Баҳорнинг серфайз онлари дилга илиқлик, фароғат бахш этади. Атрофни жийда гулининг ажабтовур, фақат унинг ўзигагина хос бўлган бўйи тутган. Яратганга шукр, яна муаттар исларга тўлган кўклам нафасидан баҳраманд бўладиган кунларга етдик.

Жийда гули... у бугун менга яна сизни эслатди, онажон. Ўшанда ҳам жийда гуллаган пайти эди. Касалхона деразасидан термилиб, чуқур ўйга ботган экансиз, салом бериб кирганимни ҳам сезмадингиз. Ҳамхоналарингиз саломимга алик олишди, сиз хаёл оғушида эдингиз. Елка­нгиздан аста қучганимдагина мен томон ўгирилдингиз.

– Ҳа, болам, келдингми? – дедингиз жилмайиб. Кейин шошилиб ёстиғингиз остидан кеча мен бериб юборган вилоят газетасини олиб, хонадагиларга кўрсатдингиз ва фахр билан:

– Мана, газетада шеъри чиққан шоир ўғлим, – дедингиз.

Сўнг узоқ дуо қилдингиз. Толиққан кўзларингизда меҳр нурини кўрдим. Юзимни юзингизга босиб, қайноқ қалбингиз тафтини ҳис этдим. Шу пайт баҳорнинг ёқимли шабадаси деразадан жийда гулининг муаттар исларини олиб кирди...

Ҳар йили жийда гуллаганида ўша ҳолатни эслайман. Қадр­дон бўйларингизни туйгандай бўламан...

 

Равшан ИСОҚОВ,

Бектемир тумани