(Дугонам Нигорага)

Телефон жиринглайди. Қарайман, Сизнинг рақамингиз. "Олмай қўя қолай, кейин ўзим қиларман. Узоқ гаплашиб қолсак, ишларим қолиб кетади". Кейин ўйга толаман: "Олаверсам бўларди..." Бир муддатдан кейин яна телефон. Яна Сиз. Оламану, гапни ишим кўплигидан бошлайман. "Тушунаман, – дейсиз. – Кеча мазам йўқроқ дегандингиз, тушимга кирибсиз, аҳволингиз яхшими, деб сўрамоқчийдим. Майли, ишдан қўймай. Аллоҳ кунингизга, вақтингизга барака берсин". Зўр бериб ўзимни оқлашга ҳаракат қиламан: "Раҳмат, биласиз-ку иш кўп, ўзим ҳам телефон қилмоқчи бўп тургандим..." Сиз ўша-ўша мунислик билан, хижолатга ўрин қолдирмайдиган даражада гапирасиз: "Тушунаман..."

Сизга-ку ўзимни оқлаб оламан, ҳаммаси ўзим билан ўзим қолганимда бошланади: "Нега мен бундайман? Ростданам ишларим кўпми? Мен қандай дўстман?.."

Инсонмиз, дардкаш керак бўлади. Рақамингизга "мурожаат" қиламан. Сиз ҳеч қачон телефонни олмай қўймайсиз, биламан-да. Бир муддат олдин ишим кўплигидан шикоят қилиб, телефонга ҳам вақтим йўқлигидан нолиган одам, ҳасратимни айтиш учун дақиқаларни аямайман. "Келинг, ўтириб гаплашайлик, бир кўрмасам, кўнглим тинчимайди..." Қанот чиқариб учаман, ким ҳам изтиробидан тезроқ халос бўлишини истамайди дейсиз! Менга таскин бера олишингизни, кўнглимни тоғдек кўтаришингизни биламан...

Кўнглим ёришиб ёнингиздан қайтарканман, яна хижолат билан ўйлай бошлайман: "Мен қандай дўстман? Нега фақат ёмон кунимда эслайман Сизни?"

Шу асно интернет саҳифаларидан бирида берилган ҳикоя ёдимга тушади: "Жанг борарди. Аскар энг яқин ўртоғининг ёнида йўқлигини манзилга етганида билди. Бошлиқнинг олдига чопди ва ўртоғини олиб келиш учун рухсат сўради.

– Ақлинг жойидами? – ўшқирди бошлиқ. – Борганинг билан ўртоғингни омон олиб келолсанг экан... Ўз ҳаётингни ҳам таҳликага қўйма.

Лекин аскарнинг ўз қарорида қатъийлигини кўргач, бошлиқ рухсат берди. У ўқлар ёмғири остида ўртоғини қидириб кетди ва топди. Ортмоқлаб, олиб келганида жони узилган эди. Бошлиқ маҳзунлик билан деди:

– Айтмаганмидим, ҳаётингни хавф остига қўйишингга арзимайди деб...

– Арзиди, – деди аскар ҳаяжон ва кўзида ёш билан.

– Бу нима деганинг? Кўрмаяпсанми ўртоғинг ҳалок бўлди...

– Арзиди, ростдан ҳам арзиди. Чунки ёнига борганимда ҳали тирик эди. Унинг охирги сўзи мен учун ҳар қандай шарафдан аъло. Биласизми, у нима деди: "Келишингни билардим, барибир келардинг..."

Кейин шу ҳикояни сўзлаб берганимда, Сизнинг айтганлари­нгизни эслайман: "Сиз худди шундай дўстсиз, борингизга шукр..."

Шу ондаёқ рақамингизни тера бошлайман. Ҳозиргина ўйлаган ўйимни айтиб, сиздан изоҳ "талаб қиламан": "Ўша гапни рост айт­ганмидингиз?" Сиз куласиз, Ўзингизга ярашган кинояли оҳанг­да жавоб берасиз: "Ўзингизга ҳеч қачон тўғри баҳо бермайсиз, дейману сизга... Яна айтаман, борингизга шукр..."

Улов ойнасидан лип-лип ўтиб бораётган дарахтлар қиш кунида япроқ ёзаётгандек туюлади. Осмонга қарайман, баҳордагидек тоза, мусаффо. Лабларим пичирлайди: "Раббим ато этган беҳисоб неъматлар ичра дўстларимнинг борига шукр. Борингизга шукр..."

 

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи