Ёмғир савалаб ёғмоқда.

Жунжиккан кўйи ёмғир рақсини томоша қиларканман, хаёлим қочди. Кечаги маошимдан болаларимга жемпер билан қалин шим олиб берган эдим. Бу ойлигимдан бош кийим билан оёқ кийим олдим. Болалар кўчада совуқ еб, шамоллаб қолмайдиган бўлишди ҳартугул.

Мана, қиш изғирини ҳам эшик қоқиб қолди... Энди ҳар бирига биттадан ёмғирпўш олсак. Ёмғирдан, қордан, дўлдан ҳимоя қиладиган ёмғирпўш. Кейин яна нимадир...

Типирчилаганимиз-типирчилаган. Сўнгра қарасак, умримиз билинтирмай охирига етиб қолибди...

Тирикчилик – тирриқчилик. Болам бу дунёда қийналмасин, тўкин-сочин яшасин деб, иккиталаб, ҳатто учталаб ишхонада ишлашга рози бўламиз, минг бир кўчага кириб чиқамиз. Аммо... бу пайтда улар қайси кўчаларни кезиб юришганини биламизми? Жигарбандларимизни ўткинчи қийинчиликлардан асраймиз-у, абадий қийинчиликлар қаршисида ҳимоясиз қолдираётганимизни ўйлаб кўрмаймиз. Кўча-кўйда, интернет клубларда ёки ахлоқсиз тенгқурлари даврасида вақт ўтказаётган шўрлик болаларнинг аҳволи эртага нима бўлади? Эгниларидаги тўрт фаслга мос кийим-бош уларни хатарли иллатлардан асраёлмаслиги тайин. Одоб-ахлоқ, маънавий тарбия ўрнини бошқа нарса боса олмайди. Уларнинг ташларини кийинтирганимиздек, кошки ички оламларини ҳам гўзал хулқ, адаб ҳамда ҳаё либослари билан кийинтира олсак эди!..

Боламизни куз изғирини, қиш совуғига қолдиргимиз келмайди. Ўзи ширин, жони ширин. Руҳи-чи? Ички дунёси-чи? Асосий парваришни бу томонга қаратиш керак. Шунда дунёнинг вақтинчалик қийинчиликлари билан бир қаторда уларни абадий қийинчиликларидан ҳам асраб қолган бўлар эдик. Яъни, болаларига меҳрибон ва шафқатли ҳар бир ота-она уларга энг биринчи галда маънавий озуқа – чиройли одоб ва гўзал хулқ билан безанган “юрак ёмғирпўши” улашишни ҳам унутиб қўймасин.

 

Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ