Болалигимизда отам раҳматлидан кўп насиҳат эшитардик. Лекин у пайтлари “Ҳали ҳаёт ўзи сизларга сабоқ беради” деган сўзларини беғубор оламимга ҳеч сиғдиролмаган эдим. Албатта, тушунмаганимдан.

Мана, катта бўлдим, ўқидим, турмуш қурдим, фарзандлиман... Хуллас, энди елкамда кўп нарсаларнинг масъулияти бор. Лекин ҳаёт мактабида ҳали ўқувчиман, сабоқ оляпман, турмушнинг ўнқир-чўнқир сўқмоқларини ҳам кўряпман. Одамларни танияпман. Бу дунёда шунчаки кулиб ҳам, йиғлаб ҳам бўлмаслигини англадим. Эҳтиёт бўлиб сўзлашни ўргандим. Отамнинг ўша ўгитлари маъноларини энди-энди англаяпман. Сўнгги пайтларда “кичкина бўлиб яшаш” қоидасини ўзлаштиряпман.

Жуда катта ва кенг бўлиб кўринган дунё баъзан бунинг акси экан. “Катта”лик қилсанг, сени сиғдиролмай қоларкан. Бу ҳаётда тинч, осуда бўлишни истасанг, ҳаловат топай десанг, кичик бўлиб яшаш энг яхши йўл экан. Тақдир мувозанатини камтарлик билан қарор топтириш мумкинлигини, ҳаётда зарра бўлсам ҳам нишоним бўлишини англадим ва ишондим.

Оила қўрғони ҳам катта кўринса-да, шифти паст, йўлаклари тор... сал тепага бўй чўзсанг, тақ этиб бошинг тегади. Қулочингни бемалол ёяолмайсан. Қадамингни ҳам ўйлаб, авайлаб босаркансан. Аммо катта ишлар қаршисида яшайсан. Шундай экан, улуғвор ишларни кичик бўлиб ҳам уддаласа бўлади.

Ташқарида ҳам баланд-пастликлар кўп. Турли тоифа кишилари ҳаёт тақозоси билан бизга суҳбатдош, таниш-билиш, баъзан мақсаддош. Лекин бу ерда ҳам “катта” бўлиш жуда ёмон. Биргина эҳтиётсиз қадам, кибрли хатти-ҳаракат сабаб, ҳаётинг чирпирак бўлиши ҳеч гап эмас!

Отам бу қоидани яхши билган эканлар. Катта истеъдод эгаси, юксак ғоялари бор инсон эдилар, аммо бир умр “кичик” бўлиб яшадилар. Кичик дунёларидан катта хотира қолди. Бу ҳикмат зиёси умрларини чароғон, ҳаётларини фароғатли этгани аниқ. Аллоҳ раҳматига олсин.

 

Зебунисо ҲУСАЙН