Абдурашид Мусобек ўғли (Қози Абдурашид Фарғоний) 1878 йилда Қўқон музофотига қарашли Олтиариқ туманининг Бозорбоши маҳалласида таваллуд топган. У болалигида отасидан етим қолади. Бошланғич таълимни оилада олди, кейин тўққиз ёшдан ўн саккиз ёшигача Қўқондаги «Камол қози» мадрасасида ўқиди. Кўп вақтини ибодат билан ўтказарди, шу туфайли “Намозхон талаба” (ёки “Намозхон”) лақаби билан танилди. Айтишларича, тўққиз йиллик таълими мобайнида бирон марта ҳам жамоат намозини тарк этмаган.
Қўқон уламолари Қози Абдурашидга Бухорога бориб, у ердаги "Мир Араб", "Кўкалдош" каби мадрасаларда илм таҳсилини давом эттиришни тавсия қиладилар. У Бухорога келиб, йигирма йил қолиб кетади: ўн йил илм ўрганиш, ўн йил таълим бериш билан шуғулланади. Бу ерда охунд (устоз, муаллим, дин пешвоси) мақомига сазовор бўлади. Маълумотларга кўра, илм соҳасида юқори марраларни забт этган бу инсон Бухоро амири Олимхоннинг алоҳида илтифотига сазовор бўлган. Бухородан Фарғонага қайтганида эса уни одамлар темир йўл вокзалидан Олтиариққача поёндоз тўшаб, улуғ эҳтиром билан кутиб олишган. Бу пайтда (1916 й.) Қози Абдурашид 38 ёшда бўлган.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати ташкил топганида Қози Абдурашид фатво ҳайъати аъзоси этиб сайланади. Унинг “Абдурашид қози домла” битикли муҳри бўлиб, фатво берса ёки бирор муҳим ҳужжатни ёзса, остига шу муҳрни босган. У, шунингдек, мўътабар сўзларни арабий, туркий, форсийда чиройли нақш қилиб ишлай оладиган моҳир хаттот бўлган.
1947 йилда Қози Абдурашид диний назоратнинг Тожикистондаги вакили қилиб Душанбега юборилади ва умрининг охирига­ча ўша ерда қолади. (Айтишларича, Тожикистонга келганида унинг устози Шайх Бузрук вафот этган эди. Буни эшитган Қози Абдурашид қайтишни маъқул топади. Қайтар куни кечаси туш кўради. Тушида устози унга сиз келдингиз, биз хотиржаммиз, дейди. Шу сабаб билан Қози Абдурашид Душанбеда умрбод қолиб кетади.)
Қози Абдурашид Фарғоний жуда ғайрат-шижоатли инсон бўлган. Бора-бора кўзлари хиралашиб, кўзойнак кор қилмайдиган бўлиб қолганида ҳам лупа ёрдамида шогирдларига дарс беришдан тўхтамаган. Эл суйган, эъзозлаган уламолар – Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон, Шайх Абдулғани Абдуллаев (куёви), Мубин қори Аминов, Шайх Аҳмаджон махдум Ҳанафий-Нақшбандий, Шайх Дўстмуҳаммад Турсунов, Садриддин қори Абдураззоқов, Шайх Абдулазиз Мансурлар Қози Абдурашиднинг шогирдларидир.
Қози Абдурашид Мусобек ўғли (Фарғоний) 1979 йилда дунёдан ўтган. Тожикистоннинг Душанбе шаҳридаги Кўктош қабристонига дафн этилган.
Ҳайдархон ЙЎЛДОШХЎЖАЕВ,
тарих фанлари номзоди