Субҳидам. Кечаси билан ёғиб чиққан ёмғир ҳамон тинмаган. Осмон қалин булут билан қопланган. Шимолдан эсаётган шамол этни жунжитади. Ҳовли сатҳи дарахтлардан тўкилган баргларга тўлган. Анор меваларининг баъзилари тарс ёрилган. Хурмо дарахтининг шохлари ҳосили кўплигидан ерга тегай дейди. Қушларнинг тўда-тўда бўлиб, жануб томонга учиши тинмайди. Кўнглим ғаш...

Ҳаёт экан-да, опажонимнинг вафот этганларига ҳам бугун уч ой бўлибди. Таниқли олима, ўнлаб шогирдларни устоз даражасига еткизган мураббий, фарзандларини эл-юрт хизматига камарбаста қилиб тарбиялаган имон-эътиқодли опажонимни эслаб, кўзимга ёш келди. Аллоҳ раҳматига олиб, яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ қилган бўлсин!

Нонуштага ўтирдик. Шу пайт кўча эшик очилиб, неварамнинг: "Додажон, биз келдик", деб югуриб келиб қучоғимга отилиши бир зумда кўнгил ғашлик­ларини тарқатиб юборди. Гўё булутлар орасидан чиққан қуёшнинг заррин нурлари дарахт баргларида ажабтовур жилва таратгандек.

"Данагидан мағизи ширин" деб шунга айтишарканда...

 

Илёс ЮНУСОВ