Зомин туманидаги Ём қиш­лоғининг ўтмиши ва бугунги манзарасини таққосласак, қалбимизда ҳозирги дорул­омон кун­ларимизга нисбатан шукроналик ҳисси янада жўшаверади. 
 
Ривоятларга кўра, Ём қиш­лоғи салкам 1,5–2 минг йиллик тарихга эга қадимий ҳудуддир. “Ём” сўзи “бекат” маъносини англатади. Қадимда Бухоро, Хоразм ва Қўқон хонликлари ўртасида хат ташувчи чопарлар шу қишлоқда тўхтаб ўтган. Шу боис, бу ер бекат, яъни тўхтаб, дам олиш жойи деб номланган. ХIХ аср охирига қадар қиш­лоғимизда 10 та масжид фаолият юритган. Бироқ қатағон йиллари собиқ иттифоқнинг динга қарши олиб борган тазйи­қи билан масжид­лар ёпилиб, вайроналарга айланди. Айримлари жун, ғалла, саб­завот сақланадиган омборхона қилинган эди. 
 
Қишлоғимизда харобага айланиб, аянчли ҳолга келиб қолган эски бино ўрнига мус­тақиллигимизнинг илк йилларида ҳашар йўли билан 300 га яқин намозхонни сиғдира оладиган янги масжид барпо этилди. Масжид атрофи боғ қилинди. Масжидга уруш қатнашчиси, қишлоғимиз мактабида узоқ йиллар фарзанд­ларимизга устозлик қилган, маҳалла ҳамда жамоат ишларида ҳамиша фаол қатнашган, доимо халқ хизмати учун шай бўлган фидойи инсон марҳум Исохон ота номи берилди. 
Илоҳо, она-Ватанимизга кўз тегмасин, тинчлигимиз барқарор, халқимиз турмуши бундан-да фаровон бўлсин.
 
Ғайрат ЎЗБЕКОВ,
Жиззах вилоятидаги “Исохон ота” жоме масжиди имом-хатиби