Бўстонлиқ туманидаги Боғистон қишлоғидан бўлган, машҳур мутасаввиф Шайх Умар Боғистонийнинг ўғлидир. Шайх Хованд Тоҳур тариқат илмининг илк сабоқларини падари бузрукворидан олган. У зотнинг насаби ўн олти ота-бободан сўнг ҳазрат Умар ибн Хаттобга бориб туташади. 
 
Шайх Хованд Тоҳурнинг “Рисолаи дар масоили шариат ва тариқат” (“Шариат ва тариқат масалалари ҳақида рисола”), “Рисола дар аркони Ислом” (“Ислом арконлари ҳақида рисола”) ва “Рисола дар одоби тариқат” (“Тариқат одоблари ҳақида рисола”) каби асарлари бор.  Аллома Тошкент шаҳрида вафот этган. 
 
Маълумотларга қараганда, Шайх Хованд Тоҳур қабри устига ХV аср иккинчи ярмида Хожа Аҳрор Валий мақбара қурдиради. Афсуски, шўролар даврида зиёратгоҳдан омборхона сифатида фойдаланилади. Ёдгорлик зиёратчилар учун ёпиб қўйилади. Мақбара мустақиллик йилларида тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, муборак зиёратгоҳлардан бирига айланди.