Қадрли журналхонлар! Севимли ойномангиз – “Ҳидоят”нинг ушбу сонидан бошлаб “Ўзбекистон уламолари” номли янги рукн ташкил этдик. Мазкур рукнда юртимизнинг янги тарихига кирган уламолар, диний идорада хизмат қилиб ўтган олимлар ва имом-хатибларнинг ҳаёт йўллари, қолдирган илмий мерослари билан танишиб борасиз.

Домла Икромча Ҳақгўй халқимизнинг минглаб фарзандлари қалбига ислом маърифати уруғини сочган улуғ инсонлардан биридир. Асли исми Муҳаммад Икром бўлган. Баъзи маълумотларга кўра, Бухоро муфтийлари камтарлик билан ўз исмларини кичрайтириб айтганлар. Кўпчилик ҳақгўйлиги, доимо рост гапиргани, баҳс-мунозараларда аямасдан далиллар келтириши сабабидан уни Домла Икромчаи Ҳақгўй дейишган.[1] У 1847 йили Бухоронинг Галаосиё туманидаги Боғикалон қишлоғида ўтин савдоси билан шуғулланувчи Абдусалом деган киши оиласида туғилган. Ўз қишлоғидаги Мулла Ибод қўлида савод чиқарган. У отасига кўмаклашиб, ўтин сотиб юрганида Аҳмад Дониш (1827–1896) билан танишиб қолади (1859 й.). Унинг ёрдами билан Бадалбек мадрасасига ўқишга киради ва ўн саккиз йиллик таълим даврида кўп китобларни ўқиб-ўрганади. У Аҳмад Дониш, Қози Абдушукур, Камолиддин махдум, Исо махдум ва Қори Раҳматуллоҳ Возеҳ каби забардаст уламолардан сабоқ олади. Мустақил равишда математика, геометрия ва астрономия фанларини ҳам ўзлаштиради.

1880 йили мадрасани тамомлаган Домла Икромча Жаъфархўжа, Турсунжон, Мир Араб, Кўкалдош, Абдуллахон мадрасаларида турли фанлардан дарс беради. Машҳур адиб Садриддин Айний ўз хотираларида Домла Икромча домладан араб тили грамматикасига доир “Шарҳи Мулла Жомий”дан дарс олганини ёзади.[2] Унинг дарсларига, одатда, бошқа илм масканларидан ҳам кўплаб талабалар қатнашган. Уларни сиғдириш учун мадраса хоналари торлик қилганидан Мулла Икромча уйининг ярмини катта синфхона қилган. Ундан сабоқ олганлар орасида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг биринчи раиси, муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Наманганнинг машҳур уламоларидан Кароматхон эшон Ҳасанов ҳам бор. Абдурауф Фитрат у ҳақида: “У мантиқ, грамматика, диний билимлар ҳамда бошқа фалсафий билимларнинг ҳам билимдонидир”, дейди.3

Домла Икромча 1896–1897 йилларда муборак ҳаж сафари асносида араб мамлакатлари ва Туркиядаги таълим усуллари билан танишади. Шунинг учун 1908 йили Садриддин Айний Бухорода янги усул мактабини очганда, Домла Икромча Ҳақгўй уни қўллаб-қувватлайди. У 1910 йилда “Ийқоз ун ноимин вал иълом алал жоҳилин” (“Мудроқларни уйғотиш ва жоҳилларни огоҳ этиш”) номли китоб ёзади. Унда мозорларни ижарага бериш, қабрларни ўпиш, ўлганларга атаб қирқ, йигирма маросимларини ўтказиб, исрофгарчиликка йўл қўйиш нотўғри эканлигини айтиб, уларни танқид остига олади. Бу китоб бошқа уламоларнинг қаршилигига учрайди: ўзларининг билимсизлиги фош бўлишидан қўрқиб, Икромча домлага фитна уюштирадилар ва у Қоракўл туманига сургун қилинади.

1917 йил 10 апрелда Домла Икромча Ғузор вилояти қозиси этиб тайинланади. 1918 йилнинг 15 февралида Ғузор ҳокимининг акаси Акрамхонтўранинг буйруғи билан Домла Икромча ва унинг катта ўғли ҳибсга олиниб, зиндонга ташланади. Уйлари тинтув қилиниб, чиққан китобларнинг барчаси оловга ташланади. 2 апрель куни Домла Икромчанинг ўғли зиндонда осиб ўлдирилади.

1920 йили қўзғолончилар зиндондагиларни озод қилишади, улар орасида Домла Икромча ҳам бор эди. Орадан кўп ўтмай, Бухоро Халқ Республикаси ҳукумати қарорига кўра у барча оила аъзолари билан Бухорога қайтарилади ва Адлия вазирининг халқ нозири қилиб тайинланади. Икки йилдан сўнг Бухоро ҳукумати таркибида ташкил этилган Шариат ишлари бошқармасига раҳбар этиб сайланади (1922 й.). 1924 йилда нафақага чиқади.

Домла Икромча 1925 йил 25 июнда Бухорода вафот этган. Бухородаги Ҳазрати Имом қабристонига дафн этилган. У ҳақида кўплаб шогирдлари, маслакдошлари илиқ хотиралар ёзиб қолдиришган.

Ҳайдархон ЙЎЛДОШХЎЖАЕВ,

тарих фанлари номзоди



[1] Ваҳидов. “Домулло Икромча”. 216–217-б.

[2] Айний. “Қисқача таржимаи ҳолим”. 42-б.

3 Фитрат. Спор бухарского мударриса с европейцем. с. 34.