Онамнинг соғинчига ўзларининг дийдорини кўрмагунимча таскин йўқ эди. Олдиларига бориб келганимдан сўнг кўнглимнинг чанқоғи бирор ой босилар, кейин яна кўргим келаверарди: “Узоқ гаплашиб ўтирмасам ҳам майли, ўзларини бир кўрсам, ёнгиналарида овозларини эшитсам, етарли!” Шу сабабдан менга ҳар хил тўю маросимлар, туғилган куну йиғинларга боришнинг қизиғи йўқ эди. Уйдагилардан илтимосим – “Онамни кўриб келишим учун хурсандчилик билан розилик берсаларинг, бас”.

Рухсат теккач, ёзнинг саратоними, қишнинг қаҳратоними, йўл азобидан зарра ҳадигим бўлмасди. Эсимда, бундан йигирма беш йилча олдин “Тошкент – Андижон” поездининг жўнаш пайтига етиб борувдик. Байрам арафаси эди, бекат тўла йўловчи. Уч яшар қизимни бағримга босиб, умумий вагоннинг йўлагида кетганман. Аммо Марғилонга етгунча саккиз соатлик йўлни қалбим тўла ҳаяжон, қувонч билан (ахир, онамни кўргани кетяпман!) ўтказганим ёдимда.

Дийдорлашув пайтларидаги онамнинг бахтиёрликларини таърифлаш қийин. Кўпинча уйимизга бехосдан кириб борардим, чунки аввалдан айтиб қўйсам, онажонимнинг ҳаловатлари йўқолиши тайин эди. Дарвозадан кириб борсам, яшнаб кетардилар. Овозларида қалбимни эритиб юборадиган меҳр товланиб пешвоз келаверардилар.

– Ҳай, ҳай! Бугун қандай яхши кун экан! Қаерлардан келиб қолдинг, болам?..

Бу нурли сиймога шунчалар азиз, суюкли эканимни неча... нечанчи бор ҳис этсам-да, ҳар гал томоғимни куйдириб, кўзларимга тўладиган ёшларни ютиш, яшириш учун гапни ҳазилга бурардим:

– Осмондан тушдим, она, осмондан.

– Ҳа... – гап улардилар онам. – Ҳалигина Фарғона томонга самолёт учиб ўтгандия...

Энди уринишларим бекор... бу дунёдан эрта кетган дадамнинг ўрниларига ҳам ота, ҳам она бўлиб бизни ўкситмай катта қилган онажонимнинг ихчам жуссаларини бағримга босиб, бошимни елкаларига қўйганча, кўзимни кафтим билан сидирардим: “Ҳар бир учиб ўтган самолётга умид билан қараркансиз-да, онажоним”.

Кейин чекка-чекка токчалардан, қутичаю тахмондаги кўрпалар орасидан бизга атаб қўйган нарсаларини дастурхонга тўкардилар.

– Биздаям ҳамма нарса бор, нимага ўзларингиз емай, асраб қўясиз, онажон?

– Худога шукр, ризқимизни териб юрибмиз, болам...

Қиш хаёлкаш, унинг ўйчанлиги “юқиб”, майдалаб ёғаётган қорга термилганча, яна онамни эсладим, соғиндим. Хаёлга нималар келмайди. “Қанийди, шу изғиринли, қорли кунда минг машаққат билан йўлларни босиб, тиккаликларга кўтарилиб бориб бўлса-да, онамнинг дийдорини бир кўриш мумкин бўлса! Иккиланмай, тўхтамай, қувончларимдан қанот ясаб йўлга чиқардим!..” Шу лаҳза кўзим “ярқ” очилгандай бўлади. Ахир, бу ёруғ дунёда опаларим, акам, синглим... қариндошу қадрдонларим ҳам худди онам каби ғанимат-ку! Мени ўйлаб, кўргиси келадиган, телефонда тез-тез йўқлайдиган, аммо йўлга чиқишига кексалиги, хасталиги, яна менга номаълум бўлган сабаблар имкон бермаётган азизларимни биламан-ку! Бугун, тўрт мучам соғу саломатлигида уларни йўқламасам, меҳр булоқларидан қалбимга мадад олмасам... Хаёлкаш қиш элагида қорни эмас, икки оламда ҳам эзгуликка ташна умримизнинг ғанимат онларини элаётгандай...

Муҳтарама УЛУҒОВА