Шова – узун сой. Фангатга бориб тақалади. Йилнинг бир фасллари борки, кўрку чиройда бундан ўтар жой йўқ. Сой бошига қараб юргич йўлдан чап қўлда, кенг­лик қабристон бор. Бийдай тақир. Чеккада бир ҳовучгина жой кўм-кўк. Узун ёз бу ерда қамишлар шамолда тебраниб туради. Худди шу жойда иккита қабр бор – бири домла Камолиддин Охунники, бири умр йўлдошии Фотима – Буватин момоники.
Шоваликлар қизиқ гап айтишди: домла ва аёли  қўйилмасидан бурун бу ерлар бийдай қуруқ экан. Кўклигу қамиш кейин битибди.
 
Қўшработликлар домла Камолиддин Охун Олим ўғлини (1865–1961) валий зот деб хотирлайди. Ибратли умри, феъли, илми ва ҳавориқ одатларини бот-бот тилга олиб, эъзозлайди.
Мурғак ёшида отадан айрилиб, етим қолган камбағал болага Бухоро мадрасаларида ўқиш насиб этгани улуғ иноят эди. Маҳмуд бобо ўз қулоғи билан амаки бобосининг оғзидан эшитган домланинг мана бу гапларини такрорлайди:
“Мадрасани тамомлар чоғимизда катта синов бўлди. Унда Арабистондан, Маккаи мукаррамадан олимлар иштирок этишди. Аркка бордик. Шу ерда олимлар мен билан алоҳида суҳбат қилишди ва сўнгида саройдан ҳолимга яраша иш таклиф этишди.
Мен боримни ва ростимни айтдим: “Саҳройи бир одамман. Ўз юртимга маъқул келаман, у ерда мени кутишяпти, дедим. Жавобимни узоқ муҳокама қилишиб, сўровимни маъқул билишди шекилли, Нурота беклигининг Жўш қишлоғига жўнатишди”.
Шундай қилиб домла 1904–1922 йиллар – Бухоро амирлиги тугагунча Жўшда хизмат этиб, қолган умрини Шовада ўтказди.
Ҳамиша оппоқ, тоза кийимда юрадиган оқ сариқ, сийрак соқол, қўй кўз, юзи нурли бу зотни эл-улус ўзининг руҳоний тарбиячиси деб билади. Илму ирфони, валийлик сифатларини кўп ёдга олади. Ҳақларида фахру шукр билан гапиради.
Ургутлик домла Шариф, Қори Вали, Баланд қишлоқлик домла Исҳоқ, андоқлик Абдураҳмон Маҳмуд, Челак қишлоғидан дом­ла Жўра, Хатирчининг Олтинсойидан домла Муҳаммадсоли, Иштихоннинг Орлотидан Темурхон тўра, Қўшработнинг Пичотидан Мулла Облоқул Жиянбек ўғли, мойбулоқлик Эшони Шерхон тўра Домла Камолиддиннинг муносиб шогирдлари бўлишган. Домла Камолиддин Мулло Олим ўғли ҳол илмидан насибадор эдилар. Қувваи ҳофизалари, руҳоний табиатлари билан оммани ўзларига жалб этган. Тасаввуф илмида мукаммал, тақвода зиёдалик намуналарини кўрсатганлар ва нақшбандийликда пири муршид бўлганлар. Бу даражаларда оғишмай яшаб, Шўро таъқиби ва зулмига сабр қилиб, 92 йил умр кўрганлар. 1960 йилнинг декабрида вафот этганлар. Васиятларига биноан Пангат қабристонига, устози Авлиё Охуннинг ёнига қўйилган.
Домла Камолиддиндан ёзма мерос бор-йўқлиги номаълум. Ҳурмат ва эҳтиром ифодаси сифатида учта масжидга унинг номи берилган. Улар Қўшработ тумани Шова қишлоғида, Самарқанд шаҳрида ва Жиззах вилояти Арнасой туманида.
 
*  *  *
Домла Камолиддин Охун Олим ўғли каби ўтмиш зотлар зиёрати яхшиликка чақириб, нодонликдан, нораво йўллардан, нопокликдан узоқлаштиради. Инсоф ва диё­натли бўлишга, хайру савоб ишларига чорлайди. Гўзал тарбия, одоб-ахлоқ, одамгарчилик, қон-қариндошлик, меҳр-оқибат каби улуғ фазилатларни шакллантиришга ундайди.
 
*  *  *
Шундай зот бефарзанд ўтди. Аёли Буватин момо билан аҳил турмушлари элу халққа овоза бўлиб қолди. Домла Камолиддин Фотима момони ҳурматлаб “Буватин” деб атаган. Маъноси “Биби отин” демакдир. Чунки у ҳам илмда пеш, даражаси улуғ экан.
Элдош оқсоқолларми, қариндошларими – ҳар қалай яхши ниятли яқинлари дом­ланинг кўнглига қўл солишади: “Домла, умр ўта беради. Ёшингиз ҳам анчага борди. Сизни яна уйлантирсак деймиз, фарзанд...”
Домла узоқ жим турибди. Кўзини ердан узмай, чўк тушиб, чуқур хаёлга толибди. Анча ўтиб, бошини кўтарибди-да: “Қуллуқ, яхшилар! Яратган фарзанд бераман деса, менга шу аёлдан берар эди. Мен у билан ўтдим, бошқа овора бўлманглар”, дебди...
Кенг майдонда ястаниб ётган яйдоқ қабристоннинг айнан бир чеккасидан кўм-кўк қамиш кўкаргани бежиз эмас. Бунда ҳам ҳикмат бор...
Суюндик МУСТАФО