Йиғлаб-йиғлаб беҳи еяпман...

Ватандан келган меҳмонимни олис сафарга кузатиб, уйга қайтдим. Стол устидаги каттагина сап-сариқ беҳи маъюс ва ғамгин турарди. Бирга еймиз, деган эдик, ея олмадик. Қўлимга олиб, узоқ термулдим: “Қолиб кетдикми?..”

Соғинчнинг рангидаги беҳи “мени е...” деб мўлтирагандек туюлди. Хиёл тишлаб кўрдим. Сувли экан. Кўзларимдан ёш сизди... Чайнаб-чайнаб ютарканман, ичимда ўртаниб ётган ҳисларни қўзғаб юборди. Хотиралар ёди шу беҳи каби ҳам нордон, ҳам ширин эди...

Шаҳардаги уйимизнинг деразаларини беҳи дарахтининг шохлари тўсиб турар эди. Беҳи пишар маҳали яқин атрофдаги мактаб ўқувчилари деразамиз тагида тез-тез айланарди. Унга қўшилиб болаларим ҳам дераза ёнидан кетмай қолишарди. Бозордан сотиб олингани билан дарахтда осилиб турган беҳининг фарқини яхшигина биламан.

Мен ҳам бир сафар ўша деразанинг темир панжарасига тирмашиб, шохдан беҳи узишга роса уринганман. Тўрт-бештасини узиб олиб, тахмон устига териб, рангига, ҳидига маҳлиё бўлиб томоша қилганман. Сўрамай олганим учун хижолат чеккан бўлсам ҳам, “Қўшнилик ҳақим бор-ку”, деб ўзимга таскин берганман. Аммо бу ҳақ ҳалол эмас экан. Чириб кетган эди ўшанда...

Болалигимда еган беҳиларнинг тоти хотирамда бошқача қолган. Ҳовлимизда танаси эгри дарахтимиз бўларди. Ўша замоннинг косасидек келадиган сап-сариқ беҳилар пишганида, бечора шохлар боши ерга теккудек эгилиб қоларди. Мазаси ҳам жуда ажойиб эди. Еганда бир оз афтим бужмайса-да, нордон ва чучук аралаш таъмини қайта-қайта қўмсайверардим. Ерга тушган беҳиларни этагимга тўлдириб, дугоналарим ёнига ошиқардим. Қурт тушганларини отиб юборардим. Отам раҳматли отганларимни ердан олиб тозалар, сўнгра ялтиратиб, ҳавасимни келтириб ея бошлар эдилар. Мен қурт тушгани учун ейишга ярамаслигини баҳона қилсам, отам: “Қуртлар энг яхшисини билади-да...” дердилар. Беҳи дарахтининг йўғон танасига чиқиб ўйнардик. Мен учун у меҳрибон дарахт эди. Ер бўйлаб ўсгани учун йиқилсак ҳам ҳеч қаеримизга шикаст етмасди. Қўшни болалар ҳам бу беҳимизни яхши кўришарди.

Бувим раҳматли эса кичкина чопқичалари билан беҳини обдан юмшатар, сўнгра, тишлари сийраклашиб қолмаганми, секин-секин ейишга уринар эдилар. Бу ҳолат менга жуда қизиқ туюларди. Айнан ўшанақа қилиб ейишни истардим. “Темир тишларинг бор-ку, болам”, дейишларига қарамай, истаганимга етмагунча тинчимасдим.

Ўша беҳимиздан қилинган мурабболарнинг мазаси ҳамон оғзимда. Тиниқ сарғимтир-қизғимтир рангли мураббони онам жуда ширали тайёрлардилар. Бувимнинг кичкина пиёлачаларига қайта-қайта солдириб, синглим билан еганларимиз-чи... Қани энди ўша дамларга бир муддатгина қайта олсам. Ерга тушган беҳиларни этакларимга тўлдириб терсам, қурт тушганларини бўлса ҳам, сувларини оқизиб-оқизиб “темир тишларим”да тишласам. Бир зумгина отамнинг ёнига югуриб боролсам, яна бирга беҳи есак. Бақувват шохига солинган арғимчоқда узоқ ва кўм-кўк осмонларга қараб-қараб учсам...

Қўлимдаги беҳи ҳам каттагина, аммо энди ҳовучларим жажжи эмас. Қурт тушган жойлари ҳам бор. Энди тишларимга эҳтиёт бўлиб тишлайман. Бугун эркаланиб: “Емайман!” деб ерга отолмайман. Ибрат кўрсатадиган ўзимман. Ерга тушиб кетса ҳам, тозалаб-тозалаб еявераман.

Яхшиям эслайдиган хотиралар бор. Юрак тўлиб, оғирлашганида ўша ширин хотираларга қайтиб, енгиллайди одам. Соғинади, орзиқиб, беғубор дамларга хаёлан сайр қилади. Аммо ортга қайтишнинг иложи йўқ. Узоқлашганим сари, соғинчим ортаверади. У соғинчлар руҳиятимга бир тозариш бахш этганини ҳис қиламан.

Сизда ҳам балки шундайдир...

Зебунисо ҲУСАЙН