Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин, ҳаж ибодатини бажариш бизга ҳам насиб этди. Совет даврида қанча-қанча юртдошларимиз бундай бахтли кунларни орзу қилиб, армонда ўтишган. Истиқлол сабаб, орзуларимиз ушалди. Туманимиздан 27 нафар киши улуғ ибодатни адо этиб қайтдик.

Наманган шаҳридан тўғри Мадинаи мунавварага учдик. Пайғамбаримиз нинг масжидлари ёнгинасидаги меҳмонхонага жойлашиб, уч кун мобайнида Расулуллоҳ равзалари, Уҳуд тоғи, Масжиди Қиблатайн ва Ислом тарихида биринчилардан барпо этилган “Қубо” масжидини зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлдик. Пайғамбаримизнинг “Кимда-ким менинг қабримни зиёрат қилса, гўё мени тириклигимда зиёрат қилибди”, деган ҳадисларига мувофиқ, қабри шарифни зиёрат қилиб, яқинларимизнинг биз орқали омонат йўллаган саломларини етказдик. Расулуллоҳ масжидларида намоз ўқиш улуғ саодат. “Ким менинг масжидимда намоз ўқиб, менга салом берса, мени тирик кўрган билан баробар бўлади”, деганлар.

Макка тупроғига қадам қўйганимизда қалбимиз мумдек эриди. Азиз жойларга Аллоҳ таолонинг файзу барокоти ёғилиб тургани шундоқ сезилади. Минода ҳилпираб турган байроғимизни кўриб, кўзимга ёш келди. Бу онлардаги ҳаяжонимни сўз билан ифода этолмайман.

Каъбани тавоф қилдик. Минода, Арафотда, Муздалифада ҳаж арконларини ихлос билан адо этдик. Муборак жойларда намоз ўқиб, элу юртимиз, барча юртдошларимиз ҳақларига дуо қилдик. Илоҳим, Аллоҳ даргоҳида қабул этсин. Муборак сафар онадан янги туғилгандек гуноҳлардан қутулишимизга сабаб бўлсин, иншаАллоҳ.

Биз ҳожиларга давлатимиз жуда яхши шароитлар яратиб берди. Ишчи гуруҳ хизматидан мамнунмиз. Шу кунларга етказганига шукр. Ибодатларимизни қабул қилишини Яратгандан ёлвориб сўрайман.

Рустамжон Турдалиев,

Фарғона вилояти Бешариқ тумани